Узбек O'zbek
Бугун «Локомотив» Доҳада «шерлар» билан жанг қилади
Душанба, 11 Март
4600

Бугун, 11 март куни Тошкентнинг «Локомотив» клуби ОЧЛ гуруҳ босқичининг 2-тур ўйинини Қатарнинг «Ар-Райян» жамоаси майдонида ўтказади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 20:35да старт олади.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

АР-РАЙЯН – ЛОКОМОТИВ
Доҳа. «Жассим бин Ҳамад» стадиони
Бош ҳакам: Ҳироюки Кимура

Доҳанинг бу жамоаси Қатар футбол ассоциацияси расмий сайтида «мамлакатнинг энг машҳур клуби» деб айтилади. «Шерлар» 8 маротаба Қатар чемпиони бўлган (охирги марта 2015/16 мавсумида), фақат «Ас-Садд»да бундан кўпроқ (13та) олтин медал бор. Ҳар икки клуб айни пайтда битта – «Жассим бин Ҳамад» стадионида уй ўйинларини ўтказмоқда. Қатар терма жамоаси ҳам ўз учрашувларини ўтказадиган бу арена асли «Ас-Садд»га тегишли бўлиб, «Ар-Райян»нинг ўз стадиони бузиб ташланган – унинг ўрнида ЖЧ-2022 учун мўлжалланган ўйингоҳлардан бири қад ростламоқда.

Кейинги вақтларда «қизил-қоралар»нинг ишлари юришмаяпти. Жамоа 2019 йил бошидан буён ўтказган 7та ўйинида 4 мағлубият, 1 дуранг ва 2 ғалабани қайд этди. Икки муваффақиятли ўйин 5 кун ичида бўлиб ўтган, улардан иккинчиси ОЧЛ саралаш плей-оффи бўлиб, унда «Ар-Райян» Эроннинг «Сайпа» клубини мағлуб этиш эвазига гуруҳ босқичига чиққанди. Клуб шундан кейинги учта ўйинда йирик ҳисобда ютқазди, умумий 1:12 тўплар нисбатини қайд этди.

Натижада «Ар-Райян» чемпионат якунланишига 4та тур қолганида жадвалнинг 4-ўрнига тушиб қолди; ОЧЛда 1-турни ўтган душанбада Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоаси майдонида ўтказиб, 1:5 ҳисобида ютқазди. Оқибатда октябрдан буён бош мураббий бўлиб ишлаб келаётган Булент Уйғун истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига клубнинг 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат жамоасини бошқариб келган Жилсон Соуза тайинланди. Бразилиялик мутахассис клубда узоқ вақтдан буён ишлаб келади, у ҳатто футболчи сифатида ҳам «Ар-Райян» шарафини ҳимоя қилган.

«Ар-Райян» бош мураббийи: «Жамоамни шакллантиришни «Локомотив» билан ўйиндан бошлайман»  
Андрей Фёдоров: «Янги мураббий келган жамоадан ҳар қандай сюрпризни кутиш мумкин» 

Қуйидагилар – бразилиялик чап қанот вингери Лукка, аргентиналик марказий ҳимоячи Гонсало Виейра, асли бразилиялик ҳужумкор яримҳимоячи Родриго Табата, асли уругвайлик ҳужумчи Себастиан Сория, венесуэлалик ҳужумчи Желмин Ривас, кореялик яримҳимоячи Миеонг Жин Ко «Ар-Райян» етакчилари саналишади. Улар орасидан 38 ёшли хавбек Табата ОЧЛдаги охирги 11та ўйинида 12та голда бевосита иштирок этгани (6+6) эътиборга лойиқ. У 2011 йилдан буён жамоа аъзоси ҳисобланади.

«Локомотив» ўз гуруҳида фақат «Ар-Райян» билан илгари тўқнаш келмаган. Ушбу клуб ОЧЛнинг 2012 йилги мавсумида «Насаф» билан бир гуруҳдан жой олиб, ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба қозонганди – Доҳада 3:1, Қаршида 1:0 ҳисоби қайд этилган.

ОЧЛда 11 март кунги ўйинлар

«А» гуруҳи
19:00. Ал-Завра (Ироқ) – Ал-Васл (БАА)
20:45. Ал-Наср (Саудия Арабистони) – Зўб Оҳан (Эрон)

«B» гуруҳи
20:00. Ал-Ваҳда (БАА) – Ал-Иттиҳод (Саудия Арабистони)
20:35. Ар-Райян (Қатар) – Локомотив (Ўзбекистон)

Фоторепортаж: «Локомотив» ОЧЛдаги 30-ўйинига тайёргарликни якунлади

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз