Узбек O'zbek
Рэмзи «Арсенал» билан хайрлашди
Сешанба, 12 Феврал
5019

11 февраль куни «Ювентус» расмий сайтида «Арсенал» яримҳимоячиси Аарон Рэмзи билан келишувга эришилгани тўғрисида хабар берилди. Уэльслик футболчи 2019 йилнинг 1 июлида инглизлар клуби билан шартномаси муддати якунланиб, туринликлар клуби сафига бориб қўшилади.

Рэмзи итальян клуби билан 5 йиллик шартнома тузади ва унинг йиллик маоши миқдори 23 млн еврога тенг бўлади. «Арсенал» футболчини таркибда сақлаб қолишга ҳаракат қилди, аммо унинг молиявий талабларини бажара олмади.

Рэмзи аввалроқ Мадридда бўлажак клуби учун тиббий кўрикдан ўтган.

«Сиз эшитган бўлсангиз керак, мен „Ювентус“ билан келишувга эришдим. „Арсенал“нинг барча мухлисларига мурожаат қилмоқчиман, улар узоқ вақт давомида мени қўллаб-қувватлаб келишди. Сиз мени ёшлигимдан биласиз, энг қувончли ва қайғули дақиқаларни бирга ўтказдик. Мен ажойиб 11 йилдан кейин қалбимда оғриқ билан Шимолий Лондонни тарк этаман. Барчангизга раҳмат.

Қолган вақт давомида ўзимни 100 фоизга клубга бағишлайман ва клуб билан мавсумни юқори ноталарда якунлашни истайман», — дея ёзган Рэмзи «Инстаграм»даги саҳифасида.

Рэмзи «Арсенал» сафида 2008 йилдан буён тўп суриб келади. Айни вақтда 28 ёшда бўлган футболчи Англия Премьер-лигасининг жорий мавсумида 22 ўйинда майдонга тушган ва 2 гол уриб, 6 голга узатма берган. У шунингдек, Европа Лигасида уч учрашувда майдонга тушиб, битта гол урган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз