Узбек O'zbek
Қосимовни енгган Абрамов, Фарғонада тўхтаган «Сурхон», ғалаба билан бошлаган Бақоев – Суперлигада 5-тур якунлари
Сешанба, 23 Апрел
3475

Суперлигада 5-тур ўйинлари якунланди. Ўтган турда Термизда очко йўқотган «Пахтакор» бу турда хато қилмади ва жиддий қаршилик кўрсатган «Динамо»ни мағлуб этди. «Локомотив» кетма-кет тўртинчи, «Бунёдкор» эса кетма-кет учинчи ғалабасини қўлга киритди. Миржалол Қосимов ҳамда Вадим Абрамов ўртасидаги баҳс мухлисларнинг диққат марказида бўлди. Қуйида турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Андижон» ниҳоят ўз майдонида ўйнади. «Насаф»ни мағлуб этган футболчилар 10 миллион сўмдан мукофот олишди. Битта футболчига «Жентра» совға қилинди

5-турни «Андижон» – «Насаф» ўйини очиб берди. Андижонликлар ниҳоят ўз майдонларида ўйин ўтказишди. Кичик танаффусдан сўнг юқори дивизионга қайтган «Андижон» ўз майдонидаги илк ўйинини «Насаф»га қарши ўтказди. Бу ўйинга бўлган эътибор катта бўлди. Андижон вилоят ҳокими футболга қизиқиши сир эмас. У ўйиндан кейин ҳам ғалабани футболчилар билан нишонлаб, «Андижон полкаси»га ҳам рақсга тушишга улгурди.

Бу баҳсда «Насаф»нинг имкониятлари юқори баҳоланаётганди, лекин кутилмаганда Рўзиқул Бердиев шогирдлари имкониятни бой буриб қўйишди. Ўйиндан сўнг андижонлик футболчилар 10 миллион сўмдан мукофот пули олишди. Ярим ҳимоячи Фарҳод Бекмуродовга «Жентра» машинаси ҳам совға қилинди.

«Динамо» 75 дақиқа чидади

Ўтган турда «Пахтакор» Термизда «Сурхон» билан ўйинда жиддий қаршиликка дуч келиб, илк марта очко йўқотганди. 5-турда «Пахтакор» ўз майдонида «Динамо»ни қабул қилди. Бу баҳсдан сўнг «Пахтакор» Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Ас Садд»га қарши ўйинга жўнаб кетиши сабаб Арвеладзе шогирдлари учун «Динамо»ни енгиш муҳим эди.

Самарқандликлар Тошкентдаги ўйинда 75 дақиқа «Пахтакор»нинг ҳужумларига дош беришди. Аввалига Жавоҳир Сиддиқов кутилмаганда бош билан дарвозани ишғол қилди, кейинроқ Жалолиддин Машарипов супер гол уриб, «Пахтакор»га 2:0 ҳисобида ғалаба келтирди. Бу ўйинда икки томондаги мухлислар ҳам хурсанд бўлганини айтиш керак. «Пахтакор» мухлислари ғалаба учун, самарқанлдик мухдислар Про-лигадан чиқиб келган жамоалари рақобатбардош бўлгани учун хурсанд бўлишди.

Абрамов Қосимовни мағлуб этди

Турнинг энг интригали ўйини Олмалиқда ўтказилди. ОКМК ўз майдонида «Бунёдкор»ни қабул қилди. Мезбон жамоани Миржалол Қосимов бошқаради. «Бунёдкор»ни эса Вадим Абрамов. Бу икки мураббий ўртасидаги рақобат доим мухлисларни қизиқтириб келган. Охирги марта бу мураббийлар тўқнаш келишганида «Бунёдкор»ни Миржалол Қосимов бошқарарди. Тақдир тақозоси билан эндиликда «қалдирғчолар»ни Вадим Абрамов бошқармоқда.

Бироқ Қосимов давридаги «Бунёдкор» билан ҳозирги «Бунёдкор»нинг фарқи катта. Бугун жамоани кўплаб етакчилар тарк этишган ва ҳозирги «Бунёдкор» клубнинг ўз тарбияланувчиларидан иборат. Шу сабаб Олмалиқдаги баҳсда Қосимов шогирдларининг имкониятлари юқорироқ эди. Ёш «қалдирғочлар» кетма-кет учинчи ўйинда ғалаба қозонишгани аҳамиятли. Бу ўйинда олмалиқликлар устунликка ҳам эга бўлишди, лекин...

Лутфулло Тўраев Тони Кросс услубида гол урди

Олмалиқдаги ўйинда ягона бўлган голга Лутфулло Тўраев муаллифлик қилди. Биринчи бўлим якунида Тўраев жарима зарбасини Тони Кроос услубида амалга ошириб, гол урди. Кроос ЖЧ-2018 гуруҳ босқичида Швеция дарвозасига шундай гол урганди. Лутфулла ўтган мавсум Олмалиқда ўйнагани сабаб собиқ жамоаси дарвозасига урган голини нишонламади ва шу тариқа олмалиқликларга ҳурмат бажо келтирди.

Бир қадам орқага, тўрт қадам олдинга – «Локомотив» кетма-кет 4-ўйинда ғалаба қозонди

Амалдаги чемпион ва бу номни уч йилдан буён ҳеч кимга бермаётган «Локомотив» 5-турда «Бухоро» меҳмони бўлди. 1-турда «Пахтакор»га мағлуб бўлган «темирйўлчилар» кейинчалик фақат ғалаба қозонишмоқда. Олдинги турларда «Навбаҳор», «Андижон» ва ОКМКни мағлуб этган Фёдоров шогирдлари Бухорода қийинчиликсиз ғалаба қозонишди.

Бу ўйинда «Бухоро»даги ўйинлари сабаб «Локомотив»дан таклиф олган Арслонмурод Омонов янги жамоаси сафидаги энг яхши ўйинини ўтказди. Туркманистон миллий жамоаси сардори жарима зарбасидан урган чиройли голи билан ҳисобни очди ва «Локомотив»нинг ғалабасига ўз ҳиссасини қўшди. Ўйиндан сўнг бухоролик мухлислар Арслонмуродни илиқ кузатиб қўйишди. Бу ғалабадан сўнг «Локомотив» очколари сонини 12 тага етказиб, жадвалда иккинчи ўринга кўтарилди. Фёдоров шогирдлари етакчи «Пахтакор»дан 1 очко ортда қолишмоқда.

«Бу ҳакам ўйинларни бузавериб, ўрганиб кетган...»

Охирги икки турда 10 та гол ўтказиб юборган «Қўқон-1912» бу турда Навоийда меҳмон бўлди. Ўз майдонида яхши ўйин кўрсатаётган «Қизилқум» бир қарашда тушкун кайфиятда бўлган қўқонликларни осонлик билан мағлуб этишини тахмин қилганлар кўпчилик эди. Аммо бундай бўлмади.

Қўқонликлар сардори ва ўзбек футболида стандартларни амалга ошириш бўйича энг кучли футболчилардан бири Мурод Холмуҳаммедов ўйин тақдирини ҳал қилди. Ҳимоячи 90+1-дақиқада жарима зарбасини супер гол билан якунлади. Бизда жарима зарбасини яқин бурчакка айлантириб урадиган футболчилар кўп эмас. Шу сабаб Муроднинг голи алоҳида қадрлашга муносиб. Бу гол «Қўқон-1912»га мавсумдаги илк ғалабани келтирди. Навоийдаги ғалаба Нўъмон Ҳасановни ҳам истеъфодан қутқариб қолди десак бўлади. Бироқ бу ўйинни кўпчилик «Қизилқум» мураббийи Ҳамиджон Актамовнинг гапи билан эслаб қолди.

Ўйиннинг 87-дақиқасида «Қизилқум» футболчиси Мирлалол Қосимов жарима майдончаси ичида йиқилиб тушди, бироқ ҳакам пенальти бўлмаганини кўрсатди. 90+2-дақиқада мезбонларнинг яна бир вакили Элгужа Григалашвили жарима майдончаси ичида йиқилди. Бу ерда ҳам Темур Тўхтасинов пенальти белгиламади. Бу вазиятларда пенальти борми ёки йўқлигини аниқлаш бизнинг ишишмиз эмас, лекин ҳакамнинг қарорлари маҳаллий мухлисларнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани факт.

«Қизилқум» мураббийи Ҳамиджон Актамов ўйиндан сўнг ҳакамнинг ҳаракатларини кескин қоралади: «Бу ҳакам ўйинларни бузавериб ўрганиб кетган. У ҳар вазиятда ҳуштак чалаверди-чалаверди ва бу футболчиларга салбий таъсир қилди».

«Сурхон» Фарғонада тўхтади

5-тур олдидан турнир жадвалида иккинчи ўринда боаётган «Сурхон» Фарғонада «Навбаҳор» меҳмони бўлди. Ҳа, «Навбаҳор» ҳамон ўз ўйинларини Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтказмоқда. Канчельскиснинг таъбири билан айтганда, оддий шуғулланадиган стадиони бўлмаган «Навбаҳор» ўтган турда Қаршида «Насаф»ни мағлуб этиб кичик сенсацияга сабаб бўлганди. Бу турда эса собиқ «МЮ» футболчисининг жамоаси мағлубият нималигини билмай келаётган «Сурхон»ни оз эмас, кўп эмас, нақ 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Наманганликлар барча голларни охирги 15 дақиқада уришгани уларнинг жисмоний ҳолат яхши эканини кўрсатади. Икки ўйиндаги кетма-кет ғалабадан сўнг «Навбаҳор» ўтган мавсумда учинчи ўринни қўлга киритган жамоа эканини яна эсга туширди. Афтидан, Азиз Турғунбоевнинг йўқлиги энди сезилмай бошлагандек...

Бақоев ғалаба билан бошлади

Суперлигада мавсумнинг илк ғалабасини қўлга киритган «Сўғдиёна» кечинчалик кетма-кет учта ўйинда мағлуб бўлди. «Бунёдкор»ни енгган Лушчан шогирдлари кейинчалик «Насаф», «Динамо» ва «Сурхон» каби жамоаларга мағлуб бўлиб, охирги поғоналарга тушиб кетишди. Оқибатда ўтган мавсумдан буён Сергей Лушчанга имконият бериб тоқати тоқ бўлган «Сўғдиёна» клуби раҳбарияти мураббинйи истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига Улуғбек Бақоев келди.

Бақоев пул бор жойда яхши ишлашни билади. Бу гапни бежизга айтмадик, чунки «Бухоро» ўзига тинч бўлган вақтларда Бақоев билан етакчилар сафида борарди. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида, яъни «Бухоро» иқтисодий танг ҳолатда қолганида натижалар ёмонлашиб кетгани сўзимизни исботлайди.

«Сўғдиёна»нинг ҳомийлари қаторига назар солсангиз, жамоанинг иқтисодий ҳолат яхши эканини биласиз. Шу сабаб Бақоев «иқтисодий барқарорлик ҳолатида» яхши жамоа тузишини кутса бўлади. «Сўғдиёна» Бақоев мураббийлигидаги илк ўйинда «Металлург»ни мағлуб этди. Жамоа футболчилари жўшқинлик билан ҳаракат қилишгани уларни Бақоев бошқарганини кўрсатиб турарди. Бақаоев футболчиларни қандай қилиб «ёндиришни» биладиган мураббий.

«Сўғдиёна»нинг икки голи ҳам узоқ масофадан киритилди. Аввалига Шоҳруз Норхонов жарима майдончасида фаоллик кўрсатиб, ҳисобни очди, иккинчи бўлимда эса марказий ҳимоячи Элёр Орифов жарима зарбасини голга айлантирди. Шу тариқа Бақаоев Жиззахдаги фаолиятини ғалаба билан бошлади.

Жаримасига – гол...

Футболда ҳар хил голлар бўлади. Улар орасида жарима зарбасидан уриладиган голлар алоҳида қадрланади, чунки ҳар ким ҳам жарима зарбасидан гол ура олмайди. Бунинг устига жарима зарбасини тепаётган футболчи тўпни қаерга йўналтираётганини аниқ билади, яъни жарима зарбасидан тахминий голлар урилмайди.

Суперлига 5-турида жаримадан чиройли голлар урилди. ОКМК – «Бунёдкор» ўйинида «қалдирғочлар» етакчиси Лутфулло Тўраев, «Қизилқум» - «Қўқон-1912» ўйинида қўқонликлар сардори Мурод Холуҳаммедов, «Сўғдиёна» - «Металлург» ўйинида эса жиззахликлар етакчиси Элёр Орифов жарима зарбасидан гол уришди.

Бу голларнинг барчаси ўзгача чиройли бўлди. Лутфулло Тўраев ўткир бурчакдан туриб дарвозани аниқ нишонга олди. Элёр Орифов марказдан туриб яқин бурчакни чўтлади. Мурод Холмуҳаммедовнинг голи эса супер чиқди. Унинг зарбаси «жонли девор»ни айланиб ўтиб голга айланди. Бу гол чемпионат кўрки бўлди.

Ҳафта қаҳрамони – Лутфулло Тўраев

ОКМК – «Бунёдкор» ўйини ҳақида кўп гапирдик ва бу бежизга эмас. Ахир футболимиздаги икки энг кучли мураббий тўқнаш келган ўйин ҳақида кўпроқ гапирмасак ҳам бўлмайди-да. Айнан мана шу ўйинда ягона голни урган Лутфулло Тўраевни ҳафта қаҳрамони деб топдик. 10 синф болалари гол уриб юрган «Бунёдкор»да учта тажрибали футболчи бор: Мурод Зуҳуров, Лутфулло Тўраев, Анвар Ғофуров. Бу уч футболчи ёшларни эргаштиришни яхши уддалашмоқда.

Лутфулло Тўраев олдинги ўйинларда тестдан ўта олмагани сабаб қатнашмаётганди. Олмалиқдаги ўйинда эса Тўраев супер голи билан жамоасига ғалаба келтирди. Унинг голи Тони Кросснинг Швецияга урган машҳур голини эслатиб юборганини айтдик. Тўраевни нафақат чиройли голи сабаб, балки ёш жамоадошларини ортидан эргаштириб, ҳақиқий етакчига айлангани боис ҳам ҳафтанинг энг яхши футболчиси деб топдик.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз

06.08
Август