Узбек O'zbek
«Ўзларига бир назар солсинлар». Сульшер «МЮ»нинг баъзи футболчиларидан норозилигини билдирди
Жума, 19 Апрел
13537

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер жамоанинг баъзи аъзоларига эътирози борлигини қайд этиб ўтди.

«Бу ерда ишлай бошлаганимдан буён футболчилар ҳақида кўп нарсаларни билиб олдим. Уларнинг аксарияти ўз ишига бўлган муносабати билан менда ҳақиқатан ҳам яхши таассурот қолдиришди. Лекин айримлари ҳақиқий даражалари қандайлигини кўриш учун ўзларига яхшироқ назар солишлари керак.

Футболчиларнинг кўпчилиги агар астойдил тер тўкса, яна ҳам яхшироқ ўйнай олиши мумкинлигини биладилар.

Марсиял ўз ўйини устида ўйлаб кўриши керакми? Мен у билан гаплашдим. Энтони – улкан истеъдод соҳиби, янги шартнома имзолади. У биз унга ишонишимизни билади.

Албатта, ёзда трансферлар бўлади. Биламан, танқидлар кўп бўлди. Лекин бу танқидчиларнинг ҳаммаси ҳам нима бўлаётганидан хабардорми-йўқми, буни билмайман. Клубда скаутлар бор, улар яхши футболчиларни излаб сайёра бўйлаб кезиб юришади. Биз футболчилар билан уларнинг характери, сифатлари, нархи ва клубда узоқ вақт ўйнай олиши ёки олмаслигига қараб, шартнома тузамиз. Ишончим комилки, керакли ўйинчиларни жалб этиш учун имкон доирасидаги барча ишни қиламиз», – деган Сульшернинг сўзларини келтирмоқда Sky Sports.

Маълумот учун, ҳозирда «қизил иблислар» АПЛ жадвалида 64 очко билан 6-ўринда бормоқда. 4-5-ўринлардаги «Арсенал» ва «Челси» 66 очкодан жамғарган. «Юнайтед» мавсумни «Эвертон» (якшанбада), «Манчестер Сити», «Челси», «Ҳаддерсфилд» ва «Кардифф»га қарши ўйинлар билан якунлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ манкунианликлар клуби раҳбарияти норвегиялик мутахассисга ёз учун камида учта трансферни кафолатлагани хабар қилинган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз