Узбек O'zbek
Андрей Фёдоров: «Янги мураббий келган жамоадан ҳар қандай сюрпризни кутиш мумкин»
Якшанба, 10 Март
1467

Тошкентнинг «Локомотив» клуби эртага, 11 март куни ОЧЛ гуруҳ босқичининг 2-тур ўйинини Қатарнинг «Ар-Райян» клуби майдонида ўтказади. Бош мураббий Андрей Фёдоров ўйин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида рақиб жамоанинг ўтган турдаги натижаси ва унда мураббий ўзгарганига оид фикрларли билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда Tribuna.uz мухбири.

«Биз доим яхши ўйин кўрсатишни истаймиз, аммо натижа қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Сифатли футбол кўрсатиб, яхши натижага эришишга умид қиламиз. Ўз ўйинимизни намойиш қилишга интиламиз, натижа қандай бўлишини эса эртага майдондаги 90 дақиқалик ўйин кўрсатиб беради.

«Ар-Райян»нинг биринчи турда йирик ҳисобда ютқазгани бизга қўл келадими? Йўқ, «Ар-Райян» 1:5 ҳисобига лойиқ эмасди, деб ҳисоблайман. Ўйинни кўрдик, ўтказиб юборилган бу голларни тасодиф натижаси дейиш мумкин. Бу йирик ҳисобга қараб, қайсидир клубнинг кучи ҳақида гапириб бўлмайди.

Рақиб бош мураббийи ўзгарган, демак ундан нимани кутишни билмаймиз, ҳар қандай сюрприз бўлиши мумкин. Одатда мураббий алмашинуви жамоа фойдасига хизмат қилади. Баъзида эса аксинча, футболчилар янги мураббийнинг талабларини қабул қила олмаслиги мумкин. Шундай экан, бу борада фикр билдириш қийин.

Охирги иккита ўйинимизда тезкор гол урганимиз билан ҳисоб йирик кўринишга келгани йўқ, аммо эртага ҳам тезда гол урадиган бўлсак ва бу бизга уч очко келтирса, бундан фақат хурсанд бўлардим», – дея таъкидлади Фёдоров.

Ҳимоячи Анзур Исмоиловнинг ўйинолди фикрлари эса қуйидагича бўлди.

«Рақибимиз – жуда яхши жамоа, сифатли футболни яхши кўради. Янги мураббий келган, демак, қандайдир ўзгаришлар кутиш мумкин. Биз ўз услубимизда ўйнаб, очко билан қайтишни хоҳлаяпмиз.

Ўз услубимиз деганда тўпга ва позицияларга эгалик қилишни назарда тутяпман. Қуруқ югуриш эмас, тўп билан муомалада бўлиш ва уни ўзимизда сақлаб туришга ҳаракат қиламиз», – дейди Исмоилов.

Эслатиб ўтамиз, биринчи турдан кейин «Локо» ҳисобида уч очко бор – «темирйўлчилар» Тошкентда БААнинг «Ал-Ваҳда» клубини мағлуб этишганди (2:0). «Ар-Райян» эса Жиддада «Ал-Иттиҳод»дан мағлуб бўлди – 1:5.

«Ар-Райян»-«Локомотив» учрашуви 11 март, душанба куни Доҳадаги «Jassim bin Hamad» стадионида маҳаллий вақт билан соат 18:35да (Тошкентда 20:35) старт олади. Унда мезбонлар қизил, меҳмонлар оқ рангли либосда майдонга тушади. Учрашув бош ҳаками – япониялик Ҳироюки Кимура.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз