Узбек O'zbek
Ўзбекистон ФИФА рейтингида Ливандан ўзиб кетди
Пайшанба, 04 Апрел
5824

Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФАнинг 2019 йил апрель ойи учун терма жамоалар рейтингида тўрт поғона юқорилаб, 85-ўринга жойлашди. Осиё жамоалари ичида эса Ўзбекистон Ливанни ортда қолдириб, 11-поғонага чиқди.

Эктор Купер қўл остидаги жамоа март ойидаги ФИФА кунларида Хитойда бўлиб ўтган «China Cup» халқаро турнири доирасида иккита ўйин ўтказганди. Дастлаб Уругвайга 0:3 ҳисобида ютқазган ўзбекистонликлар кейинги ўйинда мезбон Хитой миллий жамоасидан 1:0 ҳисобида устун келишганди.

ФИФА рейтингининг янги талқинида Осиё жамоалари рейтингидаги юқори ўнлик ўзгармай қолган. Унда умумий рейтингда 21-ўриндаги Эрон миллий жамоаси етакчилик қилмоқда. Юқори тўртликдаги Эрон, Япония, Жанубий Корея ва Австралия миллий жамоалари умумий рейтингда тенг даражада – бир поғонадан юқорилашга эришишган.

Жаҳон рейтингини ҳамон Бельгия миллий жамоаси бошқариб турибди. Энг юқори учликдан Франция ва Бразилия ҳам жой олган. Англия миллий жамоаси Хорватиядан илгарилаб кетиб, 4-ўринга, Уругвай эса Португалияни ортда қолдириб 6-ўринга чиқиб олган. Ўнликдаги бошқа жамоалар – Швейцария (8-ўрин), Испания (9) ва Даниянинг (10) ўрни ўзгармай қолган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз