Узбек O'zbek
Осиё чемпионати. 10та вазн тоифасидан 5тасида Ўзбекистон вакиллари финалга чиқди
Пайшанба, 25 Апрел
3969

Таиланд пойтахтида бокс бўйича Осиё чемпионатида эркаклар ўртасидаги ярим финал баҳслари якунланди. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг ушбу босқичга етиб келган 6 вакилидан 5 нафари финалга чиқди.

Кечки дастур жангларини ўзбекистонлик боксчилардан Шукуржон Раҳимов бошлаб берди. Раҳимов, қолган беш жамоадошидан фарқли равишда, рейтинги ўзидан анчагина баланд бўлган жиддий рақиб – мўғулистонлик Тсендбаатар Ерденебатгага қарши рингга чиқди. Ерденебатга сўнгги Осиё ўйинларида Шунқор Абдурасуловни мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритган ва вазн тоифасидан қатъи назар ҳаваскор рингда дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири саналади. У Шукуржонни очколар ҳисобида енгиб финалга чиқди, Раҳимов эса бронза медали билан қайтадиган бўлди.

Бу – Ўзбекистон терма жамоасининг иккинчи бронза медали бўлди. Бунга қадар кундузги дастурда -69 кг вазн тоифаси вакили Шаҳноза Юнусова хитойлик Хонг Гу билан жангда мағлубиятга учраб, терма жамоага дастлабки медални тақдим этганди.

Шундан сўнг Бобо–Усмон Батуров (-69 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) финал йўлланмаси учун жангларда мос равишда индистонлик Ашиш ҳамда суриялик Муҳаммад Мулайесдан устун келиб, финал йўлланмасига эга чиқишди.

Шу тариқа, эртага, 26 апрель куни эркаклар ўртасидаги финал баҳсларида 10та вазн тоифасидан 5тасида ўзбекистонлик боксчилар рингга кўтариладиган бўлди. Бугун кундузги беллашувларда Нодиржон Мирзаҳмедов (-49 кг), Миразизбек Мирзахалилов (-56 кг) ва Санжар Турсунов (-91 кг) ҳам финал йўлланмасини қўлга киритишганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг қолган вазн тоифаларидаги вакиллари – Ҳасанбой Дўсматов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-64 кг), Исроил Мадримов (-75 кг) ва Дилшод Рўзматов (-81 кг) ўз иштирокларини чорак финалда якунлашган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз