Узбек O'zbek
«Реал» ёзда кимларни олиши мумкин? Зидан учун топ-7 трансфер
Якшанба, 24 Март
24070

Испания нашрларида тарқалган хабарларга кўра, Зинедин Зиданни бош мураббийликка қайтарган «Реал» президенти Флорентино Перес унга ёзда 3та топ-трансфер амалга оширишни ваъда қилган. Бу албатта заруратга ҳам айланди. Жорий мавсум шуни кўрсатдики, «қаймоқранглилар» дарвоза чизиғидан бошқа барча позицияларни кучайтириши талаб этилади. Айни вақтда Мадридга келиши мумкин бўлган бир қатор номлар тилга олинмоқда. Қуйида уларнинг энг асосийлари келтирилади.

1. Н’Голо Канте, 27 ёш
Амплуа – таянч яримҳимоячиси
Ҳозирги клуби – «Челси» (шартномаси муддати — 30.06.2023 )
transfermarkt.de маълумотига кўра нархи – 100 млн евро.

Зидан «Реал»га қайтиши билан Н'Голо Канте ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди. Франциялик мураббий 27 ёшли ватандошини клубига таклиф этмоқчи. Француз яримҳимоячиси мадридликлар клубининг таянч зонасидаги мавжуд муаммоларни ҳал қиладигандек. Сарри ҳозирда ундан тўғри фойдалана олмаётгани кўриниб турибди, унинг асл жойида италиялик мутахассис ўзи билан олиб келган Жоржиньо ўйнамоқда. Канте «Реал»га келса, майдон марказида Каземиро билан биргаликда жаҳоннинг «энг метин девори»ни ҳосил қилиши мумкин.

2. Кристиан Эриксен, 27 ёш
Амплуа – ҳужумкор марказий яримҳимоячи
Ҳозирги клуби – «Тоттенҳэм» (шартномаси муддати— 30.06.2020)
transfermarkt.de бўйича нархи – 85 млн евро.

Мадрид клубига келажакда Модричнинг ўрнини эгаллайдиган футболчи керак. «Тоттенҳэм»нинг даниялик камтар юлдузи Кристиан Эриксенга «Реал» томонидан қизиқиш мавжудлиги ҳақида аввал ҳам бир неча марта хабарлар тарқалганди. АПЛдаги навбатдаги омадсиз мавсум туфайли футболчи жаҳоннинг энг машҳур клубларидан бирига ўтишга қарши бўлмаслиги мумкин. Футболчи майдонни жуда яхши кўра олиши ва стандарт вазиятларда яхши ижрочилиги билан ажралиб туради. Бундай хислатларни эса Зидан яхши қадрлайди. Эриксен ҳозирча «шпорлар» билан шартномани узайтиришга шошилмаяпти. Бу футболчи учун курашда «Реал»га «Ювентус» рақобатчи бўлиши мумкин.

3. Эден Азар, 28 ёш
Амплуа – ҳужумкор яримҳимоячи
Ҳозирги клуби – «Челси» (шартномаси муддати — 30.06.2020)
transfermarkt.de бўйича нархи – 150 млн евро.

«Қироллик клуби» ёздаги трансферлар вақтида асосий эътиборини ҳужум чизиғини кучайтиришга қаратади. Харид қилинадиган футболчи «Реал»да Роналдунинг ўрнини тўлдириши талаб этилади. Маълумотларга кўра, Зидан клубда Неймарни кўришни истамайди, у Азар ёки Мбаппедан бирини маъқул кўрмоқда.

Кўп эҳтимол билан бельгиялик футболчи ёзда «Реал»га ўтади, анча вақтдан буён «Челси»дан кетса фақат Мадрид клубига ўтишини айтиб келади. Бу мавсумда «Челси» ички чемпионатда муваффақиятсиз иштирок этмоқда ва жамоа яна Чемпионлар лигасидан четда қолиши мумкин. Goal маълумотига кўра, «қаймоқранглилар» унинг трансфери учун 115 млн евро таклиф қилишган. «Челси» раҳбарияти эса УЕФА томонидан трансферларга қўйилган тақиқ туфайли ўз футболчиларини таркибда сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Аммо клубнинг асосий юлдузи кетишни истаса, уни қўйиб юборишдан бошқа чораси қолмайди. Чунки, унинг шартномаси муддати якунланишига бир йил қолган ва у шартномани узайтиришга рози бўлмаяпти. Агар клуб уни бу ёзда ҳам олиб қоладиган бўлса, кейинги ёзда эркин агент сифатида текинга қўйиб юборишига тўғри келади.

Шу кунларда Metro нашри тарқатган хабарга кўра, Зидан Азарни «Реал»га ўтишга кўндирган, футболчи мадридликлар билан 5 йиллик шартнома тузишга розилик билдирган.

Унинг ўйин услуби Испания чемпионати учун мос келади, унинг тезлиги ва кутилмаган қарорлар қабул қилиши «Реал»нинг «хавфли қуроли»га айланиши мумкин. У билан бир жамоада бўлиш ёш Винисиус Жуниор учун ҳам яхши мактаб бўлиши тайин.

4. Килиан Мбаппе, 20 ёш
Амплуа – ҳужумчи, вингер
Ҳозирги клуби – «ПСЖ» (шартномаси муддати — 30.06.2022)
transfermarkt.de бўйича нархи – 200 млн евро.

Golden Boy 2017 мукофоти соҳиби бўлган Килиан бугунги кунда жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчиларидан бирига айланган. 20 ёшида у ўз самарадорлиги билан Франция чемпионатида ҳам, миллий терма жамоада ҳам кўплаб рекордларни ўрнатиб улгурди. Флорентино Перес Зиданни жамоага қайтарган куни ОАВда унинг номи ҳам бот-бот янгради. Унинг номи билан бирга Неймарникини ҳам тилга олишди, аммо бразилиялик футболчи трансфери имконияти Зиданнинг бу борадаги позицияси туфайли эҳтимолдан йироқ. Килиан эса бутунлай бошқа гап. У кўп йиллар билан ҳозирги даражасида футбол ўйнашда давом этиб, мадридликларга кўп ёрдам бериши мумкин. Унинг қарорига Зидан Мадридга қайтгани таъсир кўрсатиши мумкин, франциялик футбол афсонаси унинг болаликдаги кумирларидан бири бўлган. Ўз навбатида, Зизу учун ҳам янги авлоднинг энг кучли вакилларидан бири билан ишлаш қизиқарли бўлади.

Қайд этиш керакки, «Реал» Мбаппени сотиб олишга 2017 йилда ҳам уриниб кўрган, аммо ўшанда ёш француз «ПСЖ»ни танлаган эди. Париж клуби молиявий фэйр-плей қоидалари билан боғлиқ муаммо, қолаверса ўйинчининг ўз истаги туфайли ҳам уни қўйиб юборишга мажбур бўлиши мумкин.

5. Роберт Левандовски, 30 ёш
Амплуа – марказий ҳужумчи
Ҳозирги клуби – «Бавария» (шартномаси муддати — 30.06.2021)
transfermarkt.de бўйича нархи – 70 млн евро.

Жамоага «Янги Роналду»дан ташқари яна бир тўпурар форвард керак бўлади. Карим Бензема, албатта, бу мавсумда яхши ўйнамоқда, аммо ҳужум марказида янада кучлироқ тўпурарга эҳтиёж бор. Бу позиция учун энг мос вариантлар Ҳарри Кейн ва Роберт Левандовски ҳисобланади. Польшалик ҳужумчи нисбатан реал номзоддир. У яқинда ҳам «Бавария» бош мураббийи Нико Ковачни клуб Чемпионлар лигасини эрта тарк этгани учун айблади ва клубга ўзгаришлар зарурлигини айтиб ўтди.

Левандовскининг «Реал»га ўтиши ҳақида ўтган йилнинг баҳорида ҳам муҳокамалар бошланганди, аммо трансфер амалга ошмади. Роберт чемпионатни ўзгартирмоқчилиги ҳақида хабарлар тез-тез тарқалиб туради: Германияда у ютиш мумкин бўлган барча совринларни ютиб бўлган, аммо Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш армон бўлиб қолмоқда. Ўтган мавсумда ҳам футболчи ЕЧЛнинг яримфиналида «Реал»дан мағлуб бўлингач ўз норозиликларини очиқ баён қилганди. Бу йилдаги вазият ҳам шунга яқинроқ. Мюнхендаги ўйинда «Ливерпуль»га мағлуб бўлингач, Левандовски Нико Ковачнинг мураккаб тактикасини танқид қилди. Энди «Реал»нинг унга қизиқиши яна янгиланиши мумкин, ахир Роберт Европадаги энг савияли ҳужумчилардан бири бўлиб қолмоқда. У юзага келадиган вазиятлардан унумли фойдаланади, барқарор равишда Бундеслиганинг энг яхши тўпурари бўлиб келмоқда.

6. Ҳарри Кейн, 25 ёш
Амплуа – марказий ҳужумчи
Ҳозирги клуби – «Тоттенҳэм» (шартномаси муддати — 30.06.2024)
transfermarkt.de бўйича нархи – 150 млн евро.

«Биргина мавсум учун порлаган форвард» – Ҳарри ҳақида дастлабки уч мавсумда шундай дейишганди. Англиянинг энг яхши марказий ҳужумчиси тез-тез жароҳат олишига қарамасдан ҳар мавсумда АПЛда барқарор натижалар кўрсатиб келмоқда. Кристиан Эриксен каби уни ҳам клубнинг мавсумдаги муваффақиятсизлиги, «Тоттенҳэм» раҳбариятининг тушунарсиз қарорлари «тўйдириши» мумкин. Почеттино ўзининг асосий футболчиларидан бири ўрнига «бошқа сеҳргар» топишига тўғри келиши мумкин. Ҳарри Кейн — классик марказий ҳужумчи ва унинг «гол сезиш қобилияти» жуда юқори. У узоқ масофалардан яхши зарба бера олади ва ўйинни ўз елкасига олишдан тортинмайди. Ҳали ёшлиги ҳисобга олинса, Кейн «Реал»га ўтиб, янгиланган жамоа етакчисига айланиши ҳам мумкин, дейиш мумкин. Лекин Зидан унга сарфланадиган пулга бошқа фойдалироқ футболчи олишни маъқул кўриши ҳақиқатга яқинроқ.

7. Поль Погба, 26 ёш
Амплуа – марказий яримҳимоячи
Ҳозирги клуби – «Манчестер Юнайтед» (шартномаси муддати — 30.06.2021)
transfermarkt.de бўйича нархи – 90 млн евро.

Икки оёқда ҳам бирдек ҳаракатландиган бу футболчи «Реал»ни кучайтириши, ўз агенти Мино Райоланинг чўнтагини қаппайтириши мумкин. Бельгиялик агент шу мақсадда яна ҳаракатга тушиб қолган. 2 йил аввалроқ «Ювентус»дан «Реал»га ўтиши ҳақида кўп шов-шув қилинган футболчи бу сафар Мадридга келиши мумкин. Бу кўп жиҳатдан «МЮ» мавсум якунларига кўра ЕЧЛ учун йўлланма олиш-олмаслигига боғлиқ бўлади. Албатта, «қизил иблислар» асосий юлдузини қўйиб юборишга осонлик билан рози бўлмайди, клуб ўз тарихидаги энг қимматбаҳо футболчиси трансферига рози бўлиши учун Перес анча чиқим қилиши талаб этилади. Қолаверса, яқиндагина франциялик ҳавбек ҳар қандай футболчи «Реал»да ўйнашни орзу қилиши ҳақида гапирганди. Зидан жамоасида ўзининг яна бир ватандошини кўришдан мамнун бўлиши тайин.

Бошқа трансферлар

Албатта, бошқа трансферлар ҳам бўлади, «Ливерпуль»дан Муҳаммад Салоҳ ёки Садио Мане трансфери амалга оширилиши ҳақида тез-тез хабарлар пайдо бўлиб туради. Шунингдек, Зидан Серхио Рамос билан юзага келган вазиятни ҳал қилади, Марсело ҳам таркибда олиб қолинади. Варан эса мавсумдаги муҳим ўйинларда ишончни оқлай олмади ва унинг ўзи ҳам кетиш ҳақида ўйлай бошлади. Ҳимоя чизиғи учун дастлабки харид амалга ошириб бўлинди — 50 миллион евро эвазига «Порту»дан универсал ҳимоячи Эдер Милитао сотиб олинди. Бу бразилиялик футболчи клубда Каземиронинг йўлини такрорлаб, «Реал»нинг асосий футболчиларидан бирига айланиши кутилмоқда — айни вақтда «Қироллик клуби»нинг алмаштириб бўлмас футболчиларидан бирига айланган Каземиро ҳам ўз вақтида «Порту»да тажриба тўплаганди.

Марсело Зиданнинг ишончида ва ҳимоясида бўлсада, унинг ёши ўтиб бормоқда. Шу туфайли, франциялик мутахассис ёш Серхио Регилон учун эшикларни бутунлай ёпиб қўймаслиги аниқ. Ўз навбатида, ҳимояни кучайтиришга қаратилган бошқа трансферлар ҳам кутиш мумкин.

Бу трансферлардан қай бири амалга ошишини айтиш қийин, аммо бир нарсани ишонч билан айтиш мумкин — бу сафарги ёзги трансферлар кейинги йиллардаги энг қизғини бўлиши кафолатланган. Зиданнинг қайтиши тарихий воқеа бўлди. Энди у ўз қўйган талаблари бажарилишини кутмоқда. Унга «Реал»ни яна чўққига қайтариш учун бир неча кучли футболчилар керак.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз