Узбек O'zbek
«Футбол умри» — Хайрулла Ҳамидовдан мақола
Душанба, 18 Март
16418

Яқинда икки инсон билан суҳбатлашиб ўтирганимда қизиқ ҳолатга дуч келдим. Бир танишимнинг отаси ёшлигида вафот этган, иккинчи танишимники яқинда — ёшини яшаб, қария ҳолида оламдан кўз юмган эди. Иккиси ўз отасини эслаб, ўзлари учун нурли даврларни ёдга олган бўлишди. Аммо мен уларнинг хотираларида фарқли жиҳатларни кузатдим: Отасини ёшлигида йўқотган танишим алоҳида ҳодисаларни ёдга олар, иккинчи танишим бирор бир ҳодисани эмас, отасининг ҳаётини умумий суратда тасвирларди. Ўйлашимча, отаси билан узоқ яшаган, падари бузрукворининг дийдорига тўйган фарзанд ҳодисалар йўқлигидан эмас, ҳодисалар кўплигидан уларга тўхталмас, умр бўйи кўриб юрган отаси ҳақида гапириб қўя қоларди.

Кеча Лионель Месси ҳэт-трик муаллифига айланди, учта голининг ҳаммаси шедеврлар туркумидан жой олди. Айниқса, охирги парашют голи таърифга эҳтиёж сезмайди. Жаримадан киритан голи ҳам.

Эрталаб туриб ижтимоий тармоқни кузатадиган одатим бор (асосан, Твиттер), ана шу учта гол борасида жиддий бир эйфория кузатмадим. Бир-икки «Барса» ишқибозларидан твитлар ўқиган бўлдим. Ўзим Мессини алқаб бир твит ёздим:

«Мессининг ҳэт-триги бошқаларнинг ҳэт-трикларидан ичида камида иккита шедеври бўлиши билан ажралиб туради. Даҳшат, лекин одатий ҳол...»

Салдан кейин Қаҳрамон Асланов шунга ўхшаш фикр қолдирди:

«Агар Мессининг кечаги голларини бошқа исталган ўйинчи, ҳатто Криштиану урган бўлганда ҳам, даҳшат деб баҳоланиб, тинмай айланаётган бўларди. Месси учун оддий ҳол».

Икки одамнинг бир мавзуга эътибор қаратишида жон бордек эди. Ростдан ҳам, Мессининг ҳэт-трикларига, чиройли голларига, жаримадан йўлланаётган аниқ зарбаларига кўникиб, ўрганиб бўлдик. Лео бизни ҳайратлантира олмаяпти энди. Ҳар ҳафта «Барселона» иштирокидаги ўйиндан сўнг аргентиналик юлдузнинг қандайдир рекордни ургани ҳақидаги қайтариқ хабарларидан ҳам олам зерикиб кетди.

Роналду ўтган ҳафта «Атлетико» дарвозасига уч гол йўллаб, жамоасини чорак финалга олиб чиқди. Криштиану ҳақида олам етарлича ёзди. Тўғри, кечаги «Бетис»нинг ўйини билан ЕЧЛ ўйини фарқли, аммо ишонаверинг, агар Лео шунақа голларини апрелда, «МЮ» дарвозасига урса ҳам, бу қадар алқанмасди. Чунки ўша куни Мессининг голлари унинг ҳаракатларидан ажралиб чиқмас, бутун бошли ўйинининг мантиқий якуни ҳисобланган бўларди.

Роналду билан Месси кўп масалада бир хил натижа қайд этган ва ҳатто баъзи ўринларда португалиялик юлдуз рақобатчисини ортда қолдираётган бўлса-да, Леонинг даражасини келажакда бошқачароқ эслаймиз, деб ўйлайман. Роналдуни эслаганимизда ҳодисалар билан, қай бир ўйинлар билан, унда Кришнинг бир ўзи халоскор бўлгани билан ёдга олсак керак. Мессини эса, фақат ўйини билан, ҳаракатлари, сеҳргарлиги билан. Голлари сони Роналдуникига ўхшаш, аммо Мессида голеадорликдан ташқари бошқа бир ўзгачалик — Мессилик хусусияти бордек. Жанубий америкалик иқтидор эгаси бизга ўзидан кейин ҳодисаларни эмас, бутун бошли футбол умрини ташлаб кетаётгандек чамамда.

Очиғи, мен бугун Мессининг ўйинини томоша қилишдан бир завқлансам, икки карра завқим — йиллар ўтиб, уни эслаганимда уйғонади, бунга ишончим комил. Чунки ҳодисалардан-да юқорига чиқиб кетган футбол ҳаётини эслаш нималигини фақат отамнинг ривоятларида эшитгандим, у ҳам бўлса битта футболчини хотирлаганда — Пелени. Ваҳоланки, унинг ёқимтой юлдузи Кройфф эди. Мен ҳолланд афсунгари ҳақида ҳодисаларни биламан фақат.

Ҳозир ўйлаб қолдим: ўзим ҳам фарзандларимга Баджо, Зидан ва ҳатто Марадона ҳақида ҳикоя қилганимда, уларнинг қай бир ўйинларини, хатти-ҳаракатларини эслаб ўтган эканман. Ўйлаб қарасам, бутун бошли футбол умрини ҳикоя қиларли даражадаги афсона мен кўрган юлдузлар ичида бўлмаган экан. Энди отам билан бу масалада ўхшашлигимиз бор.

Марадона мени кечирсин...

Хайрулла ҲАМИДОВ

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз