Узбек O'zbek
Футзал бўйича Жаҳон чемпионатига борган Покистон миллий жамоаси Аргентинадан депорт қилинди
Чоршанба, 03 Апрел
8400

Футзал бўйича Покистон миллий жамоаси миллий хавфсизлик масалалари туфайли Аргентинадан депорт қилинди. Жамоа Халқаро футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилган жаҳон чемпионатида қатнашиш учун ушбу мамлакатга келганди.

«Жамоанинг 7 нафар аъзоси Дубайда ушланди, қолганлар Эсейса аэропортига (Аргентинадаги энг йирик халқаро аэропорт – таҳр.) етиб келишганидан сўнг депорт қилинди. Аргентина Ташқи ишлар вазирлиги миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан уларга виза беришни рад этди», – дейилади Аргентина футзал конфедерацияси матбуот хизмати хабарида.

Покистонлик футзалчилар билан боғлиқ воқеа чемпионат старт олишига 48 соатдан камроқ вақт қолган пайтда рўй берган, шунинг учун уларнинг ўрнига турнирда бошқа жамоа иштирок этмайдиган бўлган. Аввалроқ Канада миллий жамоаси ҳеч қандай тушунтиришларсиз мусобақада қатнашмаслигини билдирган, уларнинг ўрнини АҚШ футзал жамоаси эгаллаганди.

31 март куни бошланган Жаҳон чемпионати 7 апрелда ниҳоясига етади. Унда 15та жамоа курашга киришган. Покистоннинг иштироки бекор қилингач, мусобақада Осиёдан фақат Непал миллий жамоаси қолди. Иштирокчилар орасида Каталония ҳам бор. Каталонияликлардан ташқари, Европа номидан Франция ва Италия, шунингдек Африкада жойлашган Марокаш футзалчилари қатнашмоқда.

Қайд этиш керак, Халқаро футбол ассоциацияси байроғи остида ўтувчи ушбу мусобақа ФИФА томонидан тан олинмаган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз