Узбек O'zbek
50+1. Немис футболининг Европадаги инқирози сабаби нимада?
Жума, 15 Март
4363

Декабрда Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичига қуръа ташланганида, АПЛ ва Бундеслига ўртасида ўзига хос дуэль бўлишини ва ниҳоят қайси лига ҳақиқатан ҳам кучли эканини билиб олиш имкони ҳақида гапирилганди. Натижа маълум, ҳар учала инглиз жамоаси рақибини ер тишлатди, умумий тўплар нисбати: 17:3 кўринишини олди.

Бу натижанинг фақат футбол, майдондаги вазиятлар сабабли юзага келганини, яъни, балки бошқатдан ўйналса, умуман бошқа натижа бўлиши ҳам мумкинлигини айтадиганларни «ўчириш» учун бир факт етарли: Мюнхендаги ўйинда «Ливерпуль» олдинга чиқиб олганида, мезбонларни қутқариш учун Ренату Саншеш майдонга туширилди. Яхши футболчи, балки келажакда ундан катта юлдуз чиқар, аммо эсласангиз, Саншеш атиги бир йил олдин «Суонси»да асосий таркибга кира олмаган ва «Бавария» уни ижарадан қайтариб олиб келганди. Ҳозир «Суонси» Чемпионшипда ўйнаяпти, шундай футболчи «Ливерпуль» билан ўйинда қутқарувчига айланишига ишониш қийин, албатта. 

Шу билан мунозараларнинг бевосита футбол билан боғлиқ қисмини тугатсак бўлади, табиийки, лигалар ўртасидаги фарқ чуқурроқ – клубларни бошқариш принципларида. Масалан, ўша 50+1 қоидасини яна тилга олиш мумкин.

Қисқача, бу қоидани тушунтирамиз. 50+1 қоидаси Германияда клублар инвесторларининг фаолиятини чеклаш учун чиқарилган. Асосан араблар ва хитойлик инвесторлар Бундеслигани босиб олишларидан ҳайиқиб, шундай қарор қабул қилингани айтилса-да, аслида, клубларнинг йирик корпорацияларнинг бир бўлагига айланиб қолишига тўсиқ сифатида анча олдинроқ ишлай бошлаган. Истиснолар фақат учта: машҳур заводларнинг клуби бўлган «Вольфсбург» ва «Байер» ҳамда «Ҳоффенҳайм» (Дитмар Хопп узоқ йиллардан бери клубига пул киритиб келмоқда). Яъни, бу қоидани айланиб ўтишнинг йўли, бир клуб эгасига айланиш учун камида 20 йиллардан бери инвестиция киритиб келинган бўлиши шарт.  

Еврокубоклардаги натижалар пасайиб кетиши натижасида, Германияда бу қоидага қарши чиқишлар ҳам кўпайди, аммо етарли эмас. Роппа-роса бир йил олдин, 2018 йилнинг март ойида юқори лигаларнинг 36 клубидан атиги тўрттаси «50+1»га қарши бўлишган, холос. Натижалар эса пасайишда давом этмоқда. УЕФАнинг умумий рейтингида яқинда ҳам фақат Испаниядан ортда қолган Бундеслига, эндиликда Англия ва Италияни ҳам олдинга ўтказиб юборди ва 4-ўринга тушиб кетди. 

Гапнинг пўсткалласини айтганда, бу қоида немис клубларининг АПЛ бойлари, Испания грандлари ёки Париждаги топ-клуб билан рақобат қилишда мағлубиятни тан олишларига сабаб бўлмоқда. Ҳар томонлама муносиб бўлиб келган «Бавария» ҳам фақат Бундеслига юлдузларини ўз томонига оғдириш орқали топ-даражани сақлаб турган бўлса, эндиликда, Германияда ҳам ёш юлдузларнинг камайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Оқибат маълум, юқорида Саншеш мисолида «Бавария»да ҳам муаммолар борлигини кўрдик. Ҳозирда Европанинг бошқа лигаларида порлаётган Кейта, Де Брюйне, Дракслер, Дембеле, Сане ва бошқа мисоллардан сезиш мумкинки, энди бозор кенгайди ва «Бавария» Бундеслига юлдузларини осонлик билан ўз сафига қўшиб олиши моддий томондан янада қийинлашиб бораверади. Илгари фақат футболчига яхши шароитлар ваъда қилиб, Гётце ёки Левандовскилар қўлга киритилган бўлса, энди, АПЛ ёки испан грандлари томонидан ваъда қилинаётган катта трансфер нархлари клубларни кўпроқ жалб қилиши турган гап.

Албатта, бу қоиданинг ҳалигача мавжуд бўлишининг асосий сабаби, мухлислик маданияти Германияда кучлироқ, Англия, Испания ёки Франциядан анча илғордир. Қайсидир маънода бошқарувга таъсир қилишнинг шу шакли уларни қониқтирар, аммо бугунги шароитларда бу қоида кўпроқ сунъий чекловга айланиб бораётгани ҳам бор гап. «50+1» концепцияси асосчиларидан бири Вольфранг Хольцхойзернинг айтишича, қоиданинг бугунги шароитларга мослаш керак. Илгари ўз ҳомийсига эга бўлган клубларга бу қоида таъсир қилмаслиги айтилганди, бу рост, аммо энди нафақат Германия, балки чет эл компаниялари ҳам Бундеслига клубларига қизиқиш билдиришлари мумкин. 20 йиллик талаб эса, уларни бироз қўрқитади, бир клубни сотиб олиш учун шунча вақт кутишдан кўра, ўз эътиборларини Англия ёки Италияга қаратишлари мумкин.   

Бошқа тарафдан Хольцхойзер лойиҳанинг фойдали эканини ҳам таъкидлайди, зеро 20 йиллик талаб натижасида, ростан ҳам ҳақиқий инвесторлар клуб эгаларига айланишлари мумкин. Масалан, сўнгги йигирма йилда Германияда шунчаки, инвесторнинг футболга қизиқиши пасайгани туфайли муаммоларга учраган бирорта клубни топиш имконсиз. Европада бундай мисоллар тиқилиб ётибди: «Портсмут», «Монако», «Малага», «Валенсия» ва яна бир қатор клублар айнан шу сабабли беқарорликка юз тутди. Айнан шу барқарорлик туфайли немис клублари бошқарув бобида жуда тез ривожланиб бормоқда. Шундай бўлса-да, инвесторларнинг «садоқатини» 20 йил эмас, масалан, 3 йилга қисқартириш вақти етган.

«Немис клубларини осонлик билан қўлга киритиш мумкинлиги ҳақидаги фикр уйғонмаслиги давом этиши керак, шу билан бирга «50+1» қоидасини сал ўзгартириш лозим» – дейди Хольцхойзер.

Германия терма жамоасининг собиқ футболчиси Фабиан Эрнст яқинда Дания биринчи лигасидаги «Нествед»нинг эгасига айланди. Эрнстнинг айтишича, клубни у жуда осонлик билан қўлга киритган ва агар масалан, Германиядаги каби «50+1» қоидаси бўлганида, «Нествед»нинг тўлақонли эгаси бўлиш учун Эрнст 60 ёшини кутган бўларди. Амбициялар учун қаттиқ тўсиқ, тўғрими?

«Бир томондан, бу қоидани қувватлайман, чунки инвесторларнинг кўпи фақат футбол учун эмас, фойдани кўзлаб ҳам келишади. Бошқа тарафдан эса, эҳтиёт бўлиш лозимки, немис футболи футбол тамаддунидан четланиб қолиш эҳтимоли ҳам бор» – дейди Фабиан Эрнст.

Эрнстга бегона бўлмаган «Ҳанновер»ни узоқ йиллардан бери маҳаллий мухлислар нафратига дучор бўлаётган Мартин Кинд бошқаради. Маҳаллий мухлислар билан очиқ уришиб келган Кинд энди Лига билан ҳам зиддиятга бориб қолган. Гап шундаки, Мартин Кинд йигирма йилдан бери инвестиция киритиб, маълум талабни бажарган, аммо бу ҳам «50+1» тўсиғини ошиб ўтишга етарли эмас, деб эътироф этилмоқда. Биринчидан, 20 йил давомида жалб қилинган 19,7 миллион евро етарли эмас деб топилди, иккинчидан, баъзи маблағлар сунъий пайдо қилингани айтилмоқда. Масалан, Кинд клуб бош директори лавомизимида маош олишдан воз кечган ва бу суммалар ҳам шахсий инвестиция сифатида ҳисобга олинишини талаб қилмоқда.

Бир йилдан бери маҳкамаларда ўз ҳақини талаб қилаётган Кинд мисоли қоиданинг янада мураккаб эканидан далолат қилади. Бу ҳар икки томон тарафдорларининг қайтадан мунозарага қиришларига замин ҳам яратди. «50+1» тарафдорлари Мартин Кинднинг клуб эгаси бўлиб олиб, жамоа либоси рангидан тортиб, яна бир қанча хос ўзгартиришлар киритмоқчи бўлаётгани ва балки ўз ҳиссаларини чет эллик инвесторларга қимматроққа сотиб юбориши мумкинлигидан ҳайиқаётганликларини билдиришмоқда. «Ҳанновер»нинг Кинд даврида иккинчи Бундеслигага тушиб кетгани ҳам уларга асос сифатида ҳизмат қилмоқда. Қарши тараф ҳам ўз далилларини келтиради, албатта. Уларнинг айтишича, худди шундай воқеалар «50+1» талаблари мавжуд бўлган ҳолатда ҳам бўлиши мумкин ва бу тўсиқ клубларни «ёмон инвесторлардан» асрашини эътироф этиш нотўғри.  

Ўтган асрнинг 80-йилларида «Кёльн» бельгиялик Ван Гол билан бир миллион маркалик шартнома имзолаганида, бутун Германия жунбишга келган ва мухлислар бундай сарфларни кўтара олмаслиги маълум бўлганди. Ҳозирда легионерлар учун сарфланаётган катта пуллар оддий ҳолга айланиб бўлди. Мухлислар жамоаларининг дунёдаги топ-клублар билан ҳар томонлама рақобат қилишларини истамоқда. Қизиғи, шу билан бирга, «50+1»ни ёқлаб ҳам овоз беришяпти. Улар чет эллик инвесторларни «олабўжи» сифатида кўрсатилиб, айтилаётган баъзи мисоллардан қўрқиб кетаётган бўлишлари табиий. Аммо ҳозирда еврокубокларда Германия шарафини ҳимоя қилишда давом этаётган «Айнтрахт» Германиянинг энг кўп миллатли жамоаси эканини ҳам унутмаслик керак. 17 миллат вакиллари Франкфурт жамоаси шарафини ҳимоя қилади, бош мураббий эса, австриялик Ади Хюттер. Немис мухлислари учун янада оғриқли ном. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз