Узбек O'zbek
«Реал» Зинедин Зиданни бош мураббий қилиб тайинлади
Душанба, 11 Март
20939

«Реал» клуби Зинедин Зиданни бош мураббийликка тайинлади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Клуб раҳбарияти Сантьяго Соларини клуб бош мураббийлигидан истеъфога чиқарди ва Зинедин Зидан билан 2022 йил ёзига қадар мўлжалланган шартномани имзолади.

Ўз навбатида, Солари клуб тизимида ишлашда давом этади.

2001-2006 йилларда «Реал» сафида тўп сурган француз футболчилик фаолиятини якунлагач, мадридликларнинг ёшлар жамоаларида ишлайди. У 2016 йилнинг январида биринчи марта мадридликлар бош мураббийи этиб тайинланганди. Ўшанда у мавсум охирига қадар мураббий вазифасини бажарувчи бўлганди. Мавсум якунида жамоани ЕЧЛ ғолибига айлантиргач у билан янги шартнома тузилади ва у кейинги икки мавсумда ҳам «Реал»ни бошқаради. «Қироллик клуби» билан кейинги икки мавсумда ҳам Европанинг энг нуфузли совринини қўлга киритган мураббий 2018 йилнинг 31 майида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққанди. 

Ўтган йил ёзида унинг ўрнига тайинланган Хулен Лопетеги жамоада атиги 5 ой ишлади ва ўтган йилнинг октябрида қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилди. Унинг истеъфосидан сўнг Сантьяго Солари мавсум якунига қадар мураббий сифатида тайинланган эди, аммо бу мураббий ҳам жамоа билан жиддий натижаларга эриша олмади. Айни вақтда «Реал» мавсумдаги барча совринлар учун курашни тарк этган, аввалига «Барселона» бу жамоани Испания Кубогидан чиқариб юборди, Испания чемпионатида ҳам каталонияликлар принципиал рақибини 12 очкога ортда қолдирган. Ўтган ҳафтада эса «Реал» ЕЧЛнинг нимчорак финалида «Аякс»га қарши Мадридда кечган учрашувда 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди ва амстердамликлар икки учрашув натижасига кўра кейинги босқичга йўл олди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз