Узбек O'zbek
Клоппнинг қасоси қиёматга қолмади. «Ливерпуль» «Бавария»ни қандай мағлуб этди?
Пайшанба, 14 Март
5607

«Ливерпуль» Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг ўзида учта ўйинда мағлуб бўлса-да, турнир чемпионлигига даъвогарлар сафида эътироф этилаётганди. 13 март оқшомида Клопп шогирдлари бунинг бежизга эмаслигини исботлашди.

«Бавария» (Германия) – «Ливерпуль» (Англия) – 1:3 (1:1)
Голлар: Мане, 26 (0:1). Матип, 39 – автогол (1:1). ван Дейк, 69 (1:2). Мане, 84 (1:3).
«Бавария»: Нойер, Рафинья, Хуммельс, Зюле, Алаба, Гнабри, Тиагу Алькантара, Хави Мартинес (Горецка, 72), Хамес Родригес (Ренату Санчеш, 79), Рибери (Коман, 61), Левандовски.
«Ливерпуль»: Алиссон, Александр-Арнолд, ван Дейк, Матип, Робертсон, Вайналдум, Ҳендерсон (Фабиньо, 13), Милнер (Лаллана, 87), Салоҳ, Роберто Фирминьо (Ориги, 83), Мане.
Огоҳлантиришлар: Фабинью, 43. Матип, 63. Тиагу Алькантара, 65. Ренату Санчеш, 83. Робертсон, 90+2.
Ҳакам: Орсато (Италия).
13 март. Мюнхен. «Алльянц Арена» стадиони
Биринчи ўйин – 0:0

Сафардаги биринчи ғалаба
Амалдаги финалчи сифатида мусобақани бошлаган «Ливерпуль» шубҳасиз, бу мавсумда ҳам ғолибликка энг асосий даъвогарлар қаторида эътироф этилди. Бироқ АПЛни жуда яхши бошлаган «қизиллар» Чемпионлар Лигасида ёмон натижалар қайд эта бошлашди. «Ўлим гуруҳи»дан ўрин олган инглизлар 1-турда «ПСЖ»ни мағлуб этишганди, лекин Клопп жамоаси учун сафардаги ўйинлар қийин ўтди. «Ливерпуль» меҳмондаги учта ўйинни ҳам бой берди. «ПСЖ» ва «Наполи»га қарши ўйинлардаги мағлубиятларни тушуниш мумкиндир, лекин клуб «Црвена Звезда»га ҳам мағлуб бўлди. Шу сабабли клуб охирги турда «Наполи» билан финалга тенг ўйин ўтказишга мажбур бўлди.

Чемпионлар Лигасини уч марта ютган мураббий Карло Анчелотти жамоасига қарши ўйинда плей-офф масаласини ҳал қилиш осон бўлмади. Ўша куни неаполликларни дуранг натижа ҳам қониқтирарди. «Ливерпуль» 1:0 ҳисобидаги ғалабани зўрға сақлаб қолди. Сўнгги сонияларда Алиссон Бекернинг супер сейви бўлмаганда Аркадиуш Милик ҳисобни тенглаштириб, «Ливерпуль»ни Европа Лигасига равона қилиши ҳам мумкин эди.

Ана шундай қийинчилик билан гуруҳдан чиққач, «Ливерпуль»нинг кучига шубҳа уйғона бошлади. Бироқ «Бавария» билан ўйинларда барибир инглизларнинг имкониятлари юқорироқ деб қаралди. Англиядаги биринчи ўйинда «Ливерпуль» ғалаба қозона олмаган бўлса-да, немис футболининг охирги йиллардаги гегемони «Бавария»дан кучли эканини кўрсатиб бера олди. Жавоб ўйинида эса инглизлар ўйинни тўлиқ назорат қилишди. Ҳа, тўпни эгаллаб туришда 42га 58 фоиз кўрсаткичи билан имкониятни бой бериб ҳам ўйинни назорат қилиш мумкин. «Ливерпуль» буни майдонда исботлади.

Марказдаги устунлик
Шу куни икки жамоанинг марказий яримҳимоясида бутунлай бошқача футболчилар ҳаракат қилишди. «Бавария»да Хави Мартинес, Тиаго Алькантара ва Хамес Родригес. «Ливерпуль»да эса Жордан Ҳендерсон (кейинчалик биринчи бўлимнинг ўзида унинг ўрнини Фабиньо эгаллади), Жеймс Милнер ва Жоржиньо Вейналдум. Кўриб турганингиздек, «Бавария»да классик таянч яримҳимоячиси деб айтиладиган ва кўпроқ ҳимояга эътибор берувчи марказ ўйинчиси фақатгина Хави Мартинес. «Ливерпуль»да эса марказдаги барча футболчилар ҳимояланишни қойиллатадиган йигитлар. Ахир Милнер ва Фабиньо ҳимоядан чиққан футболчилар-да.

«Ливерпуль» марказидаги ана шу уч футболчи немисларга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Хамес, Тиаго ёки Рибери қўпол қилиб айтганда, ҳеч нарса қила олишмади. «Бавария»нинг голига эътибор берган бўлсангиз, ҳужум марказдаги суперплеймейкерлар орқали эмас, қанот ҳужумчиси Серж Гнабри (охирги вақтларда «Бавария»нинг энг яхши футболчиси) орқали амалга оширилди. Тўпни Гнабрига марказий ҳимоя ҳудудидан узатилганди. Бу эса майдон марказидаги плеймейкерлар доим юқори прессинг орқали босимда ушлаб турилганидан далолат. Хамес ўткир узатмаларни амалга ошира олмагани сабаб кўп бора асабийлашгани ҳам шундан бўлди.

Нойернинг совғаси
«Ливерпуль» 26-дақиқага келиб ҳисобни очди. Виржийл ван Дейк тўпни ҳужумдаги Садио Манега узатди. Жарима майдони ичидаги Мане тўпни тўхтатаётганда «Бавария» посбони Мануэль Нойер ҳужумчи учун кутилмаган ҳаракатни амалга ошириш мақсадида олдинга чиқди. Бироқ Садио орқасида ҳам кўзи бор одамдек дарвозабоннинг айёрлигини пайқади ва уни биргина тескари томонга қилган ҳаракати билан (противоход) чалғитиб, тўпни дарвозага ташлаб қўйди.

Мане бу вазиятда ҳақиқий топ-ҳужумчилар каби ҳаракат қилди ва Клоппнинг таъбири билан айтганда, минг марта қайта кўрса арзийдиган гол урди.

«Овқатни ҳам ван Дейк қилади, Абдуллани ҳам ван Дейк уйлантиради»

Шу оқшомда «Ливерпуль»нинг барча чизиқлари зўр ўйнади. Ҳаттоки ўз дарвозасига гол урган Жоэл Матип ҳам. Камерунлик футболчи майдон марказида кимсан Европанинг энг кучли таянч яримҳимоячиларидан бўлган Хави Мартинес билан кўп марта яккакурашга киришиб, ғолиб ҳам бўлди. Бироқ шу куни инглизларнинг энг зўр футболчиси ярим мавсум ўйнабоқ етакчилардан бирига айлана олган Виржийл ван Дейк бўлди. Ҳимоя марказида барқарорликни сақлаб турган нидерландиялик ҳимоячи Маненинг биринчи голида ассистентлик қилди. Ҳисоб 1:1 бўлиб турган мураккаб вазиятда эса «Ливерпуль»нинг йўл танламаси» (Клопп уни шундай атаган) бурчак тўпи вақтида рақиб жарима майдончасига бориб, гол урди.

Голдан сўнг ўзбекистонлик таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев ажойиб ўхшатиш қилди: «Ливерпуль»да ҳамма ишни ван Дейк қилади. Овқатни ҳам ван Дейк қилади, Абдуллани ҳам ван Дейк уйлантиради» («Суюнчи» фильмига пародия).

Кўринмаган, лекин фойдали Салоҳ
«Ливерпуль»нинг охирги иккита ўйинида Муҳаммад Салоҳ жуда фаол бўлди. «Бёрнли» 4:2 ҳисобида мағлуб этилган ўйинда Салоҳ иккита голда фаол қатнашди. «Бавария» билан ўйинда ҳам мисрлик футболчи гол урмаган бўлса-да, ўйинга якуний нуқтани қўйган Маненинг иккинчи голига ассистентлик қилди. Ўша вазиятда Салоҳ тўпни дид билан ҳимоячининг устидан ошириб, Манега узатди.

Топ даражага қайтиш

Клопп ўйиндан кейин ўринли гапни айтди: «Биз топ даражага қайтдик». «Црвена Звезда»дек жамоага ютқазиб, ўзини қийин аҳволга ташлаб қўйган жамоа «Бавария»дек катта клубни меҳмонда тотал устунлик билан мағлуб этишига бундан ошириброқ таъриф бериш қийин. «Ливерпуль»нинг бу ғалабаси жамоанинг АПЛдаги чемпионлик пойгасидаги ҳаракатларига ҳам ижобий таъсир қилиши табиий. Дарвоқе, Клопп «Бавария» билан Чемпионлар Лигасидаги ҳисоб-китобини ҳам тўғрилаб қўйганини таъкидлаш керак. 2013 йил ЕЧЛ финалида «Бавария»га ютқазган Клопп аламини айнан Мюнхенда олгани ҳам ўзига хос бўлди. Хуллас, унинг қасоси қиёматга қолмади...

Ўткир Жалолхонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз