Узбек O'zbek
Парадокс. ПФЛнинг навбатдаги ғояси ҳақида
Жума, 05 Апрел
4074

Кеча ижтимоий тармоқларда ва футбол сайтларида Ўзбекистон Профессионал лигасининг футбол клубларига юборган хати тарқалди. 2 апрель куни юборилган бу хатда клубларга мухлислар билан яхшироқ ишлаш тавсия қилинган, регламентнинг 15-15-банди тилга олинган, қанақадир жарималар ҳақида сўз борган.

Очиғи, бу хат аслида ПФЛ томонидан юборилмаган «фейк» бўлишидан умид қилгандим. Худди шу ҳолат ўтган йилнинг ёзида ҳам кузатилган – ўшанда Омон Ғофуров имзоси билан юборилган хатда чемпионат форматини турнирнинг қоқ ярмидан кескин ўзгартириш таклифи клубларга берилгани кўрсатилганди. Кечаги хатда эса, тушунмовчиликлар етарли, бир қараганда, клублардан ўқув юртларидан талабаларни чақириб, стадионни тўлдириш ёки мухлисларни телевизордан кўриниб турадиган шарқий секторга «ҳайдаш» талаб қилинаётганга, акс ҳолда жарима билан қўрқитилаётганга ўхшайди.

Ўхшайди, аммо аслида бошқача экан. Омон Ғофуровнинг кейинчалик, «Трибуна»га берган интервьюсига қараганда, хат мазмуни нотўғри тушунилган. Коллежлар ва маҳаллалар ҳақидаги гаплар клубларнинг маркетинг сиёсати ва етарлича тарғибот амалга оширилмаётганига ишора бўлса, шарқий зонани тўлдириш футболда янгилик эмас, Ғофуровнинг айтишича, Ла Лига ҳам бу тажрибани қўллайди – маҳсулот имижини ошириш учун телекамералар рўпарасини мухлислар билан тўлдиришнинг ёмон томони йўқ. Хўп.

Келинг, энди вазиятга чуқурроқ ёндашамиз. Аввал, ўша машҳур 15.15-бандида нима дейилган?

«Барча мусобақаларга кириш чипталарининг нархи клуб томонидан мустақил ўрнатилади. Шу билан бирга, чипталарнинг минимал нархини ЎФА ва ЎзПФЛ белгилайди.

Кириш чипталарининг сотилишидан тушган даромад учрашувда майдон «эгаси» бўлган клуб ихтиёрида қолади. Чипта нархининг белгиланишида VIP-секторларга туташ секторлар учун чиқарилган чипталар нархи, қарама-қарши томон секторлари учун чипталар нархидан камида уч марта қимматроқ бўлиши шарт. Бунда мана шу туташ секторлар учун чиқарилган чипталар нархи 50 минг сўмдан кам бўлмаслиги керак».

«Агар клуб VIP-секторга қарама-қарши, яъни, камера объективи кўрсатаётган секторларининг 70 фоизи мухлислар билан тўлишига ишонса, у ҳолда клуб VIP-секторга туташ секторлар учун чипталарни исталган нархда сотишга ҳақли. Йўқса, клубга нисбатан жарима қўлланилади».

Таржима қиламан. Агар ўйинда стадионнинг барча секторлари тўлса, яъни телекамера объективи тушадиган секторлар ҳам мухлислар билан тўлиқ бўлса, ПФЛ клубдан VIP-секторга туташ секторлар учун чипта нархини камида 50 минг сўм (қарши томондаги сектордан уч баробар кўп) бўлишини талаб қилмайди.

Агар фақат VIP-секторга туташ , яъни марказий сектор тўлиб, телевизорда кўриниб турадиган қарши тарафдаги секторлар 70 фоиз тўлмаса, тамом – 1) клуб жарима тўлайди 2) марказий секторлардаги чипта нархларини камида 50 минг сўм қилмагани учун регламентни бузган ҳисобланади.

Яъни, ўзимизнинг тилда тушунтирганда, ПФЛ стадиони одатда тўлмайдиган клубларга айтяптики, «сизлар одатда мухлислар ўтирадиган марказий секторларни, бошқача айтганда, соябон остидаги секторларни қиммат қилиб қўйинглар, шунда мухлис мажбуран, 50 минг сўмга чипта олмасдан, 15-20 минг сўмга қарши томонда ўтиради. Натижада, телевизорда кўрилганда, чиройли туради манзара». Шу.

ПФЛ клублардан мухлислар билан ишлашни, улар учун шароитларни яратишни, ўйинларни намоз вақтларига тўғрилашни-ю, ифторликлар ташкил қилишни, оилавий секторлар, кўнгилочар дастурлар ва бошқа бир қатор янгиликларни бир томондан талаб қилса-ю, иккинчи тарафдан, «марказий секторлар учун чипта нархи 50 минг сўмдан кам бўлмасин, агар арзон қилсанг-у, қарама-қарши тараф тўлмаса, жарима тўлайсан», деса, қандай мантиқ бўлиши мумкин? Бир вақтнинг ўзида мухлисларга «мижоз» сифатида қараб, ҳамма нарса улар учун деб, иккинчи тарафдан шарқий томонни тўлдириш кераклиги бир-бирига зид эмасми?

Яна бир томондан, клублар ўз стадионидаги ташрифларни прогноз қилиш орқали, нархларни белгилаши керак ва яна, шу орқали, телекамера қаршисидаги секторлар тўлиқ бўлиши керак, дейиляпти. Прогноз яхши нарса, Европадаги хусусий клублар бу ишни амалга оширишади ва ташрифлардан келиб чиқиб, стадионни кенгайтириш, секторларни кўпайтириш ёки ўриндиқлар камайиши ҳисобига шароитни яхшилаш устида иш олиб борилади.

Аксарият клубларларимиз вилоят марказида бюджет пулига ёки Универсиада учун қурилиб қолган стадионларда тўп суришини эътиборга олсак, улардан «мана шу стадионни тўлдир» деб талаб қилиш инсофданми? Ахир ҳеч бир стадион сиғими ўша уерда тўп сурадиган Суперлига клубининг мухлислар сони ва прогнозидан келиб чиқиб аниқланмаган-ку? Ёки эртага, «Локомотив» ҳар қанча маркетинг қилмасин, мухлислар билан ишламасин, стадионни тўлдиролмаса, аксинча, водий жамоаси бу борада ҳеч қандай иш қилмасдан ҳам, ҳудуддаги хусусиятдан келиб чиқиб, стадиони тўлаверса, нима бўлади? «Локомотив» жарима тўлайдими коллежлар ёки маҳаллалар билан яхши ишлай олмагани учун?

Балки клубнинг ўзидан келиб чиқилса, «Қизилқум» беш минг ўриндиқли, «ОКМК» уч минг ўриндиқли ихчам, чиройли стадион қуриб олиши ва ПФЛдан «мухлислар билан ишлай олмаяпсан» деган даккиларни эшитмаслиги, жарима тўламаслиги мумкин-ку? Умуман, бундай қараш клубларга стадионни кенгайтиришни эмас, кичрайтиришга эҳтиёж сезадиган қилиб қўймайдими? Ёки яна ўша «Локомотив» ОЧЛдаги амбициялари ва томошабинлар сонидан келиб чиқиб катта стадион қуриб қўйиб, Суперлигани тўлдира олмаётгани туфайли, бир умр жарима тўлаб юрадими?

Хўп, энди буни ПФЛ клублар билан биргаликда ривожланишни истаётгани, турли замонавий талаблар орқали, ишлашни ўргатаётгани ва бир кун ҳаммаси яхши бўлишига йўйиш мумкиндир. Бутун дунёда турли секторлардаги чипта нархларида тафовут бор. Аммо биринчидан, бу ПФЛ томонидан уч баробар бўлиши кераклигини талаб қилиши, иккинчидан жаримага тортиш куракда турмайди. Ҳа, Европада, Ла Лигада шундай, умуман Европа лигаларини мисол қилиш урф бўлиб қолган, лекин бошқа тарафдан, Ла Лигадаги ўша талаблар ҳам, жарима суммалари ҳам маълум бир ишлаб турган тизимнинг бир бўлаги сифатида пайдо бўлганини тушуниш қийин эмас-ку?

Хўш, Испанияда бу қандай ва нега биз улардан ўрнак олишимиз нотўғри?

Испанияда 2016 йилгача ўйинлар трансляциясига боғлиқ шартномалар билан клублар мустақил шуғулланишган. Натижада, бутун дунёда талаб катта бўлган «Барселона» ва «Реал» лигадаги бошқа клублардан бир неча баробар катта пул ишлашган. Бу ҳолатни ўзгартиришга ҳатто Ла Лиганинг ҳам кучи етмай, охири, мамлакат Вазирлар Кенгаши орқали, янгиликка қўл урилади, яъни трансляция ҳуқуқлари яхлит шартнома орқали сотишга эришилади.

Энди, трансляция ҳуқуқларининг сотилишидан Ла Лига умумий даромад қилиб, бу суммани клублар ўртасида тақсимлашни бошлайди. Шунда ҳам, «Реал» ва «Барселона»нинг улуши бошқа клубларга нисбатан бир неча баробар кўпроқ бўлса-да, умуман, Испания ўртамиёна ва аутсайдер клубларининг улуши икки баробарга ошади – илк мавсумда Ла Лига «Леганес»га 39,3 миллион евро берилади – бу энг кам миқдор.

Шарқий трибуналар, телекамера қаршисида секторларнинг 75 фоизга тўлиқ бўлиши борасидаги талаблар айнан ўшанда, яъни ТВ ва Ла Лига ўртасидаги яхлит шартнома тузила бошланганда пайдо бўлган ва бизнинг ҳолатимиз билан фарқ катта.

Биринчидан, ТВ компанияси харидор сифатида Лигадан, Лига эса, ўз навбатида, клубга пул бераётгани ташкилот сифатида мана шундай талаб қўйиши мантиқан тўғри. Бизда бутунлай тескари - клуб ПФЛга бадал пули тўлайди. ПФЛ эса, ўйинларни намойиш қилгани учун «Спорт ТВ»га пул тўлайди. Клуб бевосита Лигага, восита билан «Спорт ТВ»га пул тўлаб туриб, яна бунинг устига жарима ҳам тўлаши инсофданми?

Иккинчидан, жарима суммаларига эътибор қаратамиз.

Ла Лига стадионнинг ТВ объективига тушадиган қисми 75 фоиз (бизда шуни 70га туширишибди, раҳмат)з тўлмагани учун клубдан 5-6 минг евро миқдорида жарима олиши белгиланган. Агар кўрсаткич 50 фоиздан пастроқ бўлса, икки баробар кўпроқ, яъни 10-12 минг евро жарима белгиланган. Суммалардан англаш мумкинки, бу бир тарғибот, тавсия сифатида ишлатилади, қатъий, ҳал қилувчи талаб эмас.

Масалан, бир клуб мавсумдаги 19 ўйинда шундай камчиликка йўл қўйса, максимум 400 минг евро жарима тўлайди. Бу эса, Лига бир йил давомида клубга берадиган пулнинг 1 фоизига тенгдир. Яъни, Лига клубга маълум бир талаб қўймоқда ва бажарилмаса, ўзи бераётган пулнинг атиги 1 фоизини жарима қилиб ундирмоқда, холос.

Ўзбекистон ПФЛ талаб қилаётган 15, 30 ва 50 миллион сўмлик жарима суммалари қаердан келди? Клублардан тинмай профессионалликни талаб қилиб, Испания тажрибаларини қўллаётганига жавобан, клублар ҳам «хўп, сен ҳам бизнинг футбол ўйнаётганимиз учун бир йилда фалон миллион тўлашинг керак, Ла Лигада ҳам шунақаку?» дейишга ҳақли бўлиб қолмаяптими? Менимча, тизимлар яхлит ҳолатда самарали бўлади, умуман бошқа муносабатлар тизимидаги талабларни олиб келиб, ўрнатишга уриниш тўғри эмас, менимча.

«Маҳсулот имижини ошириш учун» деган сабаб келтирилмоқда, қизиғи, клублар футболини маҳсулот сифатида сотмаётгандан кейин, аксинча, футбол ўйнаётгани учун ПФЛга ва «Спорт ТВ»га пул тўлаётган бўлса, қайси маҳсулот имижи ҳақида гап кетмоқда? Бу шароитда клуб учун ўйини телевизорда кўрсатилмаслиги фойдалироқ эмасми, шарқий секторни тўлдириш, жарима тўлаш муаммолари чиқмаслиги учун? Парадокс.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, агар ПФЛ футбол имижи ошиши, футбол профессионаллашувига эришмоқчи бўлса, айнан ўша ёруғ кунлар келгунча, яъни бутун футболимиз, жумладан, ПФЛ ҳам профессионалга айланиб, ўзини таъминлашни бошламагунча, бундай жарималар ва бир томонлама талаблардан тийилиб тургани дуруст.

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз