Узбек O'zbek
Италияда футболчи ўйин вақтида вертолёт ёрдамида ўғирлаб кетилди
Шанба, 06 Апрел
13115

Сицилиянинг ҳаваскорлик футбол чемпионатида ноодатий ҳодиса юз берди. “Виагранде” ва “Неброди” клублари ўртасидаги учрашувнинг 2-бўлимида майдонга вертолёт қўниб, ундан бошида ёпинчиқлари бўлган бир неча киши тушган.

Кутилмаган “меҳмонлар” “Виагранде”нинг 55 ёшли ўйинчиси Игнацио Барбагаллони ушлаб, унинг қўлларини ортга қайириб, вертолётга ўтказиб, учиб кетишган.

Мухлислар ва футболчилар бундан эсанкираб қолишган, бироқ тезда ҳаммаси уюштирилгани маълум бўлган. Барбагалло фаолиятидаги охирги ўйин “эсда қолиши” учун ўзининг ўғирланишини саҳналаштирган экан.

Аммо ушбу “сицилианча” ҳазил Барбагаллога 200 евролик жарима солиш ва 31 майгача дисквалификация билан якунланди. Бундан ташқари, бутсаларини михга бундай антиқа усулда илиб қўйган футболчига ҳокимият томонидан ҳам жазо қўлланиши мумкин, чунки у вертолётнинг одамлар гавжум жойга қўнишини ҳокимият идоралари билан келишиб олмаган. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз