Узбек O'zbek
ЎФА Ҳакамлар департаменти директори «Пахтакор»-«Насаф» ўйини бўйича баёнот берди (фотожамланма)
Шанба, 06 Апрел
13301

Кечаги ёмғирли оқшомда «Пахтакор» стадионида ўтган Суперлига ўйини (2:1) «Насаф»нинг ёш футболчилари кўз ёшлари билан якун топди. Бу ўйин ўзбек футболидаги ҳакамлар муаммосини яна бор барчага эслатиб қўйди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Қарши шаҳри жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўйинни бошқариб борган Азиз Асимов бошлиқ ҳакамлар бригадасининг фаолиятидан норозилигини очиқ ифодалади:

«Менимча, ҳакамлар бугун ўйинни бузиб қўйди. Бундай даражадаги ўйинларда бундан савиялироқ ҳакамлар ишлаши керак.

Бундай ҳакамлик ёш футболчиларнинг руҳиятини туширмайдими? Албатта, руҳиятига таъсир қилади. Ҳозир ярим жамоам, ёш жамоалар кийим алмаштириш хонасида йиғлаб ўтирибди».

«Пахтакор» устози Шота Арвеладзе эса ҳакамлар фаолиятига баҳо бермаслигини айтди:

«Ҳакамлик савияси? Ноодатий нимадир юз бергани йўқ – 50/50. Айрим вазиятлар бўлди, аксинча, мен норози бўлдим. Ҳакамларга баҳо бериш менинг ишим эмас», 

«Спорт» телеканали шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов учрашувдан сўнг Tribuna.uz`да эълон қилинган мақоласида шундай таъкидлайди:

«Чиндан ҳам, ёш авлодни йиғлатиб қаёққача бормоқчимиз? Бу йиғилар қаердадир ушлаб қолиши, асорати бошқа ерда, каттароқ турнирларда сезилишини наҳотки аччиқ тажрибамиздан билмасак, наҳотки унутган бўлсак?

<…> Охиридаги хулосам: ўйин тугагач, Шота Арвеладзе ва Рўзиқул Бердиев бир-бири билан кўришганида, уларнинг нигоҳи эътиборимни тортди: грузиялик мутахассиснинг нигоҳи ютқазган одамни, ўзбек мураббийининг нигоҳи ғалаба қозонган одамни ифода этарди. Ўзи шунақа бўлди, шекилли-да?!»

ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев эса ҳакамлар фаолияти учун ПФЛ эмас, ЎФА жавобгар эканини эслатди:

«Ҳакамлар фаолияти учун ЎзПФЛ жавобгар бўлмаган. Одамлар қачондир буни тушуниб етиши керак. 

Бугунги ўйин учун Рўзиқул Бердиев ва «Насаф» йигитларига раҳмат айтиш лозим. Улар мағлубиятга лойиқ эмасди. Умид қиламанки, Ҳакамлар қўмитаси бугунги ўйинни алоҳида ўрганиб чиқади ва ўз хулосасини одилона тарзда эълон қилади», – деб ёзди Имомхўжаев шахсий Telegram-каналида.

Ўз навбатида, ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар департаменти директори Маъмур Саидқосимов ўйиндаги баҳсли вазиятларга изоҳ бериб ўтди.

Саидқосимовнинг «Championat.asia» нашри билан суҳбатда қайд этишича, бош ҳакам Азиз Асимов ўйиннинг 7-дақиқасида «Насаф» жарима майдончаси ичида юзага келган вазиятда адашган. Яъни, «Насаф» ҳимоячиси Маннонов Жалолиддин Машариповга нисбатан қоидани бузган, аммо Асимов мазкур вазиятни кўздан қочирган ва белгиланиши мумкин бўлган 11-метрлик «нуқта»ни кўрсатмаган.

ЎФА расмийсининг таъкидлашича, қолган вазиятлар, хусусан 11-дақиқадаги белгиланган пенальти тўғри деб топилган. Хулосага кўра, такрорий лавҳада тўп «Насаф» ҳимоячиси Ғолиб Ғайбуллаевнинг қўлига теккани кўринган.

ЎФА Ҳакамлар департаментидаги таҳлилий гуруҳнинг дастлабки хулосасига асосан, бош ҳакам томонидан учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда «Пахтакор»нинг ғалаба тўпи ҳам қоидаларга мос равишда киритилган. Унга кўра, 93-дақиқада Акром Комилов тўпни дарвозага тепиш чоғида «Пахтакор» футболчилари Марат Бикмаев ва Егор Кримец ўйиндан ташқари ҳолатда бўлмаган. Иккинчи эпизодда эса тўпга Бикмаев эмас, балки Эшмуродов ўйнагани айтилмоқда. Қўшимчасига, ўша вазиятда қанот ҳаками Расул Фозилов тўпга ҳимоячи ўйнаганини аниқ кўрганини таъкидлаган. Шу боисдан ҳам гол бўлганини қайд этиб, ишонч билан майдон маркази томон югурган.

Шу тариқа, ЎФА вакиллари мазкур учала баҳсли вазиятда «Пахтакор»нинг ҳар иккала голи ҳаққоний киритилган, деган дастлабки хулосага келишган. Расмийлар Азиз Асимов фақатгина 7-дақиқада – «Пахтакор» фойдасига пенальти белгиламаслик қарорида адашган, деб ҳисоблашмоқда.

Tribuna.uz фотомухбири кечаги ўйиннинг баҳсли вазиятларини тасвирловчи суратларни тақдим этади. Жамланмадан, шунингдек, учрашувдаги ҳароратни акс эттирувчи бошқа суратлар ҳам жой олган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз