Узбек O'zbek
Ҳаким Фузайлов: «Эртага шиддатли футбол гувоҳи бўламиз»
Душанба, 11 Феврал
4726

Эртага, 12 февраль куни Осиё Чемпионлар лигаси саралашининг иккинчи босқичи доирасида ОКМК ва Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоалари баҳс олиб боради. Олмалиқда ўтадиган ўйин олдидан бугун Тошкентдаги «Лотте» меҳмонхонасида ҳар икки жамоа вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

ОКМК матбуот хизмати хабарига кўра, анжуманда дастлаб «Истиқлол» бош мураббийи Ҳаким Фузайлов ва жамоа сардори Фатхулло Фатхуллоевлар иштирок этишди.

«Бизни жуда яхши кутиб олишди. Учрашув олдидан тайёргарлик кўришимиз учун ҳам барча шарт-шароит яратиб берилди. Бунинг учун мутасаддиларга ташаккур айтаман. ОКМК жамоаси таркиби ҳам худди биз каби тубдан янгиланган. Улар ҳам олдиларига муҳим вазифа қўйишган. Ўйлайманки, эртага шиддатли футбол гувоҳи бўламиз», – дея дастлабки фикрлари билан ўртоқлашди Ҳаким Фузайлов.

- Жамоангиздаги селекция ишлари сизни қониқтирадими?
- Жамоадаги йигитлардан кўнглим тўлади. Селекциялаш ишлари ҳали ҳам давом этяпти. Мураббийларга эса ўйинчи етишмаслиги одатий ҳол.

- Рақиб жамоа ОКМКнинг кучига қандай баҳо берасиз?
- Ўзбекистонда «Локомотив» жамоасида фаолият юритганман. ОКМК ҳақида маълумотга эгаман. Бу йил жамоа ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Таниқли мураббий Миржалол Қосимов бошчилигида Осиё чемпионлар лигасида иштирок этадиган муносиб, кучли жамоа. Ҳар қандай мураббий яхши натижалар кўрсатиш учун жамоага келади. Барчасини ўйин кўрсатади.

- Осиё чемпионлар лигасининг плей офф матчлари бир марталик учрашувдан эканлигига муносабатингиз.
- Бунинг нюанс тарафлари бор. Футбол мухлислар учун ўйналишини ҳисобга олсак, жамоамиз мухлислари учрашувни телевизорда томоша қилишади. Биз меҳмонда, ОКМК ўз уйида тўп суради.

- Тожикистонда футбол соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз.
- Сўнгги пайтларда Тожикистонда футболга катта эътибор қаратила бошланди. Соҳанинг етакчи мутахассислари футболни ривожлантиришга жалб этилди. Болалар футболига алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Бунинг учун махсус дастур ҳам ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, ОКМК–«Истиқлол» учрашуви эртага, Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 16:00да старт олади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз