Узбек O'zbek
«Барселона»нинг иродали ғалабаси ва «Реал»га ёрдамга келган VAR шарпаси. Испанияда тур ўйинлари
Душанба, 11 Март
6427

«Барселона» Мадриднинг яна бир жамоасига қарши ўйин ўтказиб, дастлаб гол ўтказиб юборган бўлсада, якунда иродали ғалабага эришди.

Испания чемпионати, 27-тур
«Барселона» - «Райо Вальекано» - 3:1
(1:1)
Голлар: Рауль де Томас, 24 (0:1). Пике, 38 (1:1). Месси, 51 - пенальти (2:1). Суарес, 82 (3:1). 
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Юмтити, Жорди Альба, Видаль, Бускетс (Малком, 85), Артур (Дембеле, 46), Месси, Суарес, Коутинью (Ракитич, 80).
«Райо Вальекано»: Димитриевски, Адвинкула, Веласкес, Гальвес, Амат (Посо, 64), Алекс Морено, Альваро Гарсия (Эмбарба, 80), Комесанья, Имбула, Бебе, Рауль де Томас.
Огоҳлантиришлар: Веласкес, 68. Бускетс, 79. Имбула, 89.
Ҳакам: Мелеро Лопес (Испания).
9 март. Барселона. «Ноу Камп» стадиони.

Иштиёқ
Футболда мотивация - муҳим ўринга эга. Масалан, «Барселона» уч кун ичида икки бор «Реал»ни Мадридда мағлуб этиши, кейин эса ўз майдонида 40 дақиқа давомида Мадриднинг бошқа бир жамоаси, турнир жадвалида 19-ўринда бораётган аутсайдер «Райо Вальекано»га қарши ҳеч нарса қила олмаслиги мумкин. Эндиликда чемпионатда чемпионлик интригаси сўнмоқда, каталонияликлар иккинчи ўриндаги «Атлетико»ни 7 очкога ортда қолдирган, «Реал» янада узоқда - орадаги фарқ 12 очкони ташкил қилмоқда.

Андердоглар
«Райо Вальекано» «Камп Ноу»га қаторасига 5 ўйинда мағлубият қайд этган ҳолда ташриф буюрган ва бу сафар қандайдир муваффақиятдан умид қилаётганди. Андердоглар одатда грандларга қарши яхши ўйнашади. Биринчи давра ўйинида мадридликлар «Барса»ни 87-дақиқагача мағлуб этиб турган, аммо охирги дақиқаларда 2 гол ўтказиб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганди. Декабрда эса жамоа «Реал»га қарши ўйин ўтказиб, минимал ҳисобда ютқазди (0:1). Бир томондан жамоа грандларга муносиб қаршилик кўрсатади, бошқа томондан бу ўйинларда бирорта ҳам очко олмайди. Шанба куни «асаларилар» ниҳоят натижа учун майдонга тушишганди.

«Реал» тарбияланувчиси
Улар ўз мақсадларига дарҳол эришишди - биринчи бўлим ўрталарида майдон эгалари рақиб ҳимоясини ёриб ўтолмасдан, тўпни уёқдан буёққа олиб юрганларида «Райо» тўпни эгаллаб олди ва тезкор қарши ҳужум уюштириб, ҳисобни очди. Гол муаллифи «Реал» академияси тарбияланувчиси, «Райо»нинг жорий мавсумдаги асосий тўпурари Рауль де Томас бўлди. У тўпни қабул қилиб олиб, Пике ва Самедуга яқинлашиб келди ва узоқдан дарвозани нишонга олди. Тер Штеген бу сафар қутқара олмади.

Жарима ва пенальти

«Барса» 15 дақиқа давомида ҳисобда ортда борди, кейин эса Месси рақиб жарима майдонига тўп узатиб берди, у ерда Пике барчадан чаққонроқ ҳаракат қилди ва жамоалар танаффусга дуранг ҳисобда йўл олишди.

Иккинчи бўлим Семедунинг рақиб жарима майдонида йиқилиши ва Месси пенальтидан унумли фойдаланиши билан бошланди.

Вазиятлардан бирида Мессининг жарима нуқтасидан берилган зарбасини ҳимоячилардан бири омилкорлик билан ҳаракат қилиб тўсиб қолди.

Танаффусдан кейин меҳмонлар ҳужум қилишни тўхтатишди - улар майдон марказидан ҳам ўта олмай қолишди. Ҳакам ҳуштаги янграши арафасида Суарес рақиб дарвозаси томон учинчи голни йўллади ва «Барселона»нинг юқори темпини сақлаб қолди - жамоа турнир жадвалидаги устунлигини давом эттирди.

Энди мадридликлар кумуш ва бронза медаллар учун курашишади.

«Реал»га 5 дақиқа ичида 2 гол уришди, бир марта пенальти тепишди. Лекин ҳисоб очилмади

«Вальядолид» – «Реал» – 1:4 (1:1)
Голлар: Ануар, 29 (1:0). Варан, 34 (1:1). Бензема, 51 – пенальти (1:2). Бензема, 59 (1:3). Модрич, 85 (1:4).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Рубен Алькарас, 12 (мимо).
«Вальядолид»: Масип, Антоньито, Калеро, Фернандес, Начо Мартинес, Ануар (Верде, 63), Мичел, Рубен Алькарас, Кеко (Чоп, 73), Гвардиола, Оскар Плано (Энес Унал, 86).
«Реал» (Мадрид): Куртуа, Одриосола, Начо, Варан (Вальехо, 88), Регилон (Марсело, 89), Кроос (Вальверде, 74), Каземиро, Себальос, Модрич, Асенсио, Бензема.
Огоҳлантиришлар: Одриосола, 12. Регилон, 45+3. Начо Мартинес, 61. Куртуа, 64. Каземиро, 69. Марсело, 90+3.
Четлатиш: Каземиру, 80.
Ҳакам: Хиль Мансано.
10 март. Вальядолид. Jose Zorrilla стадиони.

Қаторасига 3та уй учрашувидаги мағлубиятдан кейин «Реал» Испания чемпионати доирасида «Вальядолид»га қарши ўйинда йирик ғалабага эришди.

Ўйин аввалида стадионда чироқ ўчиб қолди, жамоалар ғира-ширада чигалёзди машғулотларини ўтказишди ва ўйин бошқа кунга кўчирилиши хавфи ҳам пайдо бўлди. Аммо ўйин арафасида чироқ ёнди, яхшиямки ёнди, йўқса футбол мухлислари анча томошалардан қуруқ қолишарди.

Биринчи бўлим шунчаки телбавор кечди. Бу бўлим ҳужумларга бой бўлиш билан биргаликда ўтакетган тартибсизлик ва циркни эслатарди. Аввалига Одриосоланинг фоли туфайли «Вальядолид» пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди, аммо Алькараснинг америкача футболдаги каби зарбасидан таблодаги ҳисоб ўзгармади - тўп дарвоза тўсинидан бир неча метр баланддан ўтиб кетди.

Бу муваффақиятсизлик мезбонларнинг руҳини туширмади ва улар дарҳол кейинги ҳужумда гол уришди. Каталониялик машҳур мураббий билан фамилиядош бўлган Серхио Гвардиола Куртуани ожиз қолдирди, «Реал» тўпни майдон марказига олиб келиб ўйинни бошлашга чоғланган вақтда эса ўйин арбитри Хиль Мансано бирдан қўлини юқорига кўтара бошлади. У бу вазиятда видеоҳакам билан маслаҳатлашиб, гол вақтида офсайд ҳолати қайд этилганини кўрсатди.

Арбитр микрофон орқали видеоҳакам билан гаплашди, аммо аслида видеоҳакамлар хонасидаги монитор қаршисида бу вақтда ҳеч ким йўқ эди. Буни тасдиқлайдиган видео ҳам бор: трансляция вақтида Мансано гол урилган вазиятларда ким биландир маслаҳатлашаётгани кўрсатилганида видеоҳакамлар хонаси бўм-бўш эди.

Бу вазият изоҳсиз қолди. Балки бунга электр билан боғлиқ муаммо сабаб бўлгандир. Балки режиссёр кадр танлашда хато қилгандир. Аммо интернетдаги ҳазилларни тўхтатиб бўлмай қолди, барча «Реал»га яна VAR ёрдамга келгани ҳақида ёза бошлади.

Уч дақиқа ўтиб «Вальядолид» тўпни яна «қаймоқранглилар» дарвозасига жойлади, яна Гвардиола аниқ ҳаракат қилди, лекин ҳакам яна голни VAR орқали бекор қилди. Мезбонлар 5 дақиқа ичида бир марта пенальти тепиб, 2 марта гол уришди. Аммо ҳисоб ўзгармасдан қолди.

Тўғри, бу вазиятларда чиндан ҳам офсайд бўлганди.

Учинчи уринишда «Вальядолид» ниҳоят мақсадга эришди - Ануар жамоадоши Гвардиоладан омадлироқ бўлиб чиқди.

Мадридликлар бош мураббийи Сантьяго Соларини эса омадли дейиш қийин. Чемпионлар лигасидаги шармандаликдан кейин у жамоа таркибида ўзгартириш қилмади - фақат жароҳат туфайли Васкес, Карвахаль ва Винисиусни мажбуран алмаштирди (Рамос нафақат еврокубоклардан, балки чемпионат ўйинларидан ҳам дисквалификация қилинган). Ўйиннинг биринчи яримсоати «Аякс»га қарши ўйиндаги каби эди - «Вальядолид» майдоннинг «Реал» дарвозаси жойлашган иккинчи қисмида истаган ишини амалга оширди. Аммо бу устунликдан мезбонлар фойдалана олишмади, мадридликлар эса тезда ўзларига келишди ва ҳисобни тенглаштиришди.

Аввалига Варан баҳсли вазиятда гол урди - унинг голи арафасида Начо «Вальядолид» дарвозабони Масипга тўпга сакрашида халал бергандек кўринди.

«Реал» барча кубокларни тарк этган, Испания чемпионатида ҳам мотивация деярли йўқ, «Қироллик клуби» мавсум якунига қадар кучли тўртликдан тушиб кетмаслиги аниқ, шу билан бирга «Барселона»га ета олмайди. Жамоа «Аякс»дан ва «Барселона»дан қабул қилинган мағлубиятлар аламини ҳали унутгани йўқ. Шу сабабли жамоа иккинчи бўлимга бутунлай бошқа мақсадлар билан тушиб келди ва бунга эришди. 50-дақиқада Одриосолани жарима майдони ичкарисида йиқитишди, белгиланган пенальтини Бензема аниқ амалга оширди.

8 дақиқа ўтиб француз ҳужумчиси дубль қайд этди.

Бошқа вазиятда барчаси ҳал бўлган, деб ҳисоблаш мумкин эди. Аммо ҳозирги «Реал» бир лаҳзада парчаланиб кетиши мумкин ва 3:1 ҳисобидаги устунликда ҳам 3 очко кафолатланган, деб ишонч билан айтиб бўлмайди.

Ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганида ўйиннинг энг омадсиз футболчиси Гвардиоланинг зарбаси дарвоза устунига тегди, кейин эса Каземиро мавсумнинг энг аҳмоқона фолларидан бирини ўйлаб топди - шундоқ ҳам сариқ карточкаси бор бразилиялик футболчи рақиб футболчисига майдон марказида эркин зарбани амалга оширишга тўсқинлик қилди. Хиль Мансано эса бу футболчини майдондан четлатишдан бошқа чораси қолмади.

Аммо майдон эгалари сон бўйича устунликдан фойдаланишга улгуришмади - меҳмонлар 5 дақиқа давомида бир киши кам бўлиб ҳимояланишди, кейин Модрич жарима майдонига ёриб кириб якуний ҳисобни ўрнатди.

1:4 - «Вальядолид» учун адолатсиз ҳисоб, «Реал» ҳам йирик ғалабага ҳақли ўйин кўрсатмади. Мадридликлар 3 очкони ҳақли қўлга киритишди, лекин бунинг учун жамоани ҳеч ким мақтамайди - «Аякс»дан учралган 1:4 ҳисобидаги мағлубият шарпаси клубни ҳали узоқ вақт таъқиб қилади.

Тур ўйинлари

Турнир тўпурарлари

Турнир жадвали

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз