Узбек O'zbek
«Айнтрахт» Йовичнинг трансфер ҳуқуқини сотиб олди
Чоршанба, 17 Апрел
3564

«Айнтрахт» «Бенфика»дан ҳужумчи Лука Йовичнинг трансфер ҳуқуқини тўла сотиб олганини эълон қилди.

21 ёшли ҳужумчи Лиссабондан Франкфуртга 2017 йил ёзида ижара асосида кўчиб ўтганди. ОАВ хабарига кўра, «Айнтрахт» битимда белгиланган тўла трансфер ҳуқуқини қўлга киритиш учун «Бенфика»га 7 млн евро тўлайди. Йович билан 2023 йил ёзигача муддатга шартнома имзоланган.

Лука Бундеслигадаги илк мавсумида 22та ўйинда 8та гол урган бўлса, жорий мавсумда 27та турда қатнашиб, 17+6 маҳсулдорлик натижасини қайд этди. Бу билан у ҳозир лига тўпурарлари рўйхатида «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскидан (21та гол) кейин иккинчи ўринда бормоқда.

Йович, шунингдек, Европа лигасининг бу мавсумида 11та ўйин ўтказиб, 8та гол ва 1та ассистга муаллиф бўлди. Қайд этиш лозим, «Айнтрахт» бу мусобақа чорак финалида айнан «Бенфика»га рўбарў келган. Жамоа ўтган ҳафта Португалия пойтахтида ўтган баҳсда 2:4 ҳисобида ютқазди. Жавоб ўйини эртага Франкфуртда бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳужумчига «Реал», «Бавария» ва «Барселона» клублари қизиқиш билдирмоқда. Аввалроқ каталонияликлар бу курашдан чиққани хабар қилинган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз

06.08
Август