Узбек O'zbek
Болалар қишдан буён совуқ сувда ювинишади – «Бунёдкор» академиясининг кимга зарари тегяпти?
Шанба, 13 Апрел
3581

Таҳририятдаги ҳамкасблар билан ҳафтада икки марта футбол ўйнаб турамиз. Яқинда «Бунёдкор» академиясига тегишли залда клубнинг ёшлар жамоаси билан бирга футбол ўйнадик. Шунда бир ҳамкасбимиз «Клубларнинг ёшлар жамоаси шунақа зўр ўйнаса, нега биз Жаҳон Чемпионатига чиқа олмаймиз?», деб сўраб қолди ажабланиб. Ҳақли савол. Жавоб эса оддий: биз ўша талантли, зўр ўйнайдиган футболчиларни қадрлашни билмаймиз.

«Бунёдкор» футбол академияси кўчириб юборилиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалганидан сўнг клуб раҳбарияти ва ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан боғланиб, масалага ойдинлик киритгандик. Клубдагилар академия кўчса, 800 дан ортиқ ўқувчи билан қаерга боришни билмасликларини айтишганди, ЎФА раҳбарияти эса академия ҳеч қаерга кўчирилмаслигини айтиб, бир қарашда масалага нуқта қўйганди.

Лекин биз бундай маълумотларга ҳам қониқмай, барчасини чуқурроқ ўрганишга қарор қилдик. Юқорида айтганимиз ёш «қалдирғочлар» билан футбол ўйнаганимиздан сўнг улардан шароитлар ҳақида сўрадик ва шундай жавоб олдик: «Иссиқ сув йўқ, совуқ сувда ювинамиз. Анчадан буён шу аҳвол. Кўпчилик шамоллаб ҳам бўлди...».

Шахсан мен учун ҳар икки томондаги мансабдорларнинг сўзидан кўра, тўп тепишни ҳаётининг энг муҳим қисми деб биладиган, футбол ўйнашдан тўймайдиган ёш болаларнинг фикри муҳимроқ. Чунки мансабдор шахс ўз фойдасига гапириши мумкиндир, аммо ёш бола алдамайди. У бор гапни гапиради. Юқорида айтганим ёш «қалдирғочлар» бир мартагина ютқазиб, мағлубиятни асабий муҳокама қилаётганини кўриб, уларда ҳалитдан ғолиблик руҳи, мағлубиятни ҳазм қила олмаслик характери шакллангани сезилди. Лекин мана шундай болалар яхшироқ ўйнаши учун қулайлик яратиш ўрнига бор шароитлар ҳам йўқ қилинмоқда.

Маълум бўлишича, қиш тугаганидан буён академия ҳудудида иссиқ сув йўқ. Бу шаҳарда кузатиладиган иссиқ сув узилиши билан боғлиқ ошиб борса бир ҳафта давом этадиган узилиш эмас, ёппасига узилиш! Ҳа, айнан шундай! Академияда сув ўз ҳудудидаги қозонхонада иситилади. Бироқ юқорида айтганимиздек қиш тугаганидан буён академия ҳудудида газ йўқ. «Бунёдкор» стадиони ҳудудига келган газни тақсимлаш ускунаси газни иккига бўлиб юборади. Бир томони стадионга, бир томони академияга кетади. Стадионда газ бор, лекин академияда йўқ! Чунки ўчириб қўйилган.

Дарвоқе, стадионни бежизга «Бунёдкор» деб атамадик. «Бунёдкор» клуби раҳбариятининг айтишича стадион ҳозирда «Миллий» деб аталаётган бўлса-да, арена юридик жиҳатдан ҳамон «Бунёдкор» клубига тегишли. Стадион номи ҳам ҳуқуқий жиҳатдан «Бунёдкор».

Ўзбек футболига Сардор Рашидов, Достон Ҳамдамов, Акром Комилов, Рустам Ашурматов каби футболчиларни етказиб берган клубнинг академиясидаги бўлажак «қалдирғочлар»нинг тақдири наҳот ҳеч ким учун қизиқ эмас? Етмаганига Элдор Шомуродов ҳамда Отабек Шукуров ҳам аввалига «Бунёдкор» академиясига келиб, кейин асосий жамоага ўтишган.

Ўтган ҳафтада академия ёпилиши ҳақида суриштирув қилдик, энди академиядаги шароитларни ўрганяпмиз. Ўйлашингиз мумкин нега булар «Бунёдкор»га қизиқиб қолди деб. Бу бизнинг клубдан қандайдир манфаатдор эканимизни билдирмайди! Шунчаки кўз олдимизда мамлакатдаги энг яхши академиялардан бири (балки энг яхшисидир) ёпилиб кетиш хавфида қолаётгани бизни ранжитади. Биз учун барча клублар тенг, оқни оқ, қорани қора деймиз.

«Бунёдкор» академиясида иссиқ сув йўқлигини айтдик. Бундан ташқари электр таъминоти билан ҳам муаммо бор. Кечаси академия стадионларининг чироқлари ўчириб қўйилади. Шу сабаб футболчилар кечаси шуғуллана олишмайди. Клубнинг асосий жамоаси стадионсиз эканини инобатга олсак, бу муаммолар асосий жамоани ҳам қийнамоқда. Қайси ёшдаги миллий жамоаларимизни қараманг, «Бунёдкор»нинг кўплаб футболчиларини кўрасиз. Токио Олимпиадаси саралашида қатнашаётган жамоада ҳам 5 нафар «қалдирғоч» бор. Бироқ бу кетишда академия ёпилиб кетиши ҳеч гап эмас.

Ўтган йилдан буён академия ўқувчилари сони кескин камайган. Чунки ота-оналар ёпилиш хавфи бўлган ерга фарзандларини олиб боришмайди-да! Академиянинг ўзида бошқа вилоятлардан келган 70 га яқин болалар истиқомат қилишади. Улар фақат футбол ўйнашни билишади холос. Кўп футболчилардан эшитганмиз, улар футбол учун бошқа нарсаларни четга суриб қўйишади. «Бунёдкор»даги ёш болалар ҳам ягона касби бўлган футболдан айирилса, нима бўлади?

«Бунёдкор» академияси ўз меваларини бера бошлаган. Ҳар йили ушбу академиядан кўплаб футболчилар етишиб чиқмоқда. Уларнинг охиргилари бугун «Бунёдкор» асосий таркибини ташкил қилишган. Етмаганига Суперлиганинг кўплаб жамоалрида «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари ижарада ўйнайди.

Дарвоқе, академияни кезар эканман, менда бир нарса илиқ таассурот қолдирди. Ёш болалар яшашига қарамай, хоналар ҳам, ошхона, зал, хуллас ҳамма ер тоза-озода эди. Шароит бўлмаса ҳам, ҳамма ернинг покиза сақланаётгани одамни хурсанд қилади. Академияга киришда ҳам, чиқишда ҳам йўлда учраган ҳамма болаларнинг салом бериши уларга нафақат футбол сирлари ўргатилаётгани, балки ёш футболчилар яхши тарбияланаётганини ҳам англатади.

ЎФА қошида ташкил қилинган республика болалар-ўсмирлар футбол мактаби айнан «Бунёдкор» академияси ҳудудида очилиши айтилмоқда. Катта эҳтимол билан академиядаги «кутилмаган» коммунал узилишлар айнан шу билан боғлиқ. Балки «Бунёдкор»нинг пули йўқлиги сабаб шундай бўлаётгандир, балки яна қандайдир сабаблар бордир, лекин клуб академиясида жуда яхши футболчилар тарбияланаётгани ва академия анча йилдан буён тинимсиз меваларини бериб бораётгани аниқ.

Бу муаммо ҳар хил чиқишлар, хатлар, оғзаки гаплар билан эмас, иш билан, конкрет кўрсатмалар билан ҳал бўлиши ҳам аниқ. Умид қиламиз, тез орада «Бунёдкор» академиясидаги мужмал ҳолат ҳал қилинади ва ёш футболчилар яхши шароитда шуғуллана бошлашади. Биласиз, қалдирғочни бирор уйда ҳуркитишса, ўша уйга қайтиб бормайди. «Бунёдкор»даги ёш «қалдирғочлар»ни ҳуркитиш ҳам бизга кейинчалик қимматга тушади...

Ўткир Жалолхонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз