Узбек O'zbek
Лондонда дерби, Испанияда эл-класико. Ҳафта ўйинлари анонси
Чоршанба, 27 Феврал
5251

Бу ҳафта еврокубоклар «дам олаётган» бўлса ҳам, футбол ихлосмандлари учун бугун ҳақиқий футбол байрами бўлади. Таъбга қараб, истасангиз Лондон дербиси, Англия грандларининг чемпионлик курашидаги сиртқи рақобати ёки масалан, Испания томонга назар ташлаб, дунёнинг энг катта ўйини – Эл Класикони томоша қилиш имкониятига эгасиз.

«Кристал Пэлас»«Манчестер Юнайтед»
Лондон, «Селхерс Парк» стадиони (Тошкент вақти билан 28 февраль куни соат 01:00)

Бу ўйин турнир жадвалида кучли тўртлик учун кураш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли, Сульшернинг жамоани тушиб қолган оғир аҳволдан қандай олиб чиқиб кета олишини кўриш ҳам қизиқ бўлса керак. Атиги уч кун олдин «Ливерпуль»га қарши ўйин давомида «МЮ»нинг тўрт футболчиси жароҳат олди. Марсиял, Жонс ва Матич сал олдинроқ сафдан чиққани, Валенсия, Дармиян каби футболчилар эса, ҳали тикланиб улгурмаганини ҳам ҳисобга олсак, Сульшер деярли бир ўйинга етадиган таркибдан фойдалана олмайди. Бундай ҳолатда, мураббий қандай йўл топишини кузатамиз, зеро энди ҳар бир ўйинда очколар сув ва ҳаводек зарур.

«Кристал Пэлас» эса, ўзига яраша хавфли жамоа, айниқса, ўз майдонида. «Манчестер Юнайтед» билан ўзаро статистика у қадар умидли бўлмасада (1992 йилдан бери АПЛда «Кристал Пэлас» бу рақибни енга олмаган), аксарият ўйинларда «бургутлар» муносиб қаршилик кўрсата олишган. Хусусан, биринчи даврада «Олд Траффорд»да ҳам мезбонлар рақиб дарвозасига йўл топа олишмаганди. Нафақат ҳимояда, «Кристал Пэлас»нинг олдинги чизиғида ҳам анча тажрибали, муҳими, топ-жамоаларда тўп суриб улгурган футболчилар тўп суради. Таунсенд ўз вақтида «Тоттенҳэм»нинг, Бентеке «Ливерпуль», Башуайи «Челси»нинг либосини кийиб улгурган. Уилфрид Заа эса «Манчестер Юнайтед» тарбияланувчиси ҳисобланади.  

Яна бир қизиқ серия, «Манчестер Юнайтед» Оле Гуннар Сульшер келганидан бери, сафарда ўтказган 7 ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Бу ғалабаларнинг 4таси Лондонда, «Арсенал», «Тоттенҳэм», «Челси» ва «Фулҳэм» устидан қозонилганини ҳам таъкидлаш керак. Демак, ўзига хос Лондон забт этувчисига айланган Сульшер бешинчи ғалабаси учун яна севимли шаҳрига қайтмоқда.

«Челси»«Тоттенҳэм»
Лондон, «Стемфорд Бриж» стадиони (Тошкент вақти билан 28 февраль куни соат 01:00)

Лондон дербиси. Эл Класикога монандроқ топ-ўйин керак бўлса, бу ўйинга ҳам эътибор қаратиш мумкин. Испания грандлари каби ўта юқори савия бўлмас, аммо шиддатли кураш ва кескинлик борасида қолишмайди. Айниқса, «Челси» ичкарисида бўлаётган ҳодисалар, Сарри ва футболчилар ўртасидаги зиддиятлар жамоанинг ҳар бир ўйинига алоҳида диққат қилишни тақазо этади. Чемпионлар Лигасидаги ўринлар учун рақобат бўйича ҳам олти очколик баҳс.

«Тоттенҳэм» чемпионлик пойгасига яқинлашиб, яна кимдирлар жамоанинг соврин учун имкониятларини чамалай бошлади ҳамки, Почеттино шогирдлари яна босимни енга олмадилар. Ҳарри Кейн, Алли каби етакчиларсиз, ўта қийин вазиятларда, сўнгги дақиқаларда иродали ғалабаларни қўлга киритиш бошқа, аммо айнан чемпионлик даражасида ўйнаб, ўз очколарини қолдирмай йиғиб олиш талаб этилганда, лондонликларда муаммолар юзага келади. Кейннинг сафга қайтган илк ўйини мағлубият билан тугади – «Бёрнли» майдонида «Тоттенҳэм» қимматли очколарни йўқотди.

Энди эса, пастдаги уч жамоага кўпроқ эътибор беришга тўғри келади. «Тоттенҳэм» кейинги турда «Арсенал» билан ҳам ўйнашини ҳисобга олсак, «Тоттенҳэм»га қийин палла бошланмоқда. Жамоа келаётган икки ўйинни бой берса, 5-ўринга ҳам яқинлашиб қолиши шубҳасиз.

Таркиблар борасида «Тоттенҳэм» ҳамон Деле Алли ва Эрик Дайерсиз қолмоқда. «Челси» таркибида эса, деярли барча футболчилар учрашувга тайёр. Фақат улар Сарри учун бор имкониятларини ишга соладиларми, масала шу. Шунингдек, «Тоттенҳэм» охирги ўйинини шанба куни ўтказганини, «Челси» эса, бир кун кейин, Англия Лига кубоги финалида 120 дақиқа ҳаракат қилганини ҳам айтиб ўтиш лозим.

«Ливерпуль»«Уотфорд»
Ливерпуль, «Энфилд» стадиони (Тошкент вақти билан 28 февраль куни соат 01:00)

«Ливерпуль»ни 2019 йилда таниб бўлмаяпти. Тўғри, аслида Клопп жамоаси мавсум бошидан анча прагматик ва ҳимоявий ўйнай бошлаганди, аммо ҳужум чизиғидаги муаммолар айнан янги йилда кўпроқ кўзга ташланяпти. Мавсум охири яқинлашган сари очко йўқотишдан қўрқиш, босим, эҳтиёт бўлиб ўйнашга бўлган интилиш «Ливерпуль»нинг даҳшатли, ҳаммани ваҳимага соладиган ҳужум чизиғи ҳақидаги тасаввурларни тарқатиб юборди.

«Ливерпуль» 2019 йилдаги 9 ўйиндан атиги 3тасида ғалаба қозонди ва бу ғалабаларнинг фақат биттаси – ўз майдонида «Борнмут»га қарши ўйин анча ишончли чиққанди. «Ливерпуль» охирги беш ўйиннинг тўрттасида дуранг қайд этди ва атиги бешта гол урди. «Бавария» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши кечган охирги икки ўйин ҳам 0:0 ҳисобида якунланди, бу ўйинларда «Ливерпуль» атиги уч марта дарвозаларга аниқ зарба бера олди холос. Бундай ҳолатда руҳий жиҳатдан навбатдаги рақибга тайёрланиш ва ғалаба қозонишни шунчаки, навбатдаги вазифа сифатида қабул қилиш жуда қийин бўлиши табиий. Аммо бошқа йўл йўқ – чемпион бўлиш учун энди қолган ҳамма ўйинда ғалаба учун курашиш керак.

«Ливерпуль» одатда «Уотфорд» билан уй ўйинларини жуда ишончли ўтказгани мезбонларга умид беради – охирги икки ўйин 5:0 ва 6:1 ҳисобидаги ғалабалар билан якунланган. Лекин «Уотфорд» сўнгги ўйинларни анча барқарор ўтказмоқда. Жамоа охирги уч ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Умуман, охирги 16 ўйинда «Уотфорд» атиги 3 марта мағлубиятга учради ва бу мағлубиятлар ҳам «Сити», «Челси» ва «Тоттенҳэм»га қарши ўйинларда бўлди. Оддий, кучлар тенг бўлган ўйинларда «Уотфорд» мағлубиятга учрамаган. Хулоса қилиш мумкинки, «Ливерпуль» агар бугун уч очко олишни истаса, топ-клубларга хос ўйин кўрсатиши шарт. 

«Манчестер Сити»«Вест Ҳэм»
Манчестер, «Этиҳад стэдиум» стадиони (
Тошкент вақти билан 28 февраль куни соат 01:00)

«Ливерпуль»дан фарқли равишда, «Манчестер Сити» айнан мавсумнинг иккинчи ярмига келиб, ўз ўйинини кучайтиришга эришди ва энди босим кўпроқ мерсисайдликларга ўтди. Яқиндагина пешқадам билан орадаги фарқ 7 очкогача етганди, ҳозир эса, атиги 1 очко. Бундай ҳолатда, «Манчестер Сити» янада ўзига ишончини орттириши ва таъқибни давом эттириши мумкин. Бунинг учун эса, албатта, «Вест Ҳэм»ни ҳам ютиш шарт.

«Вест Ҳэм» таркиб, мураббийлар штаби борасида жуда салобатли кўринса-да, бу мавсумни ҳам анча беқарор ўтказмоқда ва жуда чиройли ва сермаҳсул ўйинлар баъзида муваффақиятсизликлар билан ҳам алмашиб турибди. Етти ўйиндан бери «шаҳарликлар»га қарши ўйинларда ҳатто дурангга ҳам эриша олмаётган «Вест Ҳэм» учун балки айнан шу сафар қўшимча имконият очилиши мумкин. Биринчидан, юқоридаги бўлимда ҳам айтилганидек, «Манчестер Сити» рақибидан бир кун кам дам олди ва финал ўйини 120 дақиқага чўзилди. Иккинчидан эса, «Вест Ҳэм» мураббийи Мануэл Пеллегрини ўз вақтида «Манчестер Сити»ни бошқарганини ва Гвардиола айнан унинг ўрнига ташриф буюрганини ҳам унутмаслик лозим.

Тикланишдан ташқари, жароҳатлар бобида ҳам Гвардиолада бошоғриқлар етарли. Стоунзга қўшилиб, энди Эмерик Лапорте ҳам жароҳат олди ва бугун майдонга туша олмайди. Марказий ҳимоячилар ўрнини қисман қоплаш мумкиндир, аммо Фернандиньонинг ҳам бир ойга сафдан чиққани «Манчестер Сити»га каттароқ муаммоларни келтириб чиқариши табиий. Чунки бразилиялик яримҳимоячи майдон марказидаги иш кўлами бўйича таркибнинг асосий вакилларидан бири эди. Унинг ўрнини тўлдириш мураббий учун қийинчилик туғдиради.  

«Реал»«Барселона»
Мадрид, «Сантьяго Бернабеу» стадиони (Тошкент вақти билан 28 февраль куни соат 01:00)

Бу ҳафта «Реал» ва «Барселона» икки марта «Сантяго Бернабеу»да тўқнаш келади. Ўйин аҳамияти, стратегик жиҳатидан бугунги учрашув муҳимроқ экани табиий.

Чунки Ла Лигада жамоалар орасидаги фарқ ҳамон 9 очколигича сақланиб турибди ва чемпионат доирасидаги ғалаба мадридликларга сезиларли имконият тақдим этмайди. Барибир барча масала «Барселона»нинг қўлида қолади. Бугунги учрашувга эса соврин тикилган ва «Реал»да рақибини ортда қолдириш учун яхшигина имконият бор. «Камп Ноу»даги 1:1 ҳисобида бугунги мезбонларнинг имкониятларини сал оширади ва ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба ёки голсиз дуранг «Реал»ни финалга олиб чиқади. Ўша ўйиндан фарқли равишда, энди, Лионель Месси яна спорт формасига қайтганини таъкидлаш керак. Икки ҳафта олдин кичик жароҳат туфайли фақат иккинчи бўлимда майдонга тушган сардор ҳозир жуда яхши ҳолатда, хусусан «Севилья»га қарши ўйиндаги ҳет-трик ҳам буни исботлаб турибди.

Бу жуфтлик ғолиби якунда Испания кубогини қўлга киритишига кўпчилик шубҳа қилмаса керак. Нариги жуфтликдаги «Валенсия» ва «Бетис»нинг имкониятлари пастроқ баҳоланади.

Жамоалар бу мусобақада охирги марта тўрт йил олдин финалда учрашганди ва ўшанда мадридликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Кейинги йилларда Испания кубогида бу жамоалар тўқнаш келмаётганди ва бу даврда «Барселона» тўрт марта кубокни ўзиники қилган. Энди эса, яна «Реал» қаршилигини синдириш талаб этилади.

Таркиблар борасида «Реал» сафида Иско майдонга туша олмайди. Шунингдек, Льоренте айнан «Барселона»га қарши илк ўйинда жароҳат олиб майдонни тарк этганди. Меҳмонлардан эса, сўнгги ўйинларда жароҳат олган Артурнинг ҳолати сўроқ остида. Аммо у ҳам машғулотларда қатнашяпти ва балки керак бўлганда майдонга тушиши ҳам мумкин. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз