Узбек O'zbek
Одил Аҳмедов: «Европадан таклифлар кўп эди, лекин...»
Пайшанба, 04 Апрел
18361

Ўзбекистон миллий жамоаси ва Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби яримҳимоячиси Одил Аҳмедов Россиянинг «Известия» нашри мухбири билан суҳбатда бўлди.

Интервью давомида 31 ёшли футболчи Хитой ва Россиядаги фаолияти, Европа клубларидан тушган таклифлар, ўзи асос солган «Одил жуниор» академиясига оид ва бошқа мавзулардаги саволларга жавоб бериб ўтган. Қуйида интервью матни тўлиқ келтириб ўтилади.

– Мана учинчи йилдирки, Хитой чемпионатида ўйнаяпсиз. Бу мамлакатни тўлиқ кўникиб кетдингизми?
– Сўзимни мени Хитойда жуда яхши кутиб олишганини айтиш билан бошламоқчиман. Клуб менга қулай бўлиши учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қилди. Шунга қарамай, кундалик ҳаётда менталитет ва тил тафовути анчагина сезилади. Бу юртга ростманасига энди-энди мослашишни бошладим, дея оламан.

– Маиший турмушда нималарга кўникиш ҳаммасидан ҳам кўпроқ қийин кечди?
– Ҳалигача Хитой ошхонасига ўргана олмадим. Шунинг учун ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистондан олиб келтираман. Уйда ўзимизда ўзбек миллий таомларини тайёрлаймиз.

– Хитойда сизни энг ажаблантирган нарса?
– Хитойликларнинг ўзлари. Хушкайфият одамлар; доимо ёрдамга шай туришади. Бу мамлакатда очиқ кўнгилли инсонлар яшашади.

– Бунга қадар узоқ вақт Росссияда ўйнадингиз. Юртимизни соғинмадингизми?
– Албатта, соғинаман. Россия чемпионатида умримнинг олти йилини ўтказдим. Бу йиллар футболдаги карьерамнинг энг ёрқин дамларидан бири сифатида ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Еврокубокларда ўйнаш орзумга рус клублари билан етишдим. Россиядаги мухлислар доимо ёнимда туриб, мени қўллаб-қувватлаб туришди. Булар мен учун қадрли хотиралар.

– «Шанхай»да Андре Виллаш-Боаш қўл остида ўйнадингиз, у бундан аввал «Зенит»да ишлаган. Россиядалигида у ҳакамлар ва чемпионат тузилмасидан тез-тез шикоят қилиб турарди. Хитойда ҳам ўзини шундай тутдими?
– Бундай ҳолатлар Боаш билан Хитойда ҳам рўй бериб турди, лекин у ерда лига қоидалари анча қатъий. Гап-сўзлари учун бир неча марта дисквалификация қилинди. Умуман, мураббий Россияни тез-тез эслаб турар, у ерда ўтказган дамларини қумсарди.

– Аввал РПЛда ўйнаган бир неча футболчи ҳозир Хитойда тўп тепяпти. Улардан айримларининг Россияга қайтишлари қанчалик ҳақиқатга яқин?
– Менимча, ҳозир бунинг иложи йўқ.

– Балки сиз Россияга қайтарсиз?
– РПЛ клубларидан таклифларни кўриб чиқишга тайёрман. Россия чемпионатига юқори баҳо бераман.

– Хитойга кетишингиздан олдин сизга Европадан, аниқроғи Франциядан таклифлар бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқаганди. Бу ростми?
– Ҳа, рост. «Ницца»га ўтиш варианти бўлганди. Лекин «Шанхай»нинг таклифи мени ҳам, ўша вақтдаги клубим «Краснодар»ни ҳам тўла қониқтирган. Шунинг учун фаолиятимни Хитойда давом эттиришга қарор қилганман.

– «Анжи»да ўйнаган пайтларингизда эса Лондоннинг «Арсенал» клуби сизга қизиққани ҳақида гаплар юрарди. Бу ҳам ҳақиқатми?
– Ҳа, шундай бўлганди. «Анжи»га сўров юборишган, лекин ўша вақтда Махачқалъа клуби – жуда улкан лойиҳа эди, ўз олдига роса катта мақсадларни қўйганди. Менга бу лойиҳанинг муҳим иштирокчиларидан бири сифатида қарашарди.

– Нега ўша трансфер амалга ошмай қолди?
– Французлар айтганидек, c'est la vie (французчада: «Бу – ҳаёт»). (кулади)

– Хитойда маошлар юқорилиги ҳақида ҳамма гапиради. «Краснодар»даги билан солиштирганда, маошингиз миқдори анчага ўзгардими?
– Рақамларни келтира олмайман, лекин «Краснодар»даги иш ҳақим билан таққослаганда маошим геометрик прогрессия кўринишида ортди.

– «Анжи»дан «Краснодар»га ўтганингизда молиявий йўқотишларингиз катта бўлганмиди?
– Очиғини айтсам, таққослаб кўрмаганман. (кулади)

– Айтишларича, «Краснодар»нинг хўжайини Сергей Галицкийга сизнинг ўйинларингиз жуда маъқул келган экан. У қандай қилиб сизни Хитойга қўйиб юборди?
– Сергей Николаевични жуда ҳурмат қиламан. У билан доим алоқада бўлиб турардик. Машғулотларга шахсан ўзи тез-тез келиб турарди. Россия футболи ривожида унинг ҳиссаси катта. «Краснодар» академияси болалар футболи ривожига жиддий туртки бўлди. Академия аллақачон ўз мевасини бера бошлаган. Хитойга кетишим ҳақида эса шуни айтишим мумкинки, футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин, турли трансферлар ҳам бўлиб туради.

– Ўзингиз ҳам ватанингизда академия («Odil Junior») очдингиз. Галицкийнинг изидан бордингизми?
– Ҳа, лекин ҳозирча бундай деб шов-шув кўтармоқчи эмасман. Академиямда энг ёш футболчилар шуғулланишяпти. Европа академиялари билан ҳамкорлик бошлашни режалаштиряпман. Айниқса, «Краснодар» билан ҳамкорлик қилишни хоҳлаяпман. Яқин келажакда ҳамкорлик бўйича махсус дастур ишлаб чиқиб, уни Сергей Николаевичга тақдим қилмоқчимиз.

– Футбол академиясига асос солиш ва уни юритиш қанчалик қимматга тушади?
– Менинг вазиятимда пул катта аҳамиятга эга эмас. Мен учун академияни сифатли жиҳатдан ривожлантириш муҳим. Келажакда Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатига чиқишини ва унинг таркибида бизнинг тарбияланувчиларимиз ўйнашини жуда ҳам хоҳлайман. Агар шу амалга ошса, чексиз ғурур ҳиссини туяман ва бу ҳис ҳар қанча пулдан устунроқ туради.

– Сизга Ўзбекистон ҳукуматидагилар ёрдам беришдими?
– Академия очиш – шахсий ташаббусим. Бу ғояни яқин дўстларим қўллаб-қувватлашди. Улар билан «Пахтакор»да ўйнаб юрган вақтларимдан буён танишмиз.

– Галицкийни «Анжи»нинг собиқ хўжайини Сулаймон Каримов билан солиштира оласизми? Доғистонлик бизнесмен билан бевосита мулоқот қилганмисиз?
– Мен уларнинг иккаласини ҳам ҳурмат қиламан. Сулаймон Абусаидович ҳам футболчилар билан бевосита ўзи гаплашишни ёқтирарди. Бутун жамоа тез-тез кечки овқатга йиғилиб турардик.

– «Анжи»даги қайси дамларни энг кўп соғинасиз?
– Ўша юлдузли таркибни бир эсланг! Ўша жамоанинг асосий таркиб ўйинчиси бўлишга ким ҳам йўқ дерди? Ҳар битта позицияда мамлакатдаги энг кучли спортчилар жамланишганди. Ёшлигингда ўйинларини фақат телевизорда кўрганинг футболчилар билан бирга ўйнаш – бу ҳиссиётларни тушунштириб бериш иложсиз.

– Айтишларича, «Анжи»да россиялик футболчилар ва легионерлар ўртасида келишмовчиликлар бўлган экан.
– Шундай бўлган. Игорь Денисовнинг трансферидан кейин у ва франциялик Лассана Диарра ўртасида низо чиқанди. Оқибатда бу жамоадаги муҳитга таъсир қилган. Ҳаммаси қандай тугагани барчага маълум. (Денисов «Анжи»га 2013 йил ёзида ўтган, бир неча ойдан кейин эса клубнинг ишлари орқага кетиб, барча юлдузлар тарқалиб кетганди – «Известия»).

– «Анжи» ўсишдан тўхтаётганини қаердан билгансиз? Ўша вақтда жамоада нима рўй берган?
– Ҳаммаси жуда тез бўлиб кетганди. Барчаси ҳақида эълон қилиниб, ҳамма юлдузлар тарқаб кетишганди. Ҳамма-ҳаммаси бор-йўғи бир кунда содир бўлган.

– Неча жамоанинг бошқа юлдузлари қатори сиз ҳам жамоани дарҳол тарк этмадингиз?
– Мен бошқача йўл тута олмасдим. «Анжи»га пул учун келмаганман – Россия чемпионатида ном қозонишни истагандим. Клуб менга шундай имкониятни берди, энди қандай қилиб уни қийин вақтларда ташлаб кетишим мумкин?

– Ўша вақтда Европа клубига ўтиш вариантлари бўлганмиди?
– Европадан таклифлар кўп эди, лекин ҳар сафар қандайдир деталлар музокараларни тўхтатиб қолаверган.

– «Анжи»да ҳозир нималар бўлаётганини кузатиш сизга оғир эмасми? Клуб жиддий молиявий қийинчиликларни бошдан кечиряпти – махачқалъаликлар мавсумни охирига ҳам етказа олмасликлари мумкин.
– Буларнинг ҳаммаси қайғули. «Анжи» – менинг хориждаги биринчи клубим. Бу клуб мен учун жуда қадрли. Жамоа чемпионатда аввалги ўринларига қайтиши доғистонлик мухлислар учун жуда муҳим.

Маълумот учун, Одил Аҳмедов 2011 йилги Осиё кубогидан кейин – 24 ёшида «Пахтакор»дан «Анжи»га ўтган, ушбу клуб сафида Россия кубоги финалига қадар етиб бориб, РПЛда 3-ўринни олган. Махачқалъадаги 2,5 йиллик фаолиятидан сўнг у «Краснодар»га ўтиб, бу жамоа таркибида ҳам худди шундай натижага эришганди – кубок финалига чиқиб, чемпионат бронза медали олган. 25-рақам эгаси 2016 йил охирида Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клубига кўчиб ўтди ва 2017 йилда мамлакат кубоги финалида ўйнаб, 2018 йилда Хитой чемпионига айланди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз