Узбек O'zbek
Агуэро – «Дрейк тавқи лаънати»нинг навбатдаги қурбони
Чоршанба, 10 Апрел
7713

Серхио Агуэро ва «Манчестер Сити» клуби «Дрейк тавқи лаънати»дан жафо чеккан навбатдаги спорт гигантлари бўлди, деб ёзмоқда Буюк Британиянинг The Sun таблоиди.

Аргентиналик ҳужумчи Чемпионлар Лигаси чоракфиналидан ўрин олган «Тоттенҳэм»га қарши дастлабки ўйинда пенальтини аниқ амалга оширолмади, Пеп Гвардиола шогирдлари эса якунда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишди.

Агуэро 10 март куни «Манчестер Арена»да канадалик қўшиқчи-рэпер Дрейк билан учрашиб, селфи қилган эди. The Sun нашрининг ёзишича, футболчи «Дрейк тавқи лаънати»ни юқтириб олган ва шу туфайли мағлубиятга учраган.

Машҳур спортчилар рэпер билан учрашиб, кейинчалик муҳим баҳсларни ютқазаётгани бир неча йиллар давомида кузатилмоқда. Шунинг учун ҳам бу ҳолат «Дрейк тавқи лаънати» деб ном олган.

Март ойи ўрталарида «Боруссия» Д яримҳимоячиси Жейдон Санчо ҳам Манчестерга бориб, Дрейк билан учрашиб, селфи қилган эди. Натижада, футболчи ўтган ҳафтада «Дрейк тавқи лаънати»нинг самарасини тўлиғича ҳис қилди – унинг жамоаси «Бавария»га 0:5 ҳисобида ютқазди.

Дрейкнинг Буюк Британия бўйлаб концерти Лондонга кўчганидан сўнг, «Арсенал» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг у билан учрашиб, суратга (ёки «тузоққа») тушди. Ўтган якшанбада эса бу ўз «мевасини берди» - «қуролсозлар» «Эвертон»га ютқазиб, кучли тўртликка кириш имкониятини бирмунча пасайтириб юборишди.

«Дрейк тавқи лаънати» 2013 йилдан бери давом этмоқда. Бу «тузоққа» «Ливерпуль» ҳужумчиси Даниэл Старриж, Американинг «Кентукки Университети» ва «Торонто Рэпторс» баскетбол клублари, «Алабама Университети» америкача футбол жамоаси ва ҳатто теннис юлдузи Серена Уильямс ҳам илинган.

UFC жангчиси Конор МакГрегор эса жуда муҳим бўлган Хабиб Нурмагомедовга қарши жанг олдидан «ёвуз» Дрейк билан учрашиш «бахтига муяссар» бўлган. Натижа эса ҳаммага маълум – россиялик жангчи уни яхшилаб «дўппослаган» эди.

Фанатлардан бири Твиттерда «Месси қаерда?» деб ҳазиллашиб ёзди. У «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиндан олдин «Барселона» футболчиларининг Дрейк билан учрашишини жуда ҳам истаётганига шама қилди.

Бироқ, «Қизил иблислар»нинг ўзи аллақачон «лаънат»ни юқтириб олишган эди. 13 март куни Ромелу Лукаку рэпер юлдузи билан учрашиб, у билан бирга тушган фотосуратини ижтимоий тармоққа жойлади. Кейинги ўйинда эса «Манчестер Юнайтед» «бўрилар»га ютқазди.

Яқинда машҳур боксчи Энтони Жошуа ҳам Дрейк билан учрашиб, селфи қилди. Спортчи профессионал боксда 22та жанг ўтказиб, ҳали бирор марта ютқазмаганини инобатга оладиган бўлсак, унинг мухлислари ҳам хавотирга тушиб қолган бўлса ажаб эмас.

Дрейкнинг барча «қурбонлари»:
2013: «Торонто Рэпторс» баскетбол клуби Дрейкни ўз элчиси қилиб тайинлади ва чемпионатнинг ҳал қилувчи ўйинларда ютқазди
2014: «Кентукки» коллежлараро баскетбол турнири финалида «Висконсин»га ютқазди
2014: «Майами Хит» NBA финалида «Сан-Антонио»га 1:4 ҳисобида ютқазди
2014: Дэниел Старриж ва «Ливерпуль» АПЛ чемпионлиги учун курашдан чиқиб кетишди
2015: Серена Уильямс АҚШ очиқ чемпионати яримфиналида Роберта Винчига ютқазди
2018: UFC чемпиони Конор МакГрегор россиялик Хабиб Нурмагомедовга ютқазди
2019: «Алабама» коллежлараро америкача футбол чемпионатида «Клемсон»га ютқазди
2019: Ромелу Лукаку ва «Манчестер Юнайтед» сафарда «Вулверҳэмптон»га ютқазди
2019: Жейдон Санчо ва «Боруссия» Д сафарда «Бавария»га ютқазди
2019: Пьер-Эмерик Обамеянг «Арсенал» «Эвертон»га ютқазганида захирада ўтирди
2019: Серхио Агуэро пенальтини голга айлантиролмади, «Манчестер Сити» эса «Тоттенҳэм»га ютқазди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз