Узбек O'zbek
«Ас-Садд» 6 йил ичида илк марта Қатар чемпиони бўлди
Жума, 05 Апрел
1988

«Ас-Садд» клуби Қатар юлдузлар лигасида сўнгги тур олдидан чемпионликни қўлга киритди.

Пайшанба куни Доҳадаги «Жассим бин Ҳамад» стадионида пойтахт дербиси бўлиб ўтди, унда «Ас-Садд» «Ал-Аҳли»ни 7:2 ҳисобида мағлуб этди. Шу куни 2-ўриндаги «Ал-Дуҳайл» сўнгги поғонадаги «Ал-Ҳарайрат»га ютқазиб қўйди – 0:1.

Натижада 21-турдан кейин пешқадам ва таъқибчи ўртасидаги фарқ 7 очкога етди ва «Ас-Садд» чемпионат якунланишига бир тур қолганида чемпионликни расмийлаштирди, ўтган мавсум чемпиони «Ал-Дуҳайл» эса 2-ўрин эгасига айланди. Бронза медали учун «Ас-Сайлия», «Ар-Райян» ва «Ал-Аҳли» клублари курашмоқда.

Қайд этиш керак, «Ас-Садд» Қатарнинг энг кўп карра чемпиони саналади. Клуб 14-маротаба мамлакат чемпионатида бош совринни қўлга киритмоқда. Жамоа охирги марта 2012/13, ундан олдин 2006/07 мавсумида чемпион бўлган.

Эслатиб ўтамиз, таркибида испаниялик яримҳимоячи Хави ҳам тўп сурувчи «Ас-Садд» Осиё Чемпионлар лигасида Тошкентнинг «Пахтакор» клуби билан бир гуруҳдан жой олган. «D» квартети вакиллари 9 ва 22 апрель кунлари 3- ва 4-турларда дастлаб Тошкентда, сўнг Доҳада тўқнаш келишади.

2-турдан кейин «Пахтакор» 4 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. «Ас-Садд» ва Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клублари 3 очкодан жамғаришган, Эроннинг «Персеполис» жамоаси ҳозирча фақат 1 очко тўплаган.

Изоҳ: «Ас-Садд» клубига 1969 йилда – бундан 50 йил олдин асос солинган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз