Узбек O'zbek
«Бавария» немис футболи учун рекорд қийматда футболчи сотиб олмоқда
Сешанба, 26 Март
8487

«Атлетико» ҳимоячиси Люка Эрнандес фаолиятини «Бавария»да давом эттиради, деб хабар тарқатди France Football.

Нашрга аён бўлишича, 23 ёшли футболчи немис клуби билан 6 йиллик битим юзасидан келишувга эришган. Шартнома 1 июлдан кучга киради. «Бавария» кузатув кенгаши трансферни маъқуллагани қўшимча қилинмоқда.

Қайд этилишича, Эрнандеснинг хариди Мюнхен клубига 160 млн еврога тушади: трансфер қиймати 85 миллионга тенг, олти йил давомида унга тўланадиган жами маош миқдори эса 75 млн еврони ташкил этади. Яъни Люкага «Бавария»да йилига тахминан 13 млн евро иш ҳақи тўланади. Бу эса уни жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчиларидан бирига айлантиради.

Маълумот учун, Германия чемпиони таркибида энг юқори маош тўланувчи футболчи – Роберт Левандовскидир, у йилига 17 млн евро олади. Томас Мюллер, Жером Боатенг ва Мануэль Нойернинг йиллик маоши эса 16 млн еврога тенг.

Қайд этиш керак, Люка Эрнандеснинг трансфери ҳам «Бавария», ҳам Бундеслига рекордини янгилайди. 2017 йилда «Лион»дан 41,5 млн еврога сотиб олинган яримҳимоячи Корантен Толиссо ҳозирча мюнхенликларнинг энг қиммат хариди саналади.

Эрнандес бу мавсум Ла Лиганинг 14 ўйинида майдонга тушиб, битта гол муаллифи бўлган. Примерадан бошқа турнирларда эса 8та учрашувда қатнашган.

Аввалроқ «Бавария» ушбу харид учун тўловнинг ярмини амалга ошириб бўлгани хабар қилинганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз