Узбек O'zbek
Роналдучасига: У «Юве»нинг орзусини кўмганди, энди уни тирилтирадими?
Сешанба, 12 Март
8622

12 мартдан 13 мартга ўтар кечаси Чемпионлар лигасининг нимчорак финали доирасида яна икки жавоб учрашуви ўтказилади. Бу оқшомда португалиялик юлдуз жамоаси билан кейинги босқичга чиқиш учун яна бир уриниб кўради.

Ювентус – Атлетико
12 март. Турин. «Ювентус» стадиони. 01.00.
Йўқотишлар: Алекс Сандро (дисквал.), Дуглас Коста, Хедира (иккиси – жароҳат) – Диего Коста, Партей (иккиси – дисквал.), Филипе Луис, Л.Эрнандес (иккиси – жароҳат)
Ҳакам: Кайперс (Нидерландия).
Биринчи ўйин - 0:2.

Кейинги йилларда Роналду камида 3 марта ўзининг энг севимли еврокубогида ғалабаларни нишонлаб, «Ювентус» мухлисларининг орзусини армонга айлантирганди.

Ўтган йили ҳам бу икки марта рўй берганди. Аввалига Туриндаги ўйинда афсонавий чалқанча зарбасидан кейин мезбон жамоа мухлислари ҳам «Реал» ҳужумчисини олқишлашганди. Кейин Мадриддаги жавоб ўйинида ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Криштиану Роналду пенальти зарбасини аниқ ижро этиб, жамоасини турнир яримфиналига олиб чиққанди. У 2016-17 йилги мавсум финалида, Кардиффдаги ўйинда ҳам «Ювентус» дарвозасини икки бор ишғол этиб, йирик ҳисобдаги ғалабани таъминлаганди (4:1). Умуман, бу футболчи туринликлар жамоасини «дафн қилиш» бўйича катта тажрибага эга.

Ниҳоят энди у ўзининг футболдаги «сеҳри»ни туринликлар учун ишлатишига имкон туғилди - ундан энди «Юве»нинг орзуларини тирилтириш сўралади. Мадридда «Атлетико»дан 0:2 ҳисобида мағлуб бўлиб қайтган жамоани бугун роналдучасига голлар қутқариши мумкин. Турин шунга умид қилмоқда.

Голсиз танаффус
Туринликлар мўъжизага ҳам, Роналдуга ҳам умид қилишмоқда. Португалиялик юлдуз айнан ЕЧЛ учун Туринга олиб келинган - ундан «Юве»нинг еврокубоклардаги омадсиз сериясини тўхтатиш талаб этилади. Туринликлар Чемпионлар лигаси финалида 9 марта ўйнаган ва фақат 2 марта ғолиб чиққан, охирги ғолиблик 1996 йилга тўғри келади.

Жорий мавсумнинг нимчорак финалига қуръа ташланганида бу жуфтликда туринликлар фаворит сифатида кўрсатилганди, аммо Испания пойтахтидаги биринчи ўйин ўша вақтдаги тахминларнинг оёғини осмондан қилди. «Ювентус» февраль ойидаги ўша мағлубиятдан кейин А Серияда уч ўйин ўтказиб, барчасида ғалаба қозонди ва ички чемпионатдаги энг яқин таъқибчиси билан орадаги фарқни жуда йириклаштириб юборди - мавсум якунига 11 тур қолган бир пайтда иккинчи ўриндаги «Наполи» пешқадамдан 18 очко ортда қолиб кетган. Қизиқ томони, Роналду бу вақт мобайнида битта ҳам гол урмаган, у ўтган ҳафта охирида «Удинезе»га қарши кечган ва 4:1 ҳисобидаги йирик ғалаба билан якунланган ўйинда асосий таркибнинг бошқа футболчилари қаторида дам олди, унинг голсиз серияси қарийб бир ойни ташкил қилмоқда, у охирги марта 16 февраль куни «Фрозионе»га қарши ўйинда (3:0) дарвозани ишғол қилганди.

Бу танаффусни тўхтатиш учун бундан яхшироқ вақт йўқ - Криштианунинг голлари бу оқшомда Турин учун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ зарур.

Ҳет-трик учун юриш
Роналду Туринга келганидан буён оқ-қора футболкада бирор марта ҳет-трик қайд этмади. Унда дубллар бўлди, қизил карточка бўлди, ҳатто бир ўйинда 3та голга ассистентлик қилди, у янги жамоасида кўпроқ жамоа учун ўйнай бошлади. У ўз тўпурарлик қобилиятини келажак учун асраб қўйгандек.

Футболда иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳа, «атлетлар» - ҳимоявий ўйинни яхши шакллантирган жамоа, бу ҳимоячилар ортида эса жаҳоннинг энг кучли дарвозабонларидан бири Ян Облак туради. Аммо бу мавсумда мадридликлар рақибларга ўз дарвозаларига уч ёки ундан кўпроқ гол уришга йўл қўйиб беришди (ва бир мартагина эмас).

Шу билан биргаликда, Диего Симеоне жамоаси худди «Юве» каби ЕЧЛ омадсизи ҳисобланади. Бу жамоа кейинги 3 йилда икки марта финалда ютқазган - бу кўп нарсага далолат қилади, Туриндаги ўйин «Атлетико» футболчилари учун ҳам «ҳаёт-мамот» ўйинига айланади.

«Шальке» - ЕЧЛни ҳам, Бундеслигани ҳам тарк этишга номзод

Манчестер Сити – Шальке
12 март. Манчестер. «Этиҳад» стадиони. 01.00
Йўқотишлар: Отаменди, Фернандинью (иккиси – дисквал.), Агуэро, Браво, Де Брейне, Компани, Стоунc (барчаси – савол остида) – Калиджури, Шепф (иккиси – жароҳат), Маскарель (савол остида).
Ҳакам: Тюрпен (Франция).
Биринчи ўйин – 3:2.

«Шаҳарликлар» Гедьзенкирхендаги ўйинда 5 дақиқа ичида ўйинни ўзгартириб юбориб, немислар сенсацион равишда ғалаба қозонишига йўл қўймаганди. Бу ўйиндан кейин Доменико Тедеско шогирдлари ички чемпионатда яна 3 марта оғир зарба қабул қилиб олишди: «Майнц» ва «Вердер»га сафарда 0:3 ва 2:4 ҳисобларида мағлуб бўлган жамоа ўз уйида «Фортуна»дан ҳам 4 гол ўтказди - 0:4. Айни вақтда жамоа Бундеслига турнир жадвалида 14-ўринда бормоқда. Хосеп Гвардиола жамоаси эса бу вақт оралиғида «Челси»ни Англия Лигаси Кубоги учун кечган финал ўйинида пенальтилар сериясида мағлуб этди, АПЛда эса «Вест Ҳэм» (1:0), «Борнмут» (1:0) ҳамда «Уотфорд» (3:1) мағлуб этилиб, жамоа «Ливерпуль»нинг очко йўқотишларидан фойдаланган ҳолда турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди.

Бу ўйин арафасида немислар «Сити»ни енгиб, чоракфиналга йўл олишини тахмин қилиш учун бирорта асос мавжуд эмас, «Шальке» бош мураббийи бу ўйиндан кейин истеъфога чиқарилиши эҳтимоли юқори. Гвардиола эса Клоппдан фарқли равишда ЕЧЛ учун курашни осонлик билан тўхтатишга рози бўладиган мураббий эмас.

1/8 финал. Биринчи ўйинлар

12 февраль, сешанба

«Рома» – «Порту» 2:1

«Манчестер Юнайтед» – «ПСЖ» 0:2

13 февраль, чоршанба

«Тоттенҳэм» – «Боруссия» Д 3:0

«Аякс» – «Реал» 1:2

19 февраль, сешанба

«Лион» – «Барселона» 0:0

«Ливерпуль» – «Бавария» 0:0

20 февраль, чоршанба

«Атлетико» – «Ювентус» 2:0

«Шальке» – «Манчестер Сити» 2:3

Жавоб ўйинлари

5 март, сешанба

«Боруссия» Д – «Тоттенҳэм» 1:0

«Реал» – «Аякс» 1:4

6 март, чоршанба

«ПСЖ» – «Манчестер Юнайтед» 1:3

«Порту» – «Рома» 3:1

12 март, сешанба

«Ювентус» – «Атлетико»

«Манчестер Сити» – «Шальке»

13 март, чоршанба

«Барселона» – «Лион»

«Бавария» – «Ливерпуль»

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз