Узбек O'zbek
Зидан «Реал»ни ўзгартиришга ваъда берди. У буни уддалай оладими?
Сешанба, 12 Март
9821

11 март куни кечқурун Мадриднинг «Реал» клуби Зинедин Зидан жамоа бош мураббийлигига қайтганини эълон қилди. Бу хабар бутун дунёдаги мухлисларнинг уйқусини қочириб юборгани аниқ. Ўзи Зидан билан боғлиқ ҳар қандай воқеа шов-шувларга сабаб бўлган. Зизунинг футболдан кетиши ҳам, мураббийликка келиши, «Реал»дан кетиши ҳам ўзгача бўлган. Энди мураббий яна бир сюрприз билан барчанинг «оғзини очириб қўйди». Ҳозирча унинг футболдан, мураббийликдан ва «Реал»дан фақат кетганини кўргандик. Зиданнинг қайтиши қанақа бўлишини эса ҳали билмаймиз. Лекин бир нарса аниқ, Зиданнинг келиши футболни янада қизиқарлироқ қилди.

«Жамоага ғалабалар учун янги мотивация керак»

Зиданнинг «Реал»дан кетиши кутилмаган ҳолат бўлганди. Чунки, ҳеч қайси клуб кетма-кет уч марта Чемпионлар Лигасини ютган мураббийни истеъфога чиқармайди. Зидан нега кетганини шундай изоҳлаганди: «Жамоага янги ғалабалар учун янги мотивация керак».

У «Реал»даги учинчи мавсуми муваффақиятсиз чиққанини сезганди. Зидан бўлган вақтда «Реал» Чемпионлар Лигасини узлуксиз ютганини инобатга олсак, мураббийнинг натижаларини Ла Лигага қараб қиёслаш ўринли. Дастлабки икки мавсумда Зидан Ла Лигада мос равишда иккинчи ва биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи бўлган мавсумида ҳам жамоа «Барселона»дан атиги 1 очко ортда қолганди. Учинчи мавсумда эса Зидан бор эътиборни Чемпионлар Лигасига қаратгани сезилиб қолди. Жамоа Испания чемпионатида «Барселона»дан 17 очко ортда қолиб кетди ва учинчи ўринни эгаллади.

Жамоадаги кичик муаммоларни сезган Зидан «Реал»ни яхши кўргани учун ундан кетишга қарор қилди. Француз ўз ғоялари футболчиларни олдинга бошлаш учун эскираётганини пайқагандир, балки. У билан ҳамма нарсани ютган супержамоа яна ғалаба қозониши учун янги шахс кераклигини ҳис қилган Зидан жамоадан кетади.

Унга ниманидир исботлашни истаётган жамоа керак эди. Ҳозир «Реал» худди шундай ҳолатда. «Бланкос» шунчалик кўп ўйинларни бой бердики, жамоа ва мухлисларда аламзадалик кайфияти максимал даражага чиқди («Реал»нинг мағлубиятлари ҳаёт тарзига салбий таъсир қилган кишиларни шахсан танийман). Шу сабабли, жамоани руҳлантириш учун сабаблар етарли. Дангалини айтганда, Зидан ўзи ёқтирадиган, чинакамига ғалабаларга ташна жамоага келди. Мураббий 2016 йил январида «Реал»га келганида вазият бошқачароқ эди. У вақтда Мадридда ҳолат тушунарсиз эди, аллақандай парокандалик ҳукм сурарди. Шу билан бирга, мухлислар ҳам жамоани ҳозирги каби танқидларга кўмиб ташлашмаганди. Шу жиҳатдан, бугунги «Реал» Зиданнинг олдинги жамоасидан ҳам қўрқинчлироқ бўлиши мумкин.

Зидан нега қайтди?

Зидан нега қайтди деган савол бугун кўпчилик томонидан муҳокама қилинмоқда. Ахир у «Реал»га бошқа инсон керак» деб кетганди-ку? Зинединнинг қайтишини бир сўз билан ифодалаш мумкин: Зизу «Реал»нинг хўрланишига чидай олмади. Севимли жамоаси барчанинг кўз ўнгида орқага кетиши, Чемпионлар Лигасини 1/8 финалдаёқ тарк этиши ва энг ёмони «Реал»нинг «Барселона»дан 3 марта енгилиши Зиданга оғир ботди. У ҳар қанча профессионал мураббий, Европа грандлари «оғзига сиққанини берадиган» супермураббий бўлса ҳам, доим мадридист бўлиб қолади. Ҳар қандай клуб афсонаси ўз навбатида ўша жамоанинг оддий мухлиси ҳам ҳисобланади. Зидан «Реал»нинг мухлиси сифатида барчасини яхши томонга ўзгартира олишини ҳис қилиб қайтди. Бунинг номини эса содиқлик дейишади.

Энди нима бўлади?

Зидан биринчи навбатда «Реал»нинг кийим алмаштириш хонасига тартиб олиб киради. Энг асосийси, у барчага имкон беради. Мариано Диасга ҳам, Винисиус Жуниорга ҳам, керак бўлса «Сити»дан сотиб олинган Браим Диасга ҳам. Иско катта эҳтимол билан яна ўйнашни бошлайди, Марсело ҳеч қаерга кетмайди. Испан нашрларида Зидан Пересга қўйган олтита шарт ҳақида хабарлар тарқалди. Унда айтилишича, Зидан Пересдан кераксиз футболчиларни сотишни сўрайди (катта эҳтимол билан гап Бэйл ҳақида кетмоқда), Хамес Родригес эса ижарадан қайтарилмайди (Эсингизда бўлса, ЕЧЛ доирасидаги «Вольфсбург»га қарши ўйинда «Реал» 0:2 ҳисобида ортда бораётганида Хамес шерикларига латифа айтиб бериб, уларни кулдирган. Шу сабабли Зизу колумбиялик футболчини ёмон кўриб қолганди), Марсело сотилмайди, Неймар олиб келинмайди (ички муҳитни бузиши мумкинлиги сабаб) ва «Реал» Мбаппени сотиб олишга уриниб кўради.

Иско порлаши мумкин

«Реал»нинг етакчиси Рамос бўлиб қолавериши аниқ, лекин Зидан майдондаги ўйин учун етакчини аниқлаб олиши керак. Чунки, энди жамоада Роналду йўқ. Катта эҳтимол билан Зиданнинг янги етакчиси Иско бўлади. Зидан кетгач Лопетеги ҳам, Солари ҳам Искога етарлича имкон бермади. Солари вақтида мухлислар Исконинг жамоада борлигини бир муддат ёдларидан ҳам чиқаришди. Ҳозир «Реал»даги энг кучли футболчи шубҳасиз, Иско. Зидан Роналдусиз «Реал»ни бошқариб кўрмаган. У трансферларни ёқтирадиган мураббийлар сирасига кирмаслигини инобатга олсак, бундай ҳолатда унга Иско, Асенсио каби мавжуд футболчилар асқатади.

Переснинг «тулкилиги»...

«Реал» бош мураббийлигига Зидандан ташқари яна кўплаб номзодлар бор эди. Антонио Конте, Маурисио Почеттино, Кларенс Зеедорф, Жозе Моуриньо каби мураббийлар «Реал» таклифига лаббай дейишга тайёр эдилар, бироқ Перес бежизга Зиданни олиб келмади. «Аякс»дан учралган мағлубият, «Барселона»га қарши ўйинлардаги муваффақиятсизликлар Переснинг ҳам курсисини қимирлатиб қўйганди. Бундай вазиятда Перес клуб тақдири билан бирга ўзининг тақдири ҳақида ҳам бош қотириши керак эди. Шу сабабли у мухлислар ёқимтойи бўлган Зиданни жамоага қайтарди. Бу мадридистлар учун шунчалик яхши янгиликки, улар жорий мавсумдаги ҳар қандай омадсизликни унутишга тайёрлар. Мухлислар бир сўз билан ўзларини овутишлари ҳам мумкин: Зидан келди, келаси мавсумдан ҳаммаси яхши бўлади.

9 ойда туғилган муаммо

Зидан «Реал»дан қачон кетгани ёдингиздами? Ўтган йилнинг 31 май куни мураббий Мадриддан кетганини эълон қилганди. Буни қарангки, Зизу 9 ойдан кейин жамоага қайтди. Бир инсон пайдо бўлиши учун етарли бўлган бу вақтда «Реал»да ҳам туғилиш бўлди. Жамоада олам-олам муаммолар туғилди. Зидан Бенитесдан қолган талатўпни жамоага айлантириб, «Реал»ни ўз даражасига қайтара олганди. Энди бу ишни яна бир марта такрорлашга ҳаракат қилиб кўради. Эплармикин?..

Ўткир Жалолхонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз