Узбек O'zbek
«Ал-Иттиҳод» бош мураббийи: «Биз ҳужумкор ўйин кўрсатадиган жамоамиз»
Якшанба, 21 Апрел
2089

Эртага, 22 апрель куни «Локомотив» Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 4-тури доирасида Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубини қабул қилади. Бугун «Локомотив» стадиони анжуманлар залида ўйинолди матбуот анжумани бўлиб ўтди, унда дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Жозе Луис Сьерра ва яримҳимоячи Холид Ал-Сумаири журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Tribuna.uz мухбири хабар беради.

– Ортда қолган 3та ўйинда жамоа 9та гол уриб, 7та гол ўтказиб юборди. Бундай сермаҳсулликнинг сабаби нимада, ҳимоя ҳам шунга яраша бўшми?
– Асосий сабаб жамоадаги тизимда. Бизнинг услубимиз рақиб жарима майдонида жуда кўп вазиятлар яратишга қаратилган, лекин баъзида ҳимояда хатолар бўлиб туради. Албатта, эртага бундай хатога йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз.

– Таркиб борасида муаммолар борми?
– Барча жамоалар каби, бизнинг ҳам жароҳат олган футболчиларимиз йўқ эмас. Аммо ўйинни асосий таркибда бошлайдиган футболчиларимизга ишонамиз. Рақибга ҳурмат сақлаган ҳолда айтмоқчиманки, биз жуда яхши ўйин намойиш этишга тайёрмиз.

– Эртага қаттиқ ёмғир ёғса, бу «Ал-Иттиҳод»нинг ўйинига қанчалик таъсир кўрсатади?
– Ёмғир ёқадими-йўқми, ҳакам яхши ишлайдими ёки ёмонми, майдон ҳолати қониқарлими ёки ёмонми – биз буларга эмас, ўз ўйинимизга диққат қаратганмиз.

– Таркибда легионерлар кўп, лекин клуб уларнинг ҳаммасини ҳам ОЧЛда рўйхатдан ўтказа олмаган. Бу натижаларга қанчалик таъсир кўрсатмоқда?
– ОЧЛга тўрт нафар легионерни рўйхатдан ўтказиш мумкин ва сен ана шуларгагина таяна оласан. Ҳамма хорижлик футболчиларни ҳам ўйната олмаслигимиз баҳона бўла олмайди, ғалаба қозониш вазифаси ўзгариб қолмайди.

– «Ал-Иттиҳод» ОЧЛдаги охирги иккита ўйинни мухлисларсиз ўтказди... Бу ҳолат мухлислар билан тўла стадионда ўйнаш билан қанчалик фарқ қилади?
– Бу бизга кўп ҳам таъсир кўрсатмаса керак, чунки эртага барибир меҳмонда ўйнаймиз – стадиондаги мухлислар бизни эмас, ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашади.

22 ёшли хавбек Ал-Сумаири эса қуйидагича фикр билдирди. «Эртанги ўйин қийин ўтади. Уч очко олишга ҳаракат қиламиз. «Локомотив» жуда яхши таркибга эга. Лекин биз гуруҳдаги биринчи ўрнимизни сақлаб қолмоқчимиз.

Рақиб ўз мухлислари қаршисида ўйнаши бизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Биз ҳам ўз уйимизда стадион тўла ҳолда ўйин ўтказганмиз. Эътиборимизни яхши ўйин кўрсатишга қаратганмиз».

Эслатиб ўтамиз, 3-турдан кейин «B» гуруҳида «Ал-Иттиҳод» ва «Ал-Ваҳда» клублари 6 очко билан етакчилик қилмоқда. «Локомотив» ва «Ар-Райян» ҳисобида 3 очкодан бор. «Темирйўлчилар» ўтган турда Жиддада «Ал-Иттиҳод»га 2:3 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз