Узбек O'zbek
Лондон, Рим, Мадрид. Дербилар ва уик-энднинг ўтказиб юбориб бўлмайдиган бошқа супер тўқнашувлари
Жума, 01 Март
7074

Бугундан Европа чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари бошланади. Албатта, жуда қизиқарли ва томошабоп ўйинлардан холи бўлмаган ушбу дам олиш кунлари ҳам футбол мухлисларига ёқиб тушса керак. Англияда биратўла иккита катта дерби – Ливерпуль ва Шимолий Лондон тўқнашувлари рўй берса, Испания навбатдаги Эл Класикони ҳавол этади. Италияда ҳам ўта қизиқарли икки учрашув бор. Шунингдек, бугундан Россияда чемпионати ҳам қолган жойидан давом этишини эслатиб ўтиш жоиз.

ТОТТЕНҲЭМ – АРСЕНАЛ (2 март, 17:30)

Босим «Тоттенҳэм»нинг энг асосий душманидир. Январь ойи бошларидаги «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда Ҳарри Кейн жароҳат олганди. У ва Аллисиз қолган Почеттино шогирдларидан ҳеч ким ҳеч нарса кутмай турган пайтда, жамоа жуда кучли ўйин намойиш қилди ва қаторасига беш ўйинда ғалаба қозонди ва «Манчестер Сити»га яқинлашиб олди. Европа Чемпионлар Лигасида «Боруссия» ҳам йирик ҳисобда тор-мор этилди. Кейн қайтгач, ана энди, ҳамма «тақачилар»нинг ҳатто чемпионлик пойгасига аралашиши мумкинлигини айта бошлаганда эса...

Қаторасига икки мағлубият. Аввал «Бёрнли»дан, кейин эса, каттароқ муаммолар гирдобида қолган «Челси»дан. Бу икки мағлубият «Тоттенҳэм»нинг аҳволини бироз қийинлаштириб қўйди. Энди Почеттино турнир жадвалида тепага эмас, пастга қарашга мажбур. Зеро уч жамоа яқинлашиб келмоқда ва «Тоттенҳэм» ҳатто кучли тўртликдан ҳам тушиб кетиши мумкин. Март ойида «Тоттенҳэм»ни ушбу дербидан ташқари, «Саутҳэмптон» ва «Ливерпуль» майдонига қийин сафар ва яна бир Лондон дербиси, «Кристал Пэлас»га қарши ўйин кутиб турибди. Орада Чемпионлар Лигаси ҳам борлигини эътиборга олсак, мавсумнинг энг муҳим палласи бошланмоқда, деб бемалол айтиш мумкин.

«Арсенал» эса, ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда «Тоттенҳэм»нинг рақиби саналади ва жамоалар ўртасидаги фарқ атиги 4 очкони ташкил қилмоқда. Демак, ғалаба «Арсенал»ни рақибига анча яқинлаштиради. Эмери шогирдлари нисбатан кучсиз жамоаларга қарши чиройли, ҳужумкор ва самарали ўйин кўрсатаётган бўлса-да, топ-ўйинларда муаммоларга дуч келмоқда. Жамоа ушбу мавсумда фақат «Челси» устидан ғалаба қозонди холос, қолган топ-учрашувларда ё мағлубиятга учради ёки дуранг қайд этди. Сафардаги ўйинларда «Олд Траффорд»даги дуранг билан мақтаниши мумкин холос. Яна бир нохуш статистика – «Тоттенҳэм» «Арсенал»га қарши уй ўйинларида охирги 7 ўйиннинг 5тасида ғалаба қозонган. Почеттино мураббийлиги остида «Тоттенҳэм» ўз майдонида мағлубиятга учрамаган.

Таркиблар борасида «Тоттенҳм» сафида Деле Алли ва Дайер ҳамон сафдан четда қолмоқда. «Арсенал»нинг эса, ҳимоя чизиғида муаммолар ҳамон жиддий. Эктор Беллерин вап Ҳолдинг узоқ муддатга сафдан чиқишган. Лихштайнер ҳали машғулотларга қайтмади, бунинг устига жаамоа етакчиси Косьелнининг ҳам ушбу ўйинда қатнашиши сўроқ остида қолмоқда.

«Тоттенҳэм» учун бу ўйин Дортмундга сафар олдидан бўлаётгани ва атиги уч кун ўтиб ЕЧЛда муҳим ўйин борлигини эътиборга олсак, Почеттинонинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Айтганча, «Тоттенҳэм» АПЛда ушбу мавсумда ҳали дуранг ўйнамаган жамоа бўлиб қолмоқда.

ЛАЦИО – РОМА (3 мартга ўтар кечаси, 00:30)

Сўнгги йилларда, ниҳоят, «Рома» ва «Лацио» биргаликда юқори ўринлар учун курашишни бошлашди ва Рим дербиси энди нафақат алоҳида ўйиндаги қарама-қаршилик, балки турнир жадвалидаги ўринлар учун ҳам муҳим курашга айланган.

«Рома» 44 очко билан «Милан»дан бир очко кам очко жамғарган ҳолатда, 5-ўринда бормоқда ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаларидан бирини қўлга киритиш учун кураш олиб бориши шубҳасиз. «Лацио» ҳам ўтган мавсумда кучли тўртлик учун жиддий кураш олиб борган ва сўнгги турларда четга чиққанди. Бу сафар «Лацио» ҳамшаҳарлари билан турнир жадвалида қўшни бўлса-да, очколар («Лацио» ҳисобида 38 очко бор) борасида фарқ каттароқ. Бу ўйиндаги мағлубият «Лацио»ни нафақат тўртликдан анча узоқлаштириб юборади, балки, умуман, еврокубоклар учун имкониятни чеклаб қўяди. Чунки, «Аталанта» ва «Торино» жамоалари ҳам «Лацио» билан бир хил – 38тадан очкога эга.

Айниқса, сўнгги бир ойда «Лацио»нинг натижалари анча пасайиб кетди. Жамоа сўнгги беш турда 3 марта ютқазиб, юқорида айтиб ўтилгандек, кучли тўртликдан узоқлашиб кетган бўлса, Европа Лигасида «Севилья»га ютқазди. Италия кубогида эса, Римда «Милан» билан дуранг қайд этилди – яъни бу мусобақада ҳам рақибларнинг имконияти каттароқ. Қайсидир маънода, бу ўйин Симоне Индзаги учун мавсумни қутқариб қолиш ва ҳеч бўлмаса, чемпионатни юқорироқ ўринда якунлаш учун сўнгги имкониятлардан биридир.

«Лацио» сафида Жордан Лукаку, Валон Бериша ва Уоллес жамоага ёрдам бера олмайди. Меҳмонлар таркибида эса, Чингиз Ўндер машғулотларни бошлади ва балки, иккинчи бўлимда майдонга тушиши ҳам мумкин. Келаси ҳафтада «Рома» Португалияда жуда муҳим ўйинда, Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқиш учун ўйин ўтказади. Ди Франческо балки ўша ўйинга кўпроқ эътиборни қаратган ҳолда Рим дербисига таркиб танлаши ҳам мумкин.

РЕАЛ – БАРСЕЛОНА (3 мартга ўтар кечаси, 00:45)

Куни кеча «Барселона» Мадридда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва азалий рақибини Испания кубогидан чиқариб юборди. Бу ўйиндаги ғалаба эса, «Реал»нинг Ла Лигадаги имкониятларини бутунлай йўққа чиқариши мумкин. Ҳозирда турнир жадвалидаги фарқ 9 очкони ташкил қилмоқда ва фақат ғалаба қозонибгина, «Реал» ушбу турнирдаги интригани сал сақлаб қолиши мумкин. «Барселона»нинг «Реал» билан ўйинлардаги мағлубиятсиз серияси эса, 5тага етиб улгурганини ҳам ҳисобга олсак, бу вазифа жуда қийин бўлади. Сўнгги ўн йилликни оладиган бўлсак, «Барселона» Мадридда 10 марта ғалаба қозониб улгурди: 6:2, 2:0, 2:0, 3:1, 2:1, 4:3, 4:0, 3:2, 3:0, 3:0.

Мағлубият «Реал»ни нафақат «Барселона»дан, балки иккинчи ўринда бораётган «Атлетико»дан ҳам сезиларли фарқ билан узоқлаштириши мумкин.

Умуман, «Сантьяго Бернабеу» «Барселона» учун ҳатто уй стадионидан ҳам қулай бўлиб бормоқда. Агар Суперкубок ўйинларини эътиборга олмасак, «Барселона» бу ерда қаторасига тўртинчи ғалабасига эришди ва буларнинг учтаси йирик ҳисобда қайд этилган. Демак, сўнгги йилларда каталонияликларнинг устунлиги яққол намоён бўлмоқда.

Таркибларга келсак, ўтган ҳафта «Леванте» билан ўйинда майдондан четлатилган Начо дисквалификациясини ўтайди. Шунингдек, Марко Льоренте ва Иско ҳам жароҳатини тиклаб улгургани йўқ. «Барселона» таркибида ўтган ўйинларни кичик жароҳат туфайли ўтказиб юборган Артур Мело пайдо бўлиш эҳтимоли бор.

ЭВЕРТОН - ЛИВЕРПУЛЬ (3 март, 21:15)

«Ливерпуль» бир қатор «тишсиз» ўйинларидан кейин «Уотфорд» билан ўйинда ўзига келди ва жавобсиз бешта гол уришга муваффақ бўлди. Айниқса, жамоа ҳимоячилари олдинги чизиқда жуда фаол бўлишганини эътироф этиш керак: Александр-Арнолд ва Робертсон ўз ҳисобларига иккитадан голли узатмани ёзиб қўйишган бўлса, Виржийл ван Дейк дубль қайд этди. Аммо «Уотфорд» эскидан «Ливерпуль»нинг «мижози» ҳисобланади. Бу жамоалар ўртасида «Энфилд»да бўлиб ўтган аввалги икки ўйин ҳам 5:0 ва 6:1 ҳисобида якунланган эди.

Клопп ҳам бир ҳафта олдин таъкидлаганидек, «Эвертон» «ўлигини ташлайди» ва «Ливерпуль» яна бир жиддий синовдан ўтади.

Дербилардаги статистикага қарайдиган бўлсак, сўнгги 8 ўйинда «Эвертон» ғалаба қозона олмай келмоқда, охирги 19 ўйиндан атиги 1 маротаба «кўклар»нинг қўли баланд келган, холос. Аммо ўша ўйинларнинг қарийб ярми дуранг билан тугагани, «Эвертон» майдонида ўтган охирги 6 ўйиннинг 5тасида ҳам ғолиб аниқланмаганини эсласак, «Ливерпуль» учун барчаси у қадар осон эмаслигини кўрамиз. Ҳозирда Клопп жамоаси атиги 1 очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда ва ҳар қандай йўқотилган очко жамоага қимматга тушиши муқаррар.

Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйини ҳам кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўшанда «Эвертон» рақибига муносиб қаршилик қилган ва фақат охирги секундларда Пикфорднинг хатосигина «Ливерпуль»ни уч очко эгасига айлантирганди.

«Эвертон» сафида Лейтон Бейнсдан ташқари, барча футболчилар сафда. «Ливерпуль» эса, ҳамон ҳимоя марказида Ловрен ва Гомеснинг соғайишини кутмоқда. Аммо тан олиш керак, Ван Дейкка шерикчилик қилаётган Жоэл Матип ҳам анча ишончли ўйин кўрсатмоқда. Шунингдек, «Олд Траффорд»да жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этган Роберто Фирминонинг ҳам аҳволи сўроқ остида. «Уотфорд» билан ўйинда унинг йўқлигини билдиришмади, лекин муҳим дербида Фирминонинг майдонга тушмаслиги жуда катта йўқотиш бўлиши ҳам мумкин.

НАПОЛИ – ЮВЕНТУС (4 мартга ўтар кечаси, 00:30)

Бу мавсумни А Серияда «Ювентус» янада барқарор ўтказмоқда ва режа бўйича баҳорда вазифа қисман бажарилиши ва бор имкониятни Чемпионлар Лигасига қаратишга имконият бўлиши керак эди. Биринчи қисм адо этилди, ҳозирда туринликлар энг яқин таъқибчидан 13 очко олдинда борган ҳолда турнир жадвалини бошқариб туришибди. Аммо Чемпионлар Лигасида «Атлетико»га қарши ўйин умид қилинган натижа билан тугамади ва энди кейинги босқичга чиқиш учун «Ювентус» ўз тарихида еврокубокларда амалга оширмаган иш - яъни икки тўп фарқини йўққа чиқариш керак бўлади. Агар ўтган йили «Реал» билан Туриндаги 0:3 ҳисобидан сўнг ҳам, жавоб ўйинида ютуққа яқин келинганини эсласак, ҳали ҳаммаси тугагани йўқ, албатта.

«Ювентус» учун асосий турнирдаги муваффақиятсизлик А Сериядаги кайфиятга ҳам таъсир қилиши табиий. Ўтган турда Аллегри шогирдлари «Болонья»да аранг ғалаба қозонишди. Бош мураббийнинг айтишича, «Болонья», «Наполи» ва «Удинезе»га қарши ўйинлар айнан «Атлетико»га қарши жавоб ўйини учун тайёргарлик вазифасини ўташи керак. Демак, «Ювентус» бу ўйинда гол уриш, ҳужум қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишини тахмин қилса бўлади.

«Ювентус»ни имкон қадар таъқиб қилаётган жамоа айнан «Наполи»дир. Неаполликлар учични ўриндаги «Интер»дан 9 очко олдинда бормоқда, 2019 йилда Анчелотти А Серияда ҳали мағлубият нималигини билмай келмоқда. Айниқса, ўз майдонидаги ўйинда мезбонлар ғалаба учун бор имкониятларини ишга солишлари табиий.

Таркибларга қаралса, «Ювентус»нинг ҳолати бироз ёмонроқ. Дуглас Коста ҳали спорт формасида эмас, Куардадо ва Хедиранинг қайтишига ҳали вақт бор. Криштиану Роналду машғулотларда қатнашган бўлса-да. кичик жароҳати бор ва балки Аллегри унинг соғлиғи билан таваккалга йўл қўймаслиги мумкин. 

ҚОЛГАН ЎЙИНЛАР

1 март. «Кальяри» – «ИНТЕР» (2 мартга ўтар кечаси, 00:30), «Аусбург» – «БОРУССИЯ» Д (2 мартга ўтар кечаси, 00:30)

2 март. «Борнмут» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (20:00), «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» – «Саутҳэмптон» (20:00), «Кан» – «ПСЖ» (21:00), «МИЛАН» – «Сассуоло» (22:00), «Боруссия» М – «БАВАРИЯ» (22:30)

3 март «Фулҳэм» – «ЧЕЛСИ» (19:05), «Реал Сосьедад» – «АТЛЕТИКО» (22:30).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз