Узбек O'zbek
Матерацци кимни энг яхши ҳимоячи деб ҳисоблаши ва Зидан билан муносабатлари ҳақида гапирди
Шанба, 06 Апрел
11738

Италия миллий жамоасининг собиқ ҳимоячиси Марко Матерацци «Чемпионат.com» нашрига берган интерьюсида «Реал» сардори Серхио Рамосни замонавий футболнинг энг яхши ҳимоячиси деб ҳисоблаши ҳақида айтиб ўтди.

«Катта маҳорат эгалари талайгина. Ҳозир, масалан, Виржил ван Дейк бошқалардан ажралиб турибди. Лекин мен барибир энг яхши ҳимоячи деганда Серхиони кўрсатаман. Бу борада шубҳага мутлақо ўрин йўқ. У охирги уч мавсумда Чемпионлар лигаси ғолиби бўлди, [бундан аввал] жаҳон ва Европа чемпионатларида ҳам ғолиб чиққан. 

Рамос ҳимоячи бўлса-да, фаолияти давомида юздан ортиқ гол урган, бу голларнинг баъзилари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. У –шак-шубҳасиз «Реал» етакчиси ва ҳам техник, ҳам жисмоний жиҳатдан ўта юқори савиядаги футболчи. Энг яхши деб ҳисоблаш учун бундан ортиқ яна нима керак?

Серхиони аблаҳ футболчи дейишади? Бу муҳим эмас. У – ғолиб. Ғолиблар эса муҳокама қилинмайди. Рамос «класико»да Мессининг бошига тирсаги билан қандай зарба берганини кўрмадим, лекин бундай эпизодлар ҳар битта ўйинда бўлиб туради. Ахир бу – футбол, майдонда 90 дақиқа жанг кетади. Лекин ўйин тугагач, ҳамма нормал ҳаёт тарзида қайтади. Жамият шахснинг сифатларига унинг ана ўша нормал ҳаёт тарзидан келиб чиқиб баҳо бериши керак», – деб айтиб ўтди Матерацци.

ЖЧ-2006 чемпиони ушбу интервьюда «Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан тўғрисидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашган.

«Афсуски, Зидан билан кўришмаганимизга анча бўлди. У билан хабарлашиб турмаймиз. Уни футболчилик фаолиятида барча совринларни ютган, кейин мураббийга айланиб, яна дарҳол шунча соврин эгасига айланган инсон сифатида ҳурмат қиламан.

Зиданга омад ва муваффақият тилаш билан бирга, унинг олдида шляпамни ечишга тайёрлигимни айтмоқчиман», – деди Марко Матерацци.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2006 финалида Италия ва Франция миллий жамоалари тўқнашган, ўшанда Матерацци ва Зидан ўртасида низо чиққанди. Қўшиб берилган вақт охирида Марконинг гаплари Зинединнинг жаҳлини чиқарган ва Зизу рақибининг кўкрагига боши билан зарба берганди. Оқибатда ҳакам французни майдондан четлатган, итальянлар эса пенальтилар сериясида чемпионликни илиб кетишганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз