Узбек O'zbek
Сульшерда Моуриньонинг конспекти. «Сити» деярли чемпион
Пайшанба, 25 Апрел
3752

«МЮ» ҳамшаҳарларига муҳим ғалабага эришишга имкон берди. «Сити» яна «Ливерпуль»дан олдинда.

Англия чемпионати
Премьер-лига 
31-тур 

«Манчестер Юнайтед» - «Манчестер Сити» - 0:2 (0:0)
Голлар: Бернарду Силва, 54 (0:1). Сане, 66 (0:2). 
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Янг, Линделеф, Смоллинг, Дармиан (Марсиял, 83), Шоу, Лингард (Санчес, 83), Фред, Погба, Рэшфорд, Перейра (Лукаку, 72).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Ляпорт, Компани, Зинченко, Бернарду Силва, Фернандинью (Сане, 51), Гундўған (Данилу, 89), Сильва, Стерлинг, Агуэро (Габриэл Жезус, 89).
Огоҳлантиришлар: Компани, 10. Перейра, 24. Зинченко, 26. Шоу, 89. 
Ҳакам: Марринер (Англия).
24 апрель. Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони.

Манчестерликлар дербиси бу сафар фақатгина икки клуб манфаатида эмасди - «Олд Траффорд»даги ўйин натижасига яна 4 клуб кўз тикиб турганди: «қизил иблислар» билан тўртинчи ўрин учун курашаётган «Тоттенҳэм», «Арсенал», «Челси», шунингдек, «Сити» билан биринчи ўрин учун рақобатлашаётган «Ливерпуль». Мерсисайдликлар энди нафақат ўз ўйинларида максимал очко жамғариши, балки «Сити»нинг очко йўқотишига умид қилиши керак.

Қизиллар жамоаси бош мураббийи Юрген Клопп ўйиндан аввал «Юнайтед» футболчиларининг жиғига тегиб, мотиватор ролида чиқиш қилди: «Биз дерби натижасига таъсир кўрсата олмаймиз, афтидан, «МЮ» ҳам. Улар «Эвертон»га қандай ҳисобда ютқазишди? 0:3? 0:4?».

Ўйин арафасида Paddy Power букмекерлик идораси қизиқ маълумотни тақдим этди - АПЛдаги барча жамоалар фанатларидан чемпионлик пойгасида қайси жамоани қўллаб-қувватлашини сўрашди - «Ливерпуль»ними ёки «Манчестер Сити»ни. Натижаларга кўра, «МЮ» мухлисларининг 20 фоизи «Ливерпуль» чемпионшипга равона бўлишини исташини билдирганди.

«Гудисон Парк»даги шармандали мағлубият Сульшерга ишончсизликни кучайтириб юборди. Чемпионлар лигасида «ПСЖ» устидан ғалаба қозонгач ўзига бўлган ишончни тиклаган норвегиялик мутахассис кейин «Барселона»дан учралган мағлубиятлар фонида яна ночор аҳволга тушди. Жамоа ЕЧЛ ва Англия Кубогини тарк этгач, мухлисларни овунтирадиган ягона таскин Европа Чемпионлар йўлланмаси эди. Аммо энди «МЮ» яна олтинчи ўринга - Жозе Моуриньо давридаги ўрнига тушиб қолди.

Сульшер ўйин арафасидаги матбуот анжуманида жуда ғалати тарзда футболчилари «Сити»нинг агрессив ўйинига тайёр бўлиши, рақиб уларнинг оёқларига тепиб жароҳат етказишидан эҳтиёт бўлиши кераклиги ҳақида гапирди. Лекин Гвардиола жамоалари ҳеч қачон қўпол ўйин намойиш этишмаган, бу жамоа тактик фолларни хуш кўриши ҳақида фақат Моуриньо гапирарди. Албатта, унинг бундай баҳоналари Пеп уни «Олд Траффорд»даги икки ўйинида ҳам ғалаба қозонгани ортидан бўлганди, аммо Сульшерда бундай комплекс бўлиши нотабиий - ахир у «МЮ» бошқарувида илк марта Манчестер дербисида жамоани бошлаб тушаётганди.

Балки Оле Моуриньонинг клуб базасида қолиб кетган конспектини топиб олгандир. Чоршанба оқшомида 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаган «қизил иблислар» фақат тўпни жарима майдонидан узоқлаштириш билан банд бўлишди. Биринчи бўлим давомида Лингард ва Рэшфордда ҳисобни очиш учун имкониятлар бўлди, аммо улар имкониятлардан фойдалана олишмади, Компани эса дербиларда навбатдаги сариқ карточкасини олиб (10), рекордчига айланди. Де Хеа биринчи бўлим давомида бир неча марта қутқарувчи ролида бўлди, айниқса бўлим охирида Стерлинг ҳимоячиларни болаларча алдаб йўллаган зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. 

Гвардиола хавотирланганидек жамоа ўйинида «Сити»га жароҳат олган Кевин де Брюйненинг йўқлиги сезилмоқда, иккинчи бўлим бошида эса унинг вазифаларини бажараётган Фернандиньо ҳам сафдан чиқди. Унинг йўқотилиши аслида Манчестердаги ўйинда жамоа фойдасига хизмат қилди деса ҳам бўлади. Унинг ўрнига туширилган Лерой Сане жамоа ҳужумкорлигини оширди, у тушишидан 3 дақиқа ўтиб Бернарду Силва Шоунинг хатосидан кейин де Хеанинг яқин бурчагини аниқ нишонга олиб, ҳисобни очди.

Гол ўтказиб юборган «МЮ» футболчилари тушкунликка тушишди. Лингард Ливерпулнинг қизил томони «қарғиши»га қолди - у қулай вазиятда тўпни бўш дарвозага жойлай олмади,  Погба жарима зарбаси ишлади ва у тепган тўп «жонли девор»дан ўтмади, қарши ҳужумда Сане яна бир бор де Хеанинг яқин бурчагини ишғол этиб, ўз жамоасига чемпионлик сари қизил гилам тўшади.

Биринчи бўлимда рақиб босимига қарши ҳужумлар билан жавоб қайтариб турган мезбонлар сочилиб кетишига иккинчи бўлим бошидаги 12 дақиқа кифоя қилди. 

Статистикага кўра, «МЮ» зарба беришда устунлик қилган - 12:8, аммо бу зарбаларнинг аксари хато кетган: фақат битта аниқ зарба - «Сити»да эса 5та. Қолган барча кўрсаткичларда Гвардиола шогирдлари устун келишган: одатдагидек тўпга эгалик қилишдаги устунлик (65 фоизга 35 фоиз), аниқ паслар борасидаги устунлик (87 фоизга 79 фоиз), яккакурашлардаги устунлик (60 фоизга 40 фоиз ва рақибни алдаб ўтишдаги устунлик (17:12).

Саненинг голида Давид де Хеа яққол хатога йўл қўйди. Испаниялик дарвозабон қаторасига учинчи ўйинда қўпол хатога йўл қўмоқда. «Эвертон»га қарши ўйинда у Сигурдсоннинг узоқ масофадан берган зарбасига реакция кўрсата олмаганди, ундан аввалроқ «Барселона»га қарши ўйинда Мессининг ўзи турган нуқтага йўллаган зарбасини қўллари орасидан ўтказиб юборганди. 2019 йилда де Хеа АПЛда жарима майдони ташқарисидан йўлланган 5та зарбани ўтказиб юборди - бу лигадаги энг паст кўрсаткич.

Давиднинг формаси жойида эмаслиги унинг жамоадаги келажагига боғлиқ бўлиши ҳам мумкин - у «МЮ» билан янги шартнома бўйича келиша олмаяпти.  маълумотига кўра, испаниялик дарвозабон «Юнайтед»да энг юқори миқдорда маош олувчи футболчига айланишни истамоқда - ҳозирда клубда бу мақом Алексис Санчесга тегишли (ҳафтасига 460 минг евро атрофида). Томонларнинг музокаралари боши берк кўчага кириб қолган - клуб раҳбарияти дарвозабонга ҳафтасига 350 минг евродан ортиқ тўлай олмаслигини билдирмоқда. Бу футболчи ёзги трансферлар вақтида клубни тарк этиши мумкин: унга даъвогарлар - «ПСЖ», «Реал» ва «Ювентус».

Умуман олганда, бутун «МЮ» кейинги вақтларда ачинарли ҳолатда: ЕЧЛда «ПСЖ» устидан қаҳрамонона ғалабага эришган жамоа кейинги 9 ўйиндан 7тасида мағлуб бўлди - охирги уч ўйиндаги тўплар нисбати эса - 0:9.

Эътиборлиси, шу вақтга қадар «МЮ» АПЛ доирасида «Олд Траффорд»даги ўйинларда бирор марта 0:2 ҳисобида якунланмаганди. Ўтган 516 ўйинда ҳар қандай ҳисоб қайд этилган, лекин 0:2 кўринишидаги илк марта. Сульшернинг сеҳри бутунлай тугаган.

«МЮ» ЕЧЛ йўлланмасидан ҳали умид узмади: 3 тур қолган вақтда жамоа айни вақтда 4-ўринда жойлашган «Челси»дан 3 очко ортда қолмоқда. Кейинги турни жамоа 28 апрель куни «Олд Траффорд»да айнан Сарри шогирдларига қарши ўтказади.

«Сити»нинг «Тоттенҳэм» ва «МЮ»га қарши ўйинларидан кейин эса «Ливерпуль» жуда қийин аҳволда қолди. 

«Ҳаммаси бизнинг қўлимизда», деди Пеп ўйиндан кейин. У ҳақ. «Сити» оғир синовлардан ўтди ва жамоа энди чемпионлик пойгасида фаворит. «Шаҳарликлар»нинг кейинги рақиблари «Бёрнли» (сафар), «Лестер» (уй) ва «Брайтон» (сафар). «Ливерпуль» «Ҳаддерсфилд» (уй), «Ньюкасл» (сафар) ва «Вулверҳэмптон» (уй) билан ўйнайди.

Қайд этиш керакки, чемпионлик масаласини АПЛ «Робин Гуди» ҳал қилади. Бу жамоа жорий мавсумда АПЛ ўйинлари доирасида кучли олтиликдаги рақибларга қарши 11 ўйинда фақат 3 бор ютқазган («Сити», «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль»га), тўрт ғалаба («Тоттенҳэм», «Арсенал», «МЮ» ва «Челси») ва тўрт дурангга («Арсенал», «Манчестер Сити», «МЮ» ва «Челси») эришган. Қолаверса, Нуну Эшпириту Санту шогирдлари Англия Кубогида «Ливерпуль» ва «МЮ»ни мағлуб этиб, бу жамоалар турнирни эрта тарк этишига сабабчи бўлган.

Гвардиола ўз ўйинчиларидан асабийлашмасликни сўрамоқда. «Энди биз «Бёрнли»га сафар қиламиз, бу ўйин ҳам оғир кечиши аниқ. Муҳими хотиржамлик билан ҳаракат қилиш. Бих ҳали чемпион эмасмиз».

«Манчестер Сити» (89) ҳам, «Ливерпуль» (88) ҳам максимал натижага эришса биргаликда қарийб 200 очко тўплашади, аммо «Сити» чемпион бўлади.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз