Узбек O'zbek
Мессининг бурни синди, VAR ўйинни ҳал қилди
Пайшанба, 11 Апрел
11820

Чорак финалнинг «Олд Траффорд»да кечган биринчи ўйинида каталонияликларнинг минимал устунлиги қайд этилди (1:0).

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Биринчи ўйин 
«Манчестер Юнайтед» (Англия) – «Барселона» (Испания) – 0:1 (0:1) 

Гол: Шоу, 12 – автогол. 
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Янг, Смоллинг, Линделеф, Шоу, Мактоминэй, Фред, Погба, Далот (Лингард, 74), Рэшфорд (Перейра, 85), Лукаку (Марсиял, 68). 
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Лангле, Жорди Альба, Артур (Сержи Роберто, 66), Бускетс (Аленья, 90+3), Ракитич, Месси, Суарес, Коутинью (Видаль, 65). 
Огоҳлантиришлар: Бускетс, 18. Шоу, 19. Видаль, 71. Лингард, 76. Смоллинг, 86. 
Ҳакам: Рокки (Италия).
10 апрель. Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони.
Жавоб ўйини - 16 апрель.

Марадонадан Мессигача
«Барселона» ва «Манчестер Юнайтед»нинг халқаро майдонлардаги учрашувлари афсонавий аргентиналик футболчи Диего Марадона футбол ўйнаган даврларда бошланган - 1983-84 йилги мавсумда бу икки жамоа Кубок эгалари кубоги турнирида баҳс олиб боришган. Бу қарама-қаршилик бошқа бир аргентиналик футбол даҳоси Лионель Месси иштирокида давом этиб келмоқда. Ўтган асрда Марадона бошчилигидаги жамоа Кубок эгалари кубогининг чоракфиналида «МЮ»га икки учрашув натижасига кўра 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган, Месси бошчилигидаги кўк-анорранглилар эса уч йилда икки марта манчестерликларни Чемпионлар лигаси финалида мағлуб этган. 2009 йилда Римдаги финалда Гвардиола жамоаси ўзининг илк катта совринини ютиб олганди, 2011 йилда «Уэмбли»даги финалга келиб бу жамоа мукаммаллашиб бўлгани жаҳонга кўз-кўз қилинганди.

Лондондаги ўша оқшомдан кейин бу жамоаларнинг йўллари кесишмади - Манчестердаги биринчи ўйин 8 йилдан кейинги дастлабкиси эди. Кўк-анорранглилар яна бир марта «Орзулар театри»ни забт этиш орзусига эришиш учун майдонга чиқишди: «Барса» шу вақтгача «МЮ» стадионидан ғалаба билан қайтмаганди (+0=2-2, тўплар нисбати 5-9).

«Барселона»нинг фаоллиги
Сульшер бу ўйинга идеал таркибни тушира олмасди -  Валенсия, Дармиан, Байи, Эррера ва Мата жароҳатлар туфайли жамоага ёрдам бера олмасди.
Меҳмонлар ўтган йил чорак финалида «Рома»га қарши муваффақиятсизликни ёддан чиқармаган ҳолда (ўшанда жамоа ўз уйидаги биринчи ўйинда 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалабага эришиб, жавоб ўйинида 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйган ва чорак финалда қолиб кетганди), дарҳол ўйинни ўз қўлига олди. Коутиньо-Альба боғлами ўйиннинг илк дақиқалариданоқ фаол ҳаракатқилди, Бускетс эса майдон марказини назорат қила бошлади, у тўп учун кескин курашларга қўшилиб, 5-дақиқадаёқ сариққа тортадиган фол ишлатди ва ҳакам уни биринчи сафар кечирди. Рэшфорд эса бу фолдан кейин белгиланган жарима зарбасини голга айлантиришига бир бахя қолди.

Суареснинг голмас голи
«Олд Траффорд»даги ўйинда Суарес ЕЧЛнинг сафар ўйинларидаги голсиз сериясига барҳам беришга яқин келди: «Барселона» тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири бўлган бу ҳужумчи (175 гол) 2015 йилнинг сентябридан буён ЕЧЛ доирасидаги сафар ўйинларида «Барселона»нинг рақиблари дарвозасига йўл топа олмай келмоқда. Манчестердаги ўйиннинг 12-дақиқасида унинг ҳисобига гол ёзилди, Месси рақиб дарвозасининг узоқ бурчаги томонга тўпни узатди, Суарес эса Де Хеани доғда қолдирди.

Аввалига ҳакам офсайд қайд этди, аммо видеотакрорни кўриб чиққач голни бекор қилди, лекин гол Люк Шоуга автогол сифатида ёзилди. Суареснинг вазифаси яна кейинга сурилди, «Барса» мухлислари эса VAR’га катта раҳмат айтишади.

Мессининг тўхтатилиши

«Барса» тезкор гол уришга эришди, «МЮ» эса ҳужумга ўтиб, очила бошлади - бу вазитда ҳимояда ўтириш ва кўпроқ эҳтиёткор бўлишдан маъно йўқ эди. Погба Бускетсни ниҳоят карточка олишга мажбур қилди, каталониялик таянч яримҳимоячи франциялик рақибини қўл билан ушлаб қолди, Смоллинг эса Мессига қарши қандай туриш учун куч ишлатди, у аргентиналик футболчининг юзига зарба берди, Леонинг қони «Орзулар театри»га тўкилди.

Мессининг қони Сульшерни қўрқита олмади. Танаффусга қадар икки жамоа ҳам бир-бирининг дарвозаси яқинида хавфли вазиятлар яратиб турди - Коутиньонинг жарима майдонига кирмасдан йўллаган зарбасини Де Хеа қайтарди, Далот ҳам қарама-қарши томондаги дарвоза томон кучли зарба берди, аммо бироз хато кетди.

Имконларсиз, динамикасиз ва интригасиз
Иккинчи бўлим - Чемпионлар лигаси тарихидаги энг зерикарли бўлимлардан бўлди. «Юнайтед» «уёққа чоп, буёққа чоп, узат» услубида ўйнади, аммо рақиб дарвозаси томон йўл тополмади.

Умуман, жамоалар ҳужумкор ўйин кўрсатишди. Янг ва Лукаку томонидан тўп билан таъминлаб турилган Рэшфорд ва Погба Тер Штегенни ҳушёр тутиб туришди, аммо германиялик дарвозабон ўзининг маҳоратига шубҳа қолдирмади. Майдоннинг иккинчи қисмида эса Суарес, Альба ва Месси Де Хеани дамбадам текшириб туришди, аммо ўйиннинг қолган қисмида ҳисоб ўзгармай қолди.

«Барса» хотиржамлик билан сафардан керакли ҳисобдаги ғалаба билан қайтадиган бўлди. Бу каталонлар учун «Олд Траффорд»даги илк ғалабадир.

Лекин бу жуфтликда ҳали барчаси ҳал бўлгани йўқ. Нимчорак финалда «ПСЖ» «МЮ»ни икки тўп фарқи билан мағлуб этган, аммо жавоб ўйинида барчаси ўзгариб кетганди.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз