Узбек O'zbek
102 дақиқалик ўйинни ютолмаган «Пахтакор», мактаб боласининг голи эвазига ютган «Бунёдкор», биттагина гол урган Полвонов – Суперлигада 4-тур якунлари
Душанба, 15 Апрел
5781

Суперлигада 4-тур ўйинлари якунланди. Бу турда чемпионат етакчиси «Пахтакор» Термизда «Сурхон» меҳмони бўлди ва мавсумдаги илк очкочисини йўқотди. Амалдаги чемпион «Локомотив» эса ўз майдонида ОКМКдан устун келди. Қуйида 4-турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Қизилқум» илк мағлубиятини Бекободда қабул қилди. Зоҳид Абдуллаев «Красницкий клуби»га аъзо бўлди

4-турнинг илк ўйини Бекободда ўтказилди. «Металлург» ўз майдонида «Қизилқум»ни қабул қилди ва 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу Ҳамиджон Актамов шогирдоарининг мавсумдаги илк мағлубияти бўлди. Бунгача навоийликлар 1 та ғалаба 2 та дуранг натижа қайд этишганди. «Металлург» эса Самарқанддаги аламли мағлубиятдан жаҳли чиққан кўринади «Қизилқум»ни аяб ўтирмади.

Бекободликлар сафида Станислав Андреев ва Баҳром Аблураҳимовлар биттадан, Зоҳид Абдуллаев иккита гол урди. Абдуллаевнинг бу иккита голини бекободликлар анчадан буён кутишаётганди. Чунки Зоҳиднинг Ўзбекистон Чемпионати ва Кубоги баҳсларида урган голлари 98 тага етганди.

«Қизилқум» билан ўйинда Зоҳид Абдуллаев чемпионат ва кубок ўйинларида урган голлари сонини 100 тага етказиб олди ва Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клубига аъзо бўлди. Ҳужумчи голларининг 68 тасини чемпионат баҳсларида урган. Зоҳид «Красницкий клуби»га аъзо бўлган 31-футболчига айланди. «Металлург» сафида тўп тепган футболчилар орасида эса бешинчи бўлиб бу клубга қўшилди. Олдинроқ «Металлург» сафида ўйнаган футболчилардан Шуҳрат Мирхолдиршоев, Фарид Ҳабибулин, Мухтор Қурбонов ва Сервер Жепаровлар «Красницкий клуби»га аъзо бўлишганди.

«Насаф» ўз майдонида енгилди

Турнинг кутилмаган натижаларидан бири Қаршида ўтказилди. «Насаф» ўз майдонида «Навбаҳор»ни қабул қилиб, 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Қаршиликлар бу ўйинда фаворит деб қаралаётганди, чунки «Насаф» ўтган турда «Пахтакор» билан тенгма-тенг ўйнаб, яхши жамоага айланганини исботлаганди.

«Навбаҳор» эса аксинча, бирорта ўйинда ғалаба қозона олмай мухлисларини хавотирга солаётганди. Канчельскис жамоаси илк ғалабасини айнан Қаршида қўлга киритиши кутилмаган ҳолат бўлди. Бу эса наманганликлар ҳам ўз формасига кириб бораётганидан нишона.

Фёдоров Қосимовни енгганини Абрамов стадиондан томоша қилди. Зафар Полвонов бу гал биттагина гол урди

Мавсумни «Пахтакор»га мағлуб бўлиб бошлаган «Локомотив» кетма-кет учинчи ўйинда ғолиб бўлди. Олдинги ўйинларда водий жамоалари «Навбаҳор» ва «Андижон»ни мағлуб этган «Темирйўлчилар» 4-турда ОКМКни қийинчилик билан енгишди. Чунки олмалиқликлар сафида охирги 14 йилда Ўзбекистон чемпионатида бир ўйинла 5 та гол урган илк футболчи ўйнаётганди. Жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов экани ҳам кўп нарсани англатарди.

Бироқ Қосимов жамоасининг «Локомотив»га кучи етмади. Зафар Полвонов 3-дақиқадаёқ гол уриб, ҳисобни очганди, лекин биринчи бўлим якунида «Локомотив» иккита гол уриб, ғалабани илиб кетди. Қосимов ўйиндан кейин футболчиларига иккинчи рақамда ўйнашни кўрсатма берганини айтди ва бу кўрсатма биринчи бўлимдан сўнг фойда бермаганини ҳам тан олди.

«Динамо» «Даврон Файзиев дербисида» ғолиб бўлди ва 5-ўринга кўтарилди. Қадамбойнинг қадами қутлуғ келди

Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ўтган турда илк ғалабасини қўлга киритганди. 4-турда ҳам самарқандликлар ғалаба қозонишди. Бу гал Даврон Файзиев шогирдлари Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубини қабул қилиб, Қадамбой Нурметовнинг ягона голи эвазига ғолиб бўлишди. Файзиев узоқ йиллар «Сўғдиёна»да ишлаганди ва шу сабаб «Динамо» - «Сўғдиёна» ўйинига «Даврон Файзиев дербиси» деб ном беришимиз мумкин.

Ўйиндаги ягона голга муаллифлик қилган Қадамбой Нурметов ўтган мавсумлар Про-лигада «Орол»да ўйнаб танилганди. Хоразмлик футболчи юқори Суперлигада ўзининг дебют голини урди ва жамоасига муҳим ғалаба келтирди.

«Динамо» бу ғалабадан сўнг очколари сонини 7 тага етказиб олди ва 5-ўринга кўтарилди. Кейинги икки турдан буён ғалаба қозонаётган самарқандликлар Тошкентда «Пахтакор» меҳмони бўлишади.

Илк истеъфо

Самарқанддаги ўйиндан сўнг «Сўғдиёна» бош мураббийи Сергей Лушчан истеъфога чиқишини айтди. Жиззахликлар мавсумни «Бунёдкор»га қарши ғалаба билан бошлаган бўлишса-да, кейинчалик «Насаф», «Сурхон» ва «Динамо»га мағлуб бўлишди.

Лушчан ўтган мавсумдан буён «Сўғдиёна»да ишлаб келаётган ва жамоа унинг қўл остида охирги поғоналардан чиқа олмаётганди. Унинг ўрнини ўтган мавсум «Бухоро»да ишлаган Улуғбек Бақоев эгаллаши кутилмоқда.

Ҳайта ўйини. «Пахтакор» 102 дақиқа гол ура олмади

Турнинг марказий баҳси Термизда ўтказилди. 15 йилдан сўнг юқори дивизионга қайтиши билан етакчилар қаторида бораётган «Сурхон» чемпионат етакчисига жиддий қаршилик кўрсатди ва «Пахтакор» мавсумда илк марта очко йўқотди. Ўйинда тўхталишлар жуда кўп бўлди ва буни баҳс қанча давом этганидан билиш мумкин. Ҳакам биринчи бўлимга 3 дақиқа қўшиб берди. Иккинчи бўлим эса 99-дақиқа ўтиб бораётгандагина тугади. Ўйин умумий 102 дақиқа давом этди, лекин унда ғолиб аниқланмади.

«Пахтакор» ўйиннинг катта қисмида тўшни назорат қилди. Ўйинда жуда кўп тўхталиш бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Шота Арвеладзе ҳам шунда эътибор бериб, ўйин давомида 12-14 марта йўқ жойдан тўхталиш бўлганини таъкидлади. Ўйин айтарли асаббузарлик ва ҳакамлик хатоларисиз ўтгани алоҳида хурсанд бўлишга арзийдиган нарса бўлди.

Бу ўйинни футбол расмийлари, хусусан ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам стадиондан кузатди. Турмиздаги стадион мухлисларга тўлгани унинг даражасини янада оширди.

«Бунёдкор» мактаб боланинг голи эвазига ғолиб бўлди

«Бунёдкор» 4-турда қийин ғалабага эришди. Абрамов шогирдлари Олмалиқда 15-поғонада бораётган «Андижон»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этишди. Ёш футболчилардан иборат «қалдирғочлар»нинг ягона голига жамоанинг энг ёш вакили Жасур Жалолиддинов муаллифлик қилди.

2002 йилда туғилган ва ҳали мактаб ўқувчиси ҳисобланган Жалолиддинов ўтган мавсумда Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган энг ёш футболчига айланганини эсласангиз керак. Жасур жарима майдончасига кирмай зарба йўллади ва шубҳасиз турнинг чиройли голи муаллифига айланди.

«Бухоро»да илк ғалаба, «Қўқон-1912» икки ўйинда 10 та гол ўтказиб юборди

Турнинг охирги ўйини Фарғонада ўтказилди. Бутун водий жамоалари учун уй стадионига айланиб қолган «Истиқлол» аренаси бу гал «Қўқон-1912» - «Бухоро» ўйинини қабул қилди. Ўтган турда ОКМКдан 7 та гол ўтказиб юборган қўқонликлар ҳамон ўзларига кела олмаган кўринишади. Нўъмон Ҳасанов шогирдлари «Бухоро»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлишди ва бу мағлубият афтидан мураббийнинг истеъфоси учун яна бир қадам бўлди.

«Бухоро» сафида Иван Нагаев, Азиз Ибрагимовлар супер голлар уришди. Бухороликларнинг яна бир голига 2000 йилда туғилган Асадбек Собиржонов муаллифлик қилди.

Ҳафта қаҳрамони – Зоҳид Абдуллаев

Ҳафта қаҳрамони сифатида Зоҳид Абдуллаевни танладик. Абдуллаев ўзбек футболида энг муносиб баҳо берилмаган футболчилардан бири. Чемпионат тўпурарлари кўп ўзгаради, баъзи йиллар тўпурар бўлган футболчи кейинчалик йўқолиб қолади, лекин Зоҳид доим гол ураверади. Лекин у ҳар доим терма жамоа мураббийларининг назариданг четда қолаверган. Чемпионат тўпурари бўлиб юрганида ҳам.

Ишонинг, ўзбек футболида бунақа жўшқин ўйин кўрсатадиган футборлчилар кўп эмас. Абдуллаевнинг қизиққонлиги, голни нишонлашдаги жўшқинлиги Жейми Вардини эслатиб юборади. Ўтган йиллар Абдуллаев фаолиятини тугатиши ҳақида гаплар пайдо бўлганди, лекин «Металлург»нинг рамзига айланиб қолган Зоҳид ҳамон гол уришда давом этмоқда.

«Қизилқум» дарвозасига соф ҳужумчиларга хос ҳаракати билан иккита гол урган Абдуллаев чемпионат ва кубок баҳсларила урган голлари сонини 100 тага етказиб олди ва «Красницкий клуби»га аъзо бўлган 31-футболчига айланиб, шубҳасиз ҳайта қаҳрамони номига муносиб бўлди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз