Узбек O'zbek
«Реал»нинг қийин ғалабаси? Нима бўпти?
Душанба, 01 Апрел
10967

Кеча Мадриднинг «Реал» клуби ўз майдонида турнир жадвалида сўнгги поғонада бораётган «Уэска»ни қабул қилди ва фақат сўнгги дақиқалардаги гол эвазига қийин ғалабага эришди. Табиий равишда, ўйиндан сўнг яна танқидий фикрлар, жамоа Зидан келгач ҳам ўзгармаётгани, балки Соларини олиб қолиш керак бўлгани ҳақида фикрлар ҳам пайдо бўлди. Умуман «Реал»нинг ўйини, натижалари, гарчи турнирга ҳеч қандай таъсири бўлмаса ҳам бутун футбол жамоатчилигининг кўз ўнгида бўлиши табиий.

Эътиборингизга россиялик машҳур шарҳловчи Станислав Мининнинг бу борадаги фикрларини ҳавола этамиз. 

«Уэска» – ёмон жамоа эмас. Умуман, Ла Лигада бу мавсумда ёмон жамоанинг ўзи йўқ. Франсиско – яхши мураббий, буни у «Альмерия»ни бошқарганда ҳам исботлаганди. Уни аслида ёзда, Руби истеъфога чиққанида таклиф қилиш керак эди. «Уэска»да ҳозир мотивация энг юқори даражада. Жамоа ҳали тақдирга тан бергани йўқ. («Уэска» 17-ўриндан 7 очко кам жамғарган ҳолда, сўнгги ўринда бормоқда).

«Реал»да эса, аксинча, турнир нуқтаи назаридан ҳеч қандай мотивация йўқ. «Реал» учинчи ўриндан пастга тушиб кетмайди, Чемпионлар Лигасидан битта ўрин ҳам нақд. Ҳатто Испания суперкубогининг янги форматига ҳам тушади – айтишларича, у ерда энди 4 жамоа қатнашади: Қироллик кубоги финалчиларидан ташқари, «Атлетико» ва «Реал» совриндорлар сифатида бўлишади.

«Реал» топ-клублар ичида, ҳозирдан кейинги мавсум тайёргарлигини бошлаши мумкин бўлган ягона жамоадир. Зиданнинг 11 тур қолганда, мадридликлар барча турнирлардан умид узган пайтда тайинланишининг асл сабаби ҳам шу. Переснинг балки бу мавсумдаги энг тўғри қарорларидан бири ҳам шу – Зиданни айнан шу пайтда қайтариш бўлди.

Баъзилар Соларининг йил охиригача ишлашга қўйиб бериш керакж эди, айтишмоқда. Нега? Ундан омад кетиб бўлганди, барибир май ойида истеъфога кетарди. Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизликдан сўнг, у худди икки оёғи билан ҳам оқсоқланаётган ўрдакка ўхшаб қолганди. Тўғри, у Винисиусга ва Регилонга имконият берди, аммо уч нафар жуда кучли футболчини захирага ўтказиб қўйганди. Бу футболчилар кетиш ҳақида ўйлай бошлашди. Жамоадаги муҳитни ўзгартирмай туриб, бу футболчиларнинг нияти қанчалик жиддий, улар «Реал»га керакми ёки йўқми, ёрдам бера оладиларми ёки йўқми, буни билиб бўлмасди. Солари мураббий экан, бу саволларга жавоб ҳам бўлмасди.

Ечим оддий эди. Яна 11 тур депрессия, норозилик ва қаторасига уч марта Чемпионлар Лигасини ютган жамоанинг тўлиқ тугатилиши ёки бугундан тартиб ва хотиржамлик билан янги жамоани қуришни бошлаш. Перес иккинчи вариантни танлади. Бу вазифа учун эса, Зидан мукаммал вариант эди.

Зидан аллақачон 19 футболчини синаб кўрди. Соғлом футболчилар ичида фақат Регилон майдонга туширилмади. Биринчидан, у билан ҳаммаси тушунарли. Солари даврида яхшигина ўсди. Иккинчидан, Марселонинг бугунги ҳолати ҳақида билиш лозим эди. Фақат жисмоний эмас, муносабат нуқтаи назаридан. Биз, томошабинлар, журналистлар учун эмас, Зиданнинг ўзи билиши керак эди буни.

Албатта, «Реал» ёзда янги футболчилар сотиб олади. Айтиш керакки, «Реал» анчадан бери йирик харидлар амалга оширмаётганди. ОАВда Мбаппе, Погба, Азар каби номлар тилга олинмоқда. Саккиз ёки ўн йил олдин уларнинг ҳаммаси Переснинг таклифига лаббай деб жавоб берган бўлишарди. Энди қандай бўлади, айтиш қийин. Аммо шуни айтиш керакки, бу мавсум Перес бошқача йўл билан жамоа тузишга энди уринмайди ҳам. У анча ёшга бориб қолди ва ўзгармаслиги аниқ.

Пересга ақл ўргатиш шарт эмас – у юлдузларни Мадридга чорлай олади, фақат унга улар учун мос муҳит ва шароитни ярата оладиган мураббий керак. Бундай ривожланиш режаси балки сизга ёқмас, балки сиз «Реал»ни худди «Барселона» қиладигандек, бутун дунёга ўз услубини ёймаслиги учун жинингиз суймас? Аммо бошқача бўлмайди. Керакли шароит ва харидлар амалга оширилгач, албатта, «Реал» яна чиройли, ҳужумкор футбол кўрсатишни бошлаб юборади. 

Шунинг учун чоршанба куни «Месталья»да бўлиб ўтадиган ўйин ва яна қолган 8 турни фақат келажак учун тайёргарлик сифатида баҳолашимиз тўғрироқ бўларди. Мавсумолди ўйинлардан фарқли равишда, шунчаки, «Реал»га юқори мотивацияга эга бўлган кучли рақиблар рўпара келишади. Худди «Уэска» каби... Бундан ортиқ тайёргарликни топиб бўлармиди?

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз