Узбек O'zbek
Англияда ҳал қилувчи ўйинлар, Испанияда Каталония дербиси. Европага клублар футболи қайтмоқда
Жума, 29 Март
7055

Терма жамоалар ўз йиғинларини якунлашди, Европа ва бошқа қитъаларда саралаш ва ўртоқлик ўйинлари ниҳоясига етди. Энди яна клублар футболига қайтамиз ва Европанинг энг кучли жамоалари ҳам ички чемпионатда, ҳам еврокубокларда мавсумнинг сўнгги чорагига кириб келмоқда. Испанияда Каталония дербиси, Англияда чемпионлик ва кучли тўртлик курашида муҳим аҳамият касб этадиган тўқнашувлар билан навбатдаги футбол ҳафтаси бошланади.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – УОТФОРД (30 март, 20:00)

«Манчестер Юнайтед» ниҳоят Оле Гуннар Сульшер билан тўлақонли шартнома имзолади ва норвегиялик мутахассис яна уч йил жамоани бошқарадиган бўлди. Сульшер вақтинча эмас, доимий мураббий сифатида ўзининг дебют учрашувини «Уотфорд»га қарши ўтказади.

Моуриньо истеъфога чиқишидан сал олдинроқ, Чемпионлар Лигасига йўлланма берувчи тўрт ўриндан бирини эгаллаш «МЮ» учун фантастика эканини айтганди. Ўшанда манчестерликлар кучли тўртликдан 11 очко орқада бораётганди. Аммо Сульшер вазиятни ўнглади, фантастика ҳақиқатга айланди, ҳозирда «МЮ»ни учинчи ўриндан атиги 3 очко ажратиб турибди, холос. Сульшер ҳам шартномадан кейинги илк матбуот анжуманида асосий мақсадлардан бири Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш эканини яширмади.

Аммо осон бўлмайди. Биринчидан, «Уотфорд»га қарши ўйин терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейин бўлиб ўтмоқда. Яъни, терма жамоа билан биргаликда турли мамлакатларга кетиб, қайтиб келган футболчилар мезбонлар сафида кўпроқ. Иккинчидан, ўзи шундоқ ҳам жамоа таркибида жуда кўп жароҳатланган футболчилар бор эди. Эррера, Санчес, Жонс, Лингард, Мата, Дармиан каби футболчилардан ташқари, Марсиял, Рэшфорд, Лукаку ва Матич ҳам ўз терма жамоаси йиғини олдидан жароҳатланиб қайтишган. Уларнинг «Уотфорд»га қарши қай даражада тайёр эканликлари ҳали аниқ эмас.

Ўз навбатида «Уотфорд» ҳам анойи эмас ва турнир жадвалининг дастлабки ўнлигида бормоқда. «Юнайтед» уларга қарши охирги 4 ўйинни ғалаба билан тугатган бўлса-да, бу ўйинларнинг ҳар бирида «Уотфорд» рақибга етарлича муаммолар туғдира олган. Биринчи даврадаги ўйинда «Манчестер Юнайтед» меҳмонда 2:1 ҳисобида устун келганди.   

БАРСЕЛОНА – ЭСПАНЬОЛ (30 март, 20:15)

Мавсум тугашига 10 тур қолганда, «Барселона» 10 очколик фарқ билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда ва ҳар бир ғалаба каталонияликларни навбатдаги чемпионлик сари яқинлаштиради. «Барселона» Чемпионлар Лигасида курашни давом эттираётган ягона испан жамоаси экани ҳисобга олинса, «бўш вақтлар»да очко йўқотмасдан, иложи борича, чемпионликни расмийлаштириш Вальверде жамоаси учун муҳимдир.

«Эспаньол»ни эса, ҳазиллашиб Мадриднинг Каталониядаги фарм клуби дейишади. Сабаби, айнан «Эспаньол» билан ўйинларда ҳақиқий дерби мақомини ҳис қиласиз, жамоа доимо «Барселона»га қаттиқ қаршилик қилиб келади. Ла Лига доирасида Эспаньолда ўтган охирги 4 ўйиннинг иккитасида дуранг қайд этилган, шунингдек, ўтган йили Испания кубогида «Эспаньол» ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан.

Шунингдек, турнир нуқтаи назаридан ҳам меҳмонларга очко зарур. Жамоа турнир жадвали эвкаторига яқин жойлашган бўлса-да, хавфли зонадан ҳам у қадар узоқлашиб кетмаган. Ўз навбатида, еврокубоклар ўрни билан ҳам атиги 6 очколик масофа ажратиб турибди, холос.

Таркиблар борасида «Эспаньол»нинг ҳолати ёмонроқ. Асосий таркиб ўйинчилари Лопес, Налдо, Дуарте ва мавсум охиригача сафдан чиққан Пабло Пьятти шерикларига ёрдам бера олмайди. «Барселона» учун эса, терма жамоалар билан боғлиқ танаффус эндигина якунлангани ва деярли бутун таркиб йиғинларда иштирок этгани ноқулайлик туғдириши мумкин. Хусусан, етакчи ҳужумчилар Лионель Месси ва Луис Суарес кичик жароҳат туфайли йиғинлардан қайтиб келган. Уларнинг бу ўйинга тайёр экани айтилаётган бўлса-да, қандай спорт формасида эканликлари ҳозирча маълум эмас.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, бу тур якунланиши билан, ҳафта ўртасида Испанияда яна бир тур ўйинлари бўлиб ўтади. Яъни, Чемпионлар Лигаси бошлангунча, бир ҳафта ичида «Барселона» 3та ўйинда майдонга тушади. Кучларни тўғри тақсимлаш учун ҳам Вальверде ўйинларда таркибларда бироз ўзгаришлар қилиши. Ротацияга кўпроқ эътибор қаратиши мумкин.

САМПДОРИЯ – МИЛАН (31 мартга ўтар кечаси, 00:30)

Миланликларнинг А Серияда 8 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига чек қўйилди. Жамоа 2019 йилда илк маротаба мағлубиятга учради ва «Интер»ни учинчи ўринга ўтказиб юборди. Энди 4 очколик фарқ билан таъқиб қилиб келаётган бешинчи ўриндаги «Рома»ни яқинлаштирмаслик учун ҳам «Милан» яна янги ғалабали серияни бошлаши шарт.

Рақиб бўлмиш «Сампдория» эса анойи эмас, айниқса, сўнгги пайтларда жуда сермаҳсул ўйин намойиш қиляпти. Мисол учун, ўтган турда «Сассуоло» майдонидаги ғалаба (5:3) генуяликларнинг ҳужум чизиғида муаммо йўқлигини кўрсатади. Қанақа муаммо ҳам бўлсин, ахир Италия футболи фахрийси Фабио Куальярелла нечанчидир ёшлигини ўтказмоқда ва 21 гол билан А Серия тўпурарлари жадвалида етакчилик қилмоқда. «Милан» сафида ҳам бомбардир бор – Кшиштоф Пёнтек жорий мавсумда 19 гол урган. Демак, бу ўйин тўпурарларнинг ҳам ўзига хос баҳсига айланса ажаб эмас.

«Сампдория»га Гастон Рамирес, Эдгар Баррето, Жанлука Капрари ва Роренцо Тонелли ёрдам бера олишмайди. Меҳмонлар сафида эса Маттиа Калдара машғулотларга қайтган.

РОМА – НАПОЛИ (31 март, 18:00)

Италия чемпионати жадвалининг юқори қисмида фақат битта интрига қолди. «Ювентус» чемпионликни деярли ҳал қилган, «Наполи»дан ҳам ҳеч ким иккинчи ўринни тортиб ололмаслиги ойдинлашган. Фақат Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи икки ўрин учун уч жамоа – «Интер», «Милан» ва «Рома» кураш олиб бормоқда. Юқорида айтилганидек, ҳозирда «Рома» 4 очколик фарқ билан 5-ўринни эгаллаб турибди.

Мана шу кураш нуқтаи назаридан «Рома» ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушиши шубҳасиз. Рақиб «Наполи» экани ҳам чўчитмаслиги керак, зеро римликлар бу жамоага қарши сўнгги ўйинларни жуда яхши ўтказишмоқда. Роппа-роса бир йил олдин Неаполда бўлиб ўтган тўқнашувда «Рома» 4:2 ҳисобида устун келган эди. Дарвоқе, ўша мағлубият туфайли «Наполи» ўтган мавсумда чемпионлик пойгасидан чиқишга мажбур бўлган, демак, бу сафар неаполликлар «Рома»ни чалиб қолишга уринишлари мумкин. Шунингдек, ушбу мавсумнинг биринчи даврасида, яна Неаполда ўтган ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Қизиғи, бу жамоалар ўртасида бўлиб ўтган Римдаги ўйинларда аксинча, меҳмонлар устунроқ ҳаракат қилишмоқда – охирги икки ўйин «Наполи»нинг ғалабаси билан якунланган.

ЛИВЕРПУЛЬ – ТОТТЕНҲЭМ (31 март, 20:30)

Кучли бешликда фақат Бундеслига ва АПЛда чемпионлик учун кураш қизғин кечмоқда. Англияда «Ливерпуль» 76 очко билан турнир жадвалини бошқариб турган бўлса, «Манчестер Сити» ҳисобида 74 очко бор, аммо Гвардиола шогирдлари бир ўйин кам ўтказган. «Ливерпуль» мавсум охиригача топ-6 рақибларга қарши икки марта майдонга тушади. Иккала ўйин ҳам ўз майдонида – «Тоттенҳэм» ва «Челси»га қарши. «Манчестер Сити» эса, «Тоттенҳэм»ни қабул қилади ва апрель ойи охирида «Олд Траффорд»га сафар қилади. «Тоттенҳэм», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» кучли тўртлик учун қаттиқ кураш олиб бораётганини ҳам эътиборга олсак, бизни жуда қизиқарли якун кутиб турибди.

Мана шундай ўйинлардан бири якшанба куни «Энфилд»да бўлиб ўтади. «Ливерпуль» йўқотилган очколар бўйича орқада бўлса-да, бу ўйиндан бир кун олдин «Манчестер Сити» «Фулҳэм» меҳмони бўлади ва катта эҳтимол билан биринчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин. «Ливерпуль» мана шундай руҳий босим остида «Тоттенҳэм» қаршилигини енгиши талаб этилади.

«Тоттенҳэм»нинг муаммолари ҳам етарли. Лондонликлар АПЛда сўнгги 4 ўйиннинг учтасида мағлубиятга учрашди ва бир ўйинда дуранг қайд этилди. Натижада, ҳатто чемпионлик учун курашиши айтила бошлаган жамоанинг кучли тўртликдаги ўрни ҳам хавф остида қолди. Бу ўйиндаги мағлубият «Тоттенҳэм»ни кучли тўртликдан ҳам пастга тушириб юбориши мумкин.

Жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинлар доим муросасиз кечган. Охирги 20 ўйиннинг 8тасида «Ливерпуль» устун келган бўлса, 6 ўйин лондонликлар ғалабаси билан якунланган. Биринчи даврада «Уэмбли»да бўлиб ўтган ўйинда меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

30 март. «Фулҳэм» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (17:30), «БОРУССИЯ» Д – «Волбфсбург» (19:30), «Фрайбург» – «БАВАРИЯ» (19:30), «ЮВЕНТУС» – «Эмполи» (22:00), «Алавес» – «АТЛЕТИКО» (31 мартга ўтар кечаси, 00:45)

31 март. «Кардифф» – «ЧЕЛСИ» (18:05), «РЕАЛ» – «Уэска» (23:45)

1 апрель. «АРСЕНАЛ» – «Ньюкасл» (23:55).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз