Узбек O'zbek
Россиядан 0:4 ҳисобида енгилган Қозоғистонга 0:3 ҳисобидаги техник мағлубият ёзилиши мумкин
Душанба, 25 Март
9758

Кеча, 24 март куни Евро-2020 саралашининг «I» гуруҳидан жой олган Қозоғистон ва Россия миллий жамоалари Нур-Султондаги «Астана Арена»да ўзаро майдонга тушишди. Ўйин меҳмонларнинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди.

Маълум бўлишича, қозоқлар таркибида 29-дақиқада захирадан майдонга тушган 22 ёшли ҳимоячи Ян Вороговский учрашув қайдномасига киритилмаган бўлган. Қозоғистон футбол федерациясининг Маркетинг ва пиар департаменти директори Наги Бакитбеков воқеага қуйидагича изоҳ берди.

«Бу ўйинчи турнир учун қайдномадан ўтказилган, унда ҳужжатлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. У биринчи турда Шотландия билан баҳсда ҳам қатнашиб, гол ҳам урганди.

Хабарингиз бор, ўйиндан бир кун олдин ҳар бир жамоа 23 футболчидан иборат заявкани топширади. Бизнинг заявкага у ҳам киритилган эди. Аммо кейин, ўйин бошланишига 75 дақиқа қолганида тизимда техник муаммо юзага келди, шунинг учун уни заявка қилиб бўлмади.

Таъкидлашим керакки, хатолик УЕФА вакилига тааллуқли эмас, балки федерациямизга дахлдор шахсга тегишли. Техник мағлубият? Билмайман, келинг, кутамиз», – деган Бакитбековнинг сўзларини келтирмоқда «Чемпионат.com».

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон биринчи турни ҳам ўз уйида ўтказиб, Шотландияни 3:0 ҳисобида мағлуб этганди. Дастлабки икки турдан кейин «I» гуруҳида Бельгия 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Қозоқлардан ташқари Россия, Кипр ва Шотландия ҳисобида ҳам 3 очко бор. Иккала ўйинни ҳам бой берган Сан-Марино ҳали очколари ҳисобини очганича йўқ.

Қозоғистон-Россия ўйини дастлабки қайдномаси. Унда 11-рақам эгаси Ян Вороговский номи келтирилмаган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз