Узбек O'zbek
Шота Арвеладзе: «Ўйин бизнинг назоратимиз остида ўтди»
Сешанба, 12 Феврал
3555

Ироқнинг «Эйр Форс» клубини мағлубиятга учратиб, ОЧЛ саралашининг 3-босқичига йўл олган «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе ва ҳужумчи Марат Бикмаев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Мухлисларга катта раҳмат айтишни истардим. Улар яратган муҳитнинг ғалабада ҳиссаси катта бўлди. Ўйинни тўлалигича биз назорат қилдик, деб ўйлайман. Энг юқори спорт формасида бўлмасак-да, кўплаб вазиятлар яратдик. Улардан етарли даражада фойдалана олмадик, аммо ўз олдимизга қўйилган вазифани уддаладик. Иккинчи бўлимда рақибда биргина имконият бўлди.

Чемпионлар лигасига чиқиб, унда муносиб қатнаша оламиз, деб ўйлайман. Таркибимизда кўплаб ёш футболчилар бор. Ҳамдамов ҳақида фикрим ижобий, у захирадан тушиб, ўйинни кучайтира олди. Яхшибоев машғулотларда ўзини кўрсатмоқда, бугун қўлидан келганча жамоа учун фойдали ўйинчи бўлишга интилди. Жасур бундан юқорироқ савияда ўйнай олади. Шунингдек, Марат Бикмаев ва Жалолиддин Машариповнинг юқори классдаги ўйинчилар экани ҳам бизга жуда қўл келди.

Ҳозир жамоамда ким лидер? Бутун жамоамиз – лидер. Сардоримиз – лидер. Марат, Жалолиддин кабилар – бизнинг етакчиларимиз. Айнан бир киши яққол лидер бўлиши шарт эмас», – деди грузиялик мутахассис.

Арвеладзенинг маълум қилишича, жароҳати бор футболчилардан ҳеч бири катта эҳтимол билан кейинги ҳафтадаги ўйингача тикланиб улгурмайди. Бугунги учрашувда Акром Комилов, Сардор Собирхўжаев ва Марко Симич жароҳати сабаб майдонга туша олмаган эди.

Ўз навбатида, ҳужумчи Марат Бикмаев ҳам мавсумнинг илк ўйини учун стадионга келган клуб мухлисларига миннатдорчилик билдирди.

«Бизни қўллаб турган мухлисларга ташаккур айтаман. Бу биз учун жуда муҳим. Истаган нарсамизга эриша олганимиздан хурсандмиз.

«Пахтакор»га қайтганимдан хурсандман, бу ерда мени жуда илиқ кутиб олишди. Болалигим ҳам шу клубда ўтган», – деди Бикмаев.

Эслатиб ўтамиз, «шерлар» Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиқиш учун саралашнинг сўнгги босқичида БААнинг «Ал-Наср» клубидан устун келиши керак. Ушбу учрашув 19 февраль (кейинги сешанба) куни Дубайда бўлиб ўтади. Жуфтлик ғолиби «D» гуруҳига тушади, бу квартетдан «Персеполис» (Эрон), «Ал-Садд» (Қатар) ва «Ал-Аҳли» (Саудия Арабистони) клублари ўрин олган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз