Узбек O'zbek
Темурхўжа Абдухолиқов: «Терма жамоадан таклиф олдим, лекин...»
Душанба, 11 Март
5737

«Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилган. Бу ҳақда у ОЧЛ доирасидаги «Ар-Райян»га қарши сафардаги ўйин олдидан Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

27 ёшли ҳужумчи «Локо»нинг мавсумдаги дастлабки икки ўйинида иккита гол муаллифи бўлди: у ОКМКга қарши Ўзбекистон Суперкубоги учун кечган ўйин (2:1) ва ОЧЛ гуруҳ босқичининг 1-турида БААнинг «Ал-Ваҳда» клуби билан (2:0) учрашувларда тезкор гол уриб, ҳисобни очди – ҳар иккала сафар ҳам боши билан дарвозани ишғол этди. Аммо, Темурхўжанинг айтишича, у МТЖга бу икки ўйиндан олдинроқ чақирув олган.

«Терма жамоага чақирилганман, лекин клуб мавсумдаги дастлабки иккита ўйиндан аввал хат олган. Купер мени бу ўйинлардаги голларимдан кейин чақирмаган. Суперкубок ўйинидан 2-3 кун олдин клубга хат келган эди: қуйидаги футболчилар терма жамоага чақирилади, тайёрланинглар, паспорт, ҳужжатлар ва ҳоказо.

Балки шу чақирувдан руҳланиб, гол ургандирман? Йўқ, терма жамоа тўғрисида умуман ўйламадим. Чунки ҳар доимгидай бир-икки марта ўртоқлик учрашувларига чақириламан. Энг асосий пайт келганда ҳар доим мен четда қоламан. Шунинг учун бундан у қадар руҳланиб ҳам кетмадим, эътибор ҳам бермадим. Ўзимни ишимни қилишда давом этишга ҳаракат қиламан», – деди Абдухолиқов.

Ўзбекистон термаси 21-25 март кунлари Хитойда бўлиб ўтадиган «China Cup» мусобақасида иштирок этади. Эктор Купер қўл остидаги жамоа 22 март куни турнир ярим финалида Уругвай миллий термасига қарши ўйин ўтказади. Ундан бир кун олдин турнирдаги биринчи жуфтлик – Хитой ва Таиланд термалари дастлабки финалчини аниқлаб олишади. Учинчи ўрин учун ўйин ва финал учрашувлари 25 мартга белгиланган.

Аргентиналик мураббий ҳозирча Хитойдаги турнир учун кенгайтирилган таркибни эълон қилганича йўқ.

Маълумот учун, Темурхўжа Абдухолиқов терма жамоа бошқарувига Эктор Купер келганидан кейинги биринчи йиғинга чақирилган ва 2018 йил сентябридаги Сурия (захирадан) ва Эронга (бошланғич таркибда) қарши ўртоқлик учрашувларида иштирок этган эди. У МТЖнинг шундан кейинги йиғинларига жалб этилмади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз