Узбек O'zbek
Ўзбекистон ва Россия киберспорт федерациялари ҳамкорлик меморандумини имзолашди
Пайшанба, 21 Март
363

Ўзбекистон электрон компютер спорти федерацияси президенти Азизбек Паттахов Москвада Россия компьютер спорти федерацияси президенти Дмитрий Смит билан учрашди.

Учрашувда киберспортни ривожлантириш, ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш, дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш ва ҳамкорликда турнирлар ташкил этиш тўғрисида икки томонлама меморандум имзоланди.

Шунингдек, музокаралар чоғида ҳамкорлик доирасида қилинадиган амалий ишлар тўғрисида ҳам бир неча таклифлар берилди. Ҳар икки мамлакатнинг киберспортдаги салоҳиятини ошириш ва халқаро майдонлардаги баҳсларга биргаликда ҳозирлик кўриш, нафақат терма жамоа аъзолари, балки, академия тарбияланувчиларини халқаро даражадаги мусобақаларга тайёрлаш, икки томон келишувига кўра, ўртоқлик учрашувлари ва халқаро турнирлар ташкиллаштириш ва ўтказишда тажриба алмашиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Нафақат Ўзбекистон ва Россияда, балки, МДҲ мамлакатларида ҳам киберспорт оммавийлигини ошириш ва ушбу мамлакатлар ўртасида йирик халқаро мусобақаларни Тошкентда ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. «Esports Uzbekistan» президенти томонидан илгари сурилган ушбу таклифни россиялик мутасаддилар ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди.

Шу билан бирга, дастурий таъминот воситаларини яратиш бўйича киберспорт ўйинларини ишлаб чиқиш дастури ҳам кун тартибига киритилди. Ўйинлар яратиш жараёнида россиялик дастурчилар билан тажриба алмашиш ва ушбу ўйинларнинг оммалашувида Россия компьютер спорти федерацияси ҳам имкон қадар амалий ёрдам бериши мумкинлиги таъкидланди.

Россиялик мутахассис ва муҳандисларнинг тажрибасидан фойдаланиш ва ўзаро фикр алмашган ҳолда, Ўзбекистонда замонавий, қулай ва киберспорт ривожи йўлида узоқ йиллар хизмат қилувчи йирик киберспорт ареналарини бунёд этиш мавзусида ҳам келишувларга эришилди. Ташриф чоғида делегация вакиллари МДҲ мамлакатлари орасида энг муҳташам киберспорт ареналаридан бири саналган «YOTA Arena»да ҳам бўлиб, аренанинг иш фаолияти ҳамда шарт-шароитлари билан танишишди.

Маълумот учун, шу ой Хитойда бўлиб ўтган киберспорт бўйича Жаҳон чемпионатида «Pro Evolution Soccer-2019» бўйича баҳсларда ўзбекистонлик Салоҳиддин Эсанов Марказий Осиёдан ягона вакил сифатида қатнашди. У бир ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият қайд этган ҳолда ўз иштирокини гуруҳ босқичида якунлади. Шундай бўлса-да, Эсанов ўз гуруҳида энг кўп гол урган ва энг яхши тўплар нисбатига эга киберспортчи бўлди; плей-офф йўлланмаси учун унга бир очко етишмади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз