Узбек O'zbek
Салоҳ ва Кейта «Ливерпуль» рекордчиларига айланишди
Шанба, 27 Апрел
5799

Англия Премьер-лигаси 36-турининг очилиш учрашувида «Ливерпуль» сўнгги ўриндаги «Ҳаддерсфилд» клубини қабул қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Мезбонлар ўйиннинг 15-сониясидаёқ ҳисобни очишди: Наби Кейта дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, бундан унумли фойдаланди. Opta`нинг қайд этишича, ушбу гол АПЛга асос солинган 1992/93 мавсумидан буён «Ливерпуль»нинг ушбу турнир доирасида урган энг тезкор голи сифатида тарихга киради.

Шунингдек, «Энфилд»даги кечаги баҳсда «қизиллар» ҳужумчилари Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане дубль муаллифи бўлишди. Натижада ушбу икки футболчи АПЛ тўпурарлари рўйхатида биринчи ва иккинчи ўринни банд этишди. Мисрлик футболчи бу мавсум АПЛда 21та гол урган бўлса, унинг сенегаллик жамоадоши 20 марта тўп киритди. Улар 19тадан гол урган Серхио Агуэро («Манчестер Сити») ва Пьер-Эмерик Обамеянг («Арсенал»)дан ўзиб кетдилар.

Таъкидлаш жоиз, «Ҳаддерсфилд»га қарши ўйин Салоҳ учун «Ливерпуль» таркибидаги 100-учрашув эди. У юзта ўйинда жами 69та гол урган ва бу – рекорд кўрсаткичдир: ҳозирга қадар мерсисайдликларнинг ҳеч бир футболчиси дастлабки 100та ўйинида бу қадар кўп гол урмаган эди.

26 ёшли Салоҳ бу борада клуб рекордчилари Рожер Хант ва Сэм Рейбоулддан битта голга ўзиб кетди – улар «қизиллар»учун ўтказган илк юзта баҳсда 68тадан гол уришганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз