Узбек O'zbek
ЎФА Нестеров билан боғлиқ вазият юзасидан баёнот берди
Жума, 15 Феврал
13346

Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоа дарвозабони Игнатий Нестеровдан Осиё Кубоги вақтида олинган таҳлилларда тақиқланган модда топилгани ҳақидаги хабарларга аниқлик киритди.

Ассоциациянинг тасдиқлашича, ҳақиқатан ҳам Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан Нестеровдан Осиё Кубоги доирасида олинган таҳлиллар натижасида унинг қонида тақиқланган модда аниқлангани ҳақида ЎФА ва «Уҳуд» клубига расмий хат юборилган. 

«Аммо мазкур хатда бу масала бўйича ҳозирда ОФК Тартиб-интизом қўмитаси иш олиб бораётгани, ҳали якуний қарор қабул қилинмагани, унгача эса бу маълумотни ошкор қилмай туриш сўралган.

Табиийки, якуний қарор қабул қилингунга қадар Игнатий Нестеров ҳеч қайси жамоа таркибида майдонга туша олмаслиги ҳам хатда маълум қилинган.

Шунга қарамай, «Уҳуд» клуби ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бу маълумотни оммага шкор қилиб, Нестеров допинг қабул қилгани туфайли ОФК томонидан четлатилгани ҳақида хабар тарқатди.  Бу эса профессионал клуб мақомига тўғри келмайдиган ҳолатдир», – дейилади ЎФА баёнотида.

Ассоциациянинг маълум қилишича, терма жамоа шифокорлари Игнатий Нестеров билан бу масалада суҳбатлашганларида Нестеров Осиё Кубоги давомида терма жамоа шифокорларининг рухсатисиз ва уларни огоҳлантирмай вазн ташлашга ёрдам берувчи дори қабул қилгани маълум бўлган.

«ЎФА Игнатий Нестеровнинг бу хатти-ҳаракатини қоралайди, шу билан бирга футболчининг атайлаб тақиқланган моддаларни қабул қилиш мақсади бўлмаганини, бу дори таркибидаги баъзи моддалар тақиқланганини билмаганини маълум қилади», - дейилади расмий билдиришда.

«Вазн ташлаш бокс, кураш каби спорт турларида спортчига натижага эришиш учун ёрдам бериши мумкин, аммо футболда бу ҳолатнинг натижага эришишга умуман таъсири йўқ.  ОФК мана шу жиҳатларни ҳам ўрганиб чиқиб, Тартиб-интизом қўмитаси йиғилишидан сўнг якуний қарорни қабул қилади. Унгача эса барча оммавий ахборот воситаларидан Игнатий Нестеров бўйича хабар ёзаётганда мана шу жиҳатларга эътибор қаратиш сўралади», – дея якунланган ЎФА баёноти.

Маълумот учун, ҳозирга қадар Нестеров «Уҳуд» таркибида 2 марта майдонга тушди ва ҳар иккала ўйинда жамоаси ғалаба қозонди. Сўнгги турдан ўрин олган «Ат-Таъвун» клубига қарши баҳсда эса қайдномага киритилмади.

Goal SA маълумотига кўра, «Уҳуд» Нестеровнинг ўрнига бошқа дарвозабонни рўйхатдан ўтказишни сўраб, Саудия Арабистони футбол федерациясига мурожаат қилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз