Узбек O'zbek
ОЧЛ финалига бора оладиган жамоа, 100 миллион долларлик стадион ва Бабаян ҳақида «Пахтакор» бош директори билан суҳбат
Жума, 15 Март
7533

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби 2017 йилда янги даврга қадам қўйди. Клуб янги раҳбарият билан шонли ўтмишини тиклашга қарор қилганди. Жорий мавсумни «Пахтакор» яхши бошлади. Чемпионлар Лигаси саралашидан ўтган жамоа гуруҳ босқичида ҳам ёмон кетмаяпти. Tribuna.uz мухбири «Пахтакор»нинг келажакдаги режалари ҳақидаги саволларга жавоб олиш учун клуб бош директори Дмитрий Адисман билан суҳбат уюштирди.

«Пахтакор» халқ жамоаси. Бу айниқса 1979 йилда билинган...»

«Пахтакор» - халқ жамоаси. Бу менинг гапларим эмас. Бу тарих. Қаерга борсангиз, «Пахтакор»га шундай таъриф беришади. Биласиз, «Пахтакор» собиқ иттифоқ вақтида ташкил этилган ва мамлакат Олий Лигасида қатнашган. Ўшанда бутун ўзбекистонлик мухлислар «Пахтакор»га мухлислик қилишган. Бу таъриф аслида ўшанда пайдо бўлган. У вақтлар «Пахтакор» ва халқ бир тан-у бир жон бўлган. Бу айниқса 1979 йилда билинган... Ўшанда бутун мамлакат қайғуга чўмган. «Пахтакор» ҳалокатдан кейин ҳам ўзини тиклаб олди. Бунга қайсидир маънода халқнинг муҳаббати мадад берган десак, адашмаймиз. Халқ жамоаси деган тарихий таърифни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Бу биз учун жуда муҳим», – дея сўз бошлади Адисман.

«Бабаян билан муаммоларимизни ҳал қилганмиз»

Самвел Бабаяннинг футболга қайтгани катта шов-шувга сабаб бўлди. Уни ЎФФ (ҳозирда ЎФА) «Пахтакор»да футболчиларнинг шартномаларини ноқонуний ўзгартиргани учун футболдан четлаштирганди. Адисман Бабаяннинг футболга қайтиши ва унинг «Пахтакор»га туғдирган муаммолари ҳақида ҳам фикрларини билдирди.

– Самвел Бабаян узоқ йиллар «Пахтакор»да ишлаган. Унинг даврида жамоа кўплаб ютуқларга эришган. Бабаяннинг клуб учун қилган меҳнатларини рад эта олмаймиз. Унинг айбланиши ҳақида гапирадиган бўлсак, биз унга ҳукм чиқарадиган орган эмасмиз. Тўғри, янги раҳбарият келганида Бабаян билан боғлиқ муаммолар бор эди ва биз уларни ҳал қилганмиз. Бу муаммолар футболчиларнинг, жумладан академия футболчиларининг шартномалари билан боғлиқ эди. Биз уларни ҳал қилганмиз.

Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмаганидан сўнг жуда кўпчилик мухлислар барчасида Бабаянни айблашди. Футбол Федерациясига, порталга унинг устидан шикоятлар бориб тушган. Ўйлайманки, федерациядагилар уни шахсий адоват сабаб футболдан четлатишмаган. Бу учун асос келтиришган. Бундан ташқари, мухлисларнинг ҳам норозилиги бундай қарор чиқаришда муҳим рол ўйнаган. Хабарим бор, уни бутун умрга футболдан четлатишган эди. Лекин мен ҳам сиз каби яқинда билдимки, «Бунёдкор» Самвелга кафиллик қилган ва дисквалификация бекор қилинган. Энди «Локомотив» Бабаянни ишга таклиф қилди. Демак, улар Бабаяннинг фойдаси тегади деб ўйлашади.

Ҳозир Бабаяннинг «Локомотив»га боргани, федерация уни жазолагани ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу «Пахтакор»нинг ваколатига кирмайди. Юқорида айтганимдек, у билан боғлиқ муаммоларимизни ҳал қилганмиз.

Бабаян вақтида футболчиларнинг шартномалари билан муаммо бўлгани рост. Масалан, биз жамоани қабул қилиб олганимизда (2017 йилда) деярли барча футболчиларнинг шартномаси мавсум охирида тугаши кўрсатилганди. Биз олдинги шартномаларни кўрганимизда эса аксарият шартномаларнинг муддати 2018, 2019 йилгача мўлжалланган бўлган. Бу борада футбол юристлари билан гаплашганимизда, кимнидир айблаб, эски ҳужжатларни кўтаргандан кўра футболчилар билан янгидан шартнома имзолашни таклиф қилишди. Биз шундай қилдик ва барча футболчилар билан янгидан шартнома имзолаб, ҳаммасини ўз ўрнига туширдик.

«Биз қисқа муддатли жамоа тузмаяпмиз»

Дмитрий Адисманнинг айтишича, янги раҳбарият узоқ муддатга келган.

– Янги раҳбарият жамоани қабул қилиб олганидан сўнг биз барчасини бошидан бошладик. Аввало жамоага янги мураббий таклиф қилдик. Шота Арвеладзе ва унинг штаби «Пахтакор»га қисқа муддатга келмаганликларини билишади. Биз эртага йўқолиб қоладиган жамоа тузмоқчи эмасмиз. Бизнинг мақсадимиз жамоа тузиш. Бу кийиниш хонасидан бошланади. Футболчилар ҳам раҳбарият узоқ муддатда келганини билиши керак. Клуб раҳбарияти Шота Арвеладзе ташкил этаётган жамоадан мамнун.

Янги раҳбарият клубда кўп нарсани ўзгартирди. Масалан, моддий техник базани. Бу борада ҳали яна кўп ишлар қилишимиз керак. Ҳозир «Пахтакор»нинг асосий қароргоҳидан ташқари яна иккита машғулот базаси бор. Чилонзор ва Қибрайда. У ерларда таъмирлаш ишларини олиб боришимиз керак. Кейин «Пахтакор» стадионини янгилаш ҳақида ҳам бош қотиряпмиз. Тўғри, бу стадион билан боғлиқ кўп хотиралар бор, лекин бу ерда барча талабларга жавоб берадиган янги стадион қуришни замон талаб қилмоқда. Қатар, Саудия, БАА клубларининг шароитларини кўргансиз. Биз ҳам улар каби қулайликларга эга бўлишимиз керак. Янги стадионнинг қурилиши бизга қанчага тушишини аниқ айта олмайман, лекин тахминан 100 миллион доллардан кўпроқ пул кетади. Алишер Усмоновнинг бизга инвистиция киритгани рост. Умид қиламанки, бу келажакда ҳам давом этади.

«Чемпионлар Лигасида гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилган»

«Пахтакор» бош директори жамоа олдига Чемпионлар Лигасида камида гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилганини айтди. Унинг айтишича, ҳозирги жамоа финалгача бора олади.

– Клуб раҳбарияти албатта, футболчиларга вазифа қўйган. Чемпионлар Лигасида камида гуруҳдан чиқишимиз керак. Буни уддалашимизга ишонаман. Гуруҳ босқичига чиқиш учун ўтказилган иккита саралаш ўйини биз учун фойдали бўлди. Бу ўйинларда йигитлар ҳақиқий жангчи эканликларини кўрсатиб беришди. Тошкентга келган ироқликлар жамоаси («Эйр Форс») жиддий рақиб эди. Меҳмондаги ўйинимиз ҳам (БААда «Ан-Наср»га қарши) осон бўлмади. Эрондаги «Персеполис»га қарши ўйинни ўзингиз кўрдингиз, ўйин жуда оғир кечди. ОЧЛда имкон қадар узоқроққа боришни хоҳлаймиз. Бугунги футболчилар финалгача бора олади деб ўйлайман.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз