Узбек O'zbek
Жоау Фелиш халқаро миқёсдаги илк шахсий совринини қўлга киритди
Шанба, 13 Апрел
2608

«Бенфика» яримҳимоячиси Жоау Фелиш Европа лигасида ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлди.

Фелиш пайшанба куни чорак финалнинг «Айнтрахт» билан илк ўйинида (4:2) учта гол уриб (биттаси пенальтидан), яна бир голга ассистентлик қилганди. 19 ёшга тўлганидан 152 кун ўтганда ушбу натижага эришган Жоау мусобақа тарихида ҳет-трик қайд этган энг ёш футболчи саналади.

Португалиялик хавбекдан ташқари, ушбу эътироф учун Аарон Рэмзи («Арсенал»), Виллиан («Челси») ва Гонсалу Гедеш («Валенсия») номзодлари ҳам овозга қўйилганди.

Маълумот учун, Фелиш «Порту» тарбияланувчиси ҳисобланади. У портуликлар академиясида 7 йил шуғулланиб, сўнг пойтахтга йўл олган ва «Бенфика» таркибига қўшилган. Профессионал футболдаги дебюти шу мавсум бошига тўғри келади. Ҳозирга қадар Португалия чемпионатининг 20та ўйинида 10та гол ва 4та самарали узатма муаллифи бўлди.

Жоау Фелиш январь ойида Португалия чемпионатининг энг яхши футболчиси деб топилган ва бу фаолиятидаги илк шахсий соврин бўлганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз