Узбек O'zbek
«Ас-Садд» бош мураббийи: «Пахтакор» тўпни назорат қилса, кучли ўйнайди, бунинг акси бўлса...»
Душанба, 08 Апрел
4985

Эртага, 9 апрель куни Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 3-тури доирасида «Пахтакор» Қатарнинг «Ас-Садд» клубини қабул қилади. Бугун ўйин олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди, унинг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Жезуалду Феррейра ва ҳимоячи Педро Мигель иштирок этди.

«Мен иккинчи марта Ўзбекистонда бўлиб турибман. Эртага бизни жуда қийин ўйин кутиб турибди. Стадион ва майдон ҳолати ажойиб эканини кўрдим. Бу ерга фақат ғалаба учун келганмиз», – деган Феррейранинг ўйинолди дастлабки фикрларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

«Эртага кучли рақибга рўбарў келамиз. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрганмиз. Бу ерга уч очко олиш учун келдик. Доҳадаги жавоб ўйини ҳам қийин ўтиши тайин. Эртанги ўйиндаги ғалаба биз учун жуда катта аҳамиятга эга», – деди Педро Мигель.

– Жамоа ўтган ҳафта Қатар чемпиони бўлди. Бу ҳолат футболчиларда чалғишни келтириб чиқармайдими?


– Ҳа, чемпионликка эришганимиздан жуда хурсандмиз. Бу бизга кўпроқ мотивация ва ишонч беради. Ўтган йили [«Насаф» билан ўйин учун – таҳр.]бу мамлакатга келганимизда уч кун олдин чемпионатдаги муҳим ўйинда мағлубиятга учраб келгандик. Бу йил жамоанинг ўзига бўлган ишончи анча юқорироқ.

– Ўйин учун қандай режани танлаган маъқулроқ – ҳимоявийми ёки ҳужумкор?
– Бу саволга жавоб бериш жуда осон. Футболда икки муҳим жиҳат бор – тўп билан ва тўпсиз қандай ўйин кўрсатиш. Биз ўзимизнинг кучли жиҳатимизни биламиз – бу тўп назорати. Жамоамиз тўпга эгалик қилганда анча кучли ўйин кўрсатади. Эртанги рақибимиз «Пахтакор» ҳам тўп уларда бўлганда жуда яхши ўйнайди. Тўп билан ва тўпсиз қолганда балансни топа олган жамоа натижага эришади. Мен учун муҳими – жамоадаги барча футболчилар жисмоний жиҳатдан тайёр бўлишлари.

– (савол Педру Мигелга) Эртага жамоа Қатар чемпионлигига эришганидан кейинги биринчи ўйинини ўтказади. Бу ғалаба эртанги ўйинда жамоага қандай қўл келиши мумкин?
– Бош мураббийимиз айтиб ўтдилар, чемпион бўлганимиз бизга қўшимча иштиёқ беради. Ана шу мотивация ғалаба қозонишимизга ёрдам беради.

– «Пахтакор»нинг кучсиз жиҳатлари нималарда кўринади?
– Буни айта олмайман ахир (кулади). Айтим ўтганимдек, жамоа тўпни назорат қилганда кучли ўйин кўрсатади. Шу гапимни ўзида саволингизга жавоб бор, шунинг ўзи етарли. Жамоа жисмоний жиҳатдан жуда кучли эканини ҳам қайд этдим. Биз учун бу баҳс жуда қийин бўлади, чунки рақибимиз ҳозир гуруҳда биринчи ўринда турибди ва ўз майдонида ўйнайди.

– «Ас-Садд»нинг сафар ўйинларидаги натижалари яхши эмас. Нафақат «Ас-Садд», балки Осиёнинг бошқа клублари ҳам ўз уйлари ва сафарда турлича ўйнашади. Бунинг сабаби нимада?
– Сафарда ўйнаш барча жамоалар учун қийин. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Сабаблардан бири – эртага рақиб ўз мухлислари қаршисида – демакки, бир киши кўп бўлиб ўйнайди. 20-25 минг томошабин келса керак, бунча мухлис катта аҳамиятга эга.

– Асосий дарвозабон Саад Ал-Шиб ва Абдулкарим Ҳассаннинг жароҳати масаласида нима дея оласиз, улар ўйнай олишадими? (араб журналисти саволи)
–Иккинчи дарвозабонимиз Мешал Баршам ҳам охирги вақтларда ишончли ўйин кўрсатмоқда. Абдулкарим Ҳассан ҳам қатнаша олмайди. Афсуски, очилмаган иккита картамизни рақибга совға қилдингиз.

– Эртага Хави майдонга тушадими?
– Ҳа, у ўйнайди. Бу – эртанги ўйин ҳақида мен берган учинчи маълумот бўлди.

Маълумот учун, 2-турдан кейин «D» гуруҳида «Пахтакор» 4 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. «Ас-Садд» ва Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клублари 3 очкодан жамғаришган, Эроннинг «Персеполис» жамоаси ҳисобида 1 очко бор.

«Пахтакор»–«Ас-Садд» учрашуви эртага, 9 апрель куни соат 19:00да «Пахтакор» стадионида старт олади. Жавоб учрашуви эса 22 апрелда Доҳада бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, «Ас-Садд» ўтган ҳафта 6 йил ичида илк марта Қатар чемпиони бўлганди

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз