Узбек O'zbek
Баджо. Ёшариш фасли
Сешанба, 19 Феврал
4704

90-йиллар футболида ўта кучли иқтидор эгалари тўп тепишган. Марадона, Маттеус, Ромарио, ван Бастен, Гуллит, Шукер, Стоичков, Веа, Кану, Роналдо... ва декада охирлаб бораётганда Зидан!

Улар ичида Роберто Баджо буткул бошқача фигура. У юқоридагилардан нимаси билан ажралиб туриши борасида кўп ва хўп ёзилган. Шу кунларда 52 ёшга тўлган афсона ҳақида фақат бадиий фильм суратга олиш қолди, очиғи. Тахминим бўйича у қуйидагича сценарий остида бўлса, тўғрироқ чиқади.

37 ёшида ўртамиёна «Брешиа» таркибида тинимсиз гол ураётган ва бутун Италияни ҳайратлантираётган Баджо сиймосининг катта плани...

Бу нигоҳ орқали узунсоч дунё аҳлини рози қилгани маълум бўлади. У футболда ўзига ҳайкал ўрнатиб бўлганини тушунтирмоқда. У шундай нигоҳки, кўз ўнгида скуадро адзурра либоси фонида бутун ҳаёти лентага тизилиб ўтиб кетади.

«300» деган катта ёзув намойиш этилади «Брешиа»-«Пьяченца» ўйинида. Роберто 2002 йилнинг 16 декабрида ўзининг юбилей – 300-голини рақиб дарвозасига йўллаётгани маълум бўлади ҳаммага.

Баджони танимайдиган мухлис дарҳол фильм қаҳрамони ўта катта шахс эканини пайқайди. Ҳар ҳолда, фаолияти давомида шунча гол урган одам оддий инсон бўлмайди. Йиғлаётганини тушуна олмайди фақат: «Кўз ёшлар сабаби нима экан?» деганида, фильм «ёшараётган Баджо»ни ўша йилги мундиал остонасига етаклаб кетади.

2002 йилнинг баҳори. Осиёда ўтказилган жаҳон чемпионати олдидан ҳаммаёқда шов-шув: «А Серияни титратаётган юлдуз ўз фаолиятида илк марта мундиални ўтказиб юбормоқда!» Ия, бу қанақаси, дейди оломон. Италия терма жамоаси Жанубий Корея ва Япония заминига Баджосиз йўл олмоқда. Сабабини мураббий оддий қилиб: «Футболчининг ёши ва ўйнаётган жамоаси савияси» деб тушунтиради. Баджонинг фонида термани мусобақага олиб кетаётган Тоттининг ожиз қиёфаси...

Бу турнир мовий гвардиячилар учун нечоғлиқ оғир келишини гуруҳ ўйинлари тасвирлари тушунтирган бўлади.

Фильмни томоша қилаётган ёш мухлис барибир қаҳрамоннинг асл даражасини белгилашда қийналади. Ҳай, 300та гол урган зўр ўйинчидир, аммо қариялиги рост-ку, 35 ёшда турнирга борадиганлар кам-ку, деб ҳайратини ичига яшира олмаётган бўлади. Унинг кимлиги кейинги планларда ўз аксини топади:

1998 йилги жаҳон кубоги. Мундиалдан олдин дель Пьеро деган ёш юлдузнинг порлаб чиққани туфайли мураббийлар Баджони олиш керакми ё йўқми, деб маслаҳат қилиб ўтиришгани тасвири кетади.

– Олиш керак, «Болонья»дек ўртамиёнани бир ўзи елкасида кўтариб юргани етмаганидек, ярим йилдаёқ аввалги формасини тиклаб олганини ҳамма кўрдику, қандай қилиб олмаймиз? – деб жингалак сочли мураббий фактларни ёғдириб ташлайди.

Бошлар эгик – иложсиз ҳолда Баджо терма жамоага таклиф этилади.

Мусобақанинг ҳар бир ўйини, ҳолати, қаҳрамонимизнинг «тишсиз ҳужумчи» номини олган Алекс ўрнига майдонга тушиб, қандайдир ярим бўлим ичида ўйин масаласини ҳал қилиб ташлаётганини кўравериб фильм томошабини, бу инсоннинг ўта маҳоратли ва мўъжизага ундовчи юлдуз эканини аста-секинлик билан бўлса-да, илғай бошлайди.

Ва ниҳоят пенальтилар сериясидаги кадр. Плей-офф. Италия турнир мезбони Франция билан дуранг ўйнаб, ғолиб масаласини «ёвуз лотерея»да ҳал этмоқда.

Биринчи бўлиб тўпга Баджо яқинлашади. Пенальти тепаётган пайти кўз ўнгида бир тоғ пайдо бўлади ва унга типратиканга ўхшаб оқиб келаётган сонсиз пенальтилар ёғилади. У ана шу тиканли махлуқотларни устидан қоқиб ташлашга, уларнинг ҳужумидан чиқиб кетишга уринаверади... ва охири чиқиб ҳам кетади. Бу пайтда эса, бутун стадион уни олқишлаётган, тепган тўпи дарвоза тўри ичида айланиб юрган бўлади.

Зарбаси голга айланиб, ортга қайтаётганида, кўзлари ёшланади. Дунё остун-устун бўлиб кетгандек тасаввур пайдо бўлади. Италия терма жамоаси гарчи серияда енгилган бўлса-да, Баджо нигоҳидаги мамнуният сабабини мухлис у қадар тушунмаса, давомидан келадиган тасвир ҳаммасига ойдинлик киритади:

Фильмнинг кульминацион нуқтаси: Роберто Баджо АҚШ-94да финал кечасида пенальтилар сериясида иштирок этмоқда. Унгача италияликлар икки ноаниқ зарба йўллаб бўлишган. Скуадро адзурранинг охирги зарбасини амалга ошириш учун қаҳрамонимиз нуқтага қараб кетмоқда. Бораётган пайти кадр секинлашади ва хаёлидан бир нималар ўта бошлайди:

Мусобақага олинаётган пайти – уйдагилари ишонч билдираётган лаҳзалар...

Гуруҳ ўйинларидаги нурсиз ҳаракатлари...

Плей-оффдаги юлдузли онлари...

Нигерияни бир ўзи қандай доғда қолдиргани...

Испанияни бир ўзи ер тишлатгани...

Болгария деб аталмиш янги қаҳрамонларнинг эртагига бир ўзи нуқта қўйгани...

Финалгача бутун Италия унинг елкасига осилиб чиққани...

Зарба берилар экан, ҳаётининг ҳар бир дақиқаси тезлаштирилган кадрда ўтиб кетади.

Ноаниқ зарба ва унинг атрофида Бразилия йигитлари чемпионликни нишонламоқдалар...

Италия терма жамоаси уйига қайтади. Ҳамма айб битта инсонга юклатилади, матбуот аҳли сўнгги зарбани ноаниқ йўллаган қаҳрамон ҳақида гапирарди фақат. Роберто Баджо руҳан синган, атрофида нималар бўлаётганини у қадар англай олмасди. Даҳшатнинг ўзгинаси.

Фильмни томоша қилаётган мухлисга янада тушунарли бўлиши учун пенальти ҳақида гап боради.

Баджодан журналист сўрамоқда:

– Сиз шу нуқтага яқинлашаётганингизда ноаниқ зарба йўллаб қўйсангиз, нималар бўлишини тасаввур қилганмидингиз?

Роби жавоб беради: – Йўқ, мен гол ураман деб бордим, бошқа нарсани ўйлай олмасдим.

– Эндичи?

Жавоб: – Нима ўйлашни билмаяпман.

– Роберто, сиз шу пенальтидан бошқа яна қачон гол ура олмагандингиз?

Баджо: – Ҳеч қачон. Бундан бошқа бўлганида бунинг қийматидан юқорироқ бўлармиди?

– Энди фаолиятингиз нима бўлади?

Жавоб: – Билмадим.

– Сиз бу турнирга дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиб келгандингиз, эсингизда борми?

Баджо: - Ҳа, ҳозир энг ёмониман...

1993 йил. Роберто Баджо «Ювентус» либосида голларни қалаштирмоқда ва охири «Олтин тўп»ни боши узра кўтармоқда.

1990 йил. Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида у илк бора мундиалда қатнашиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Кўзларида олов. Ёш Робининг ҳаракатлари дунё аҳлини шошириб қўяди. Италия терма жамоаси ярим финалда Аргентинага қарши ўйнамоқда ва Баджо майдонда Марадонага қарши муносиб рақиблигини намойиш этмоқда.

Пенальтилар серияси. Баджо нуқтага кулиб яқинлашмоқда. Зарба ва гол!

Бояги журналист (ёшроқ кўринишда) Баджодан интервью олмоқда:

– Роберто, Италия ютқазган бўлса-да, сиз майдонда буткул зўр эдингиз? Марадонадан чўчимадингизми?

– Йўқ.

– Пенальтилар сериясида ҳам бошқаларга қараганда ишончлироқ эдингиз. Бунинг сабаби нима?

– Билмасам, мен пенальтидан қўрқмайман.

– Кейинги мундиалда Италия қандай иштирок этади, деб ўйлайсиз?

– Чемпион бўлади.

1990 йилнинг баҳори. Роберто Баджо «Фиорентина»дан «Ювентус»га рекорд суммага – 25 миллиард лира эвазига трансфер бўлмоқда.

1985 йил. Флоренция аҳли ёш иқтидор эгасини қарши олмоқда. Узунсоч матбуот аҳли билан анжуманда. Савол-жавоблар:

– Сиз эндигина 18 ёшга кирдингиз. Лекин ўйинингизда катта ёшлиларнинг салобати бор. Бу қадар ишонч сизга қаердан келган?

– Мен тўпни севаман, шунга бўлса керак.

– Роберто, нега айнан Флоренция клубини танладингиз?

– Бу шаҳар менга ёқади.

– Айни дақиқаларда сизни қийнаётган муаммо нима?

– Тиззамдаги жароҳат.

– Қанақа жароҳат?

Ҳамма ҳайратланади. Матбуот анжумани якунланади.

Охирги кадрда бугунги Баджонинг қиёфаси ва у неваларига ҳикоя қилиб ўтирган ҳолати.

Кичикроқ боласи сўрайди:

– Ўша жароҳат оғирмиди, бобо?

– Ҳа, мен Флоренцияга келишдан бир йил олдин муолажага ётгандим. 17 ёшли йигит эдим. Онам тепамда турган. Жуда оғир бўлган менга. Футболни ташлаш маслаҳати ҳам берилган. Лекин мен оёққа туролдим ва бир йилдаёқ яна майдонга қайтдим. Футбол оғир ўйин, тизза жароҳати эса, умрбод сизни таъқиб этиши мумкин, дейишди, менинг жавобим бир хил эди: Ҳа, нима қилардим, чидайман-да... Чидадим!

Соч-сақоли оқарган Роберто ўрнидан турмоқчи бўлади. Тизза оғриғидан зўр-базўр қўзғалади. Жажжи болакайлар унга ёрдам беришга тушадилар.

– Ўзим тураман, - дейди Баджо. Ҳамма унинг ўрнидан зўрға туриб олганига қараб туради.

Роберто болаларга қараб ҳазиллашади:

– Мен доим шундай турганман. Биров ёрдам бермаган.

Секин хонадан чиқиб кетар экан, болаларга қараб шундай дейди:

– Бир умр тизза оғриғи билан футбол ўйнаган бўлсам-да, бу оғриқ менга лаззат берарди. Бу лаззатга бора-бора ўрганиб ҳам қолдим. Ҳозир баъзи футболчиларга қараб ҳайрон қоламан: икки оёғинг бутун бўла туриб, нега югурмайсан, нега роҳатланиб ўйнамайсан, деб.

Қария Баджо чиқиб кетади.

Ташқарида кичик футбол майдончаси. Болаларнинг энг кичиги югуриб бориб дарвозага туриб олади. Роберто тўпни пенальти нуқтасига қўяди ва болакайга тикилиб қараб қолади.

– Мен Таффарел бўламан, бобо. Сиз Баджо бўласиз. Тепинг-чи...

Менинг тасаввуримдаги фильм шу. Охиригача кўрган бўлсангиз, сизга ҳам маъқул келди, деб ўйлайман. Балки Баджо сиймоси ҳақида бошқачароқ – юнон эпосларига ўхшаш фильм олиш керакдир. Буёғини киноижодкорларга қўйиб берамиз. Бизнинг нигоҳимиздаги Роберто мана шундай бўлиб қолаверади. Саломат бўлинглар!

Хайрулла Ҳамидов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз