Узбек O'zbek
Ҳафта ўйинлари анонси. Испанияда Мадрид дербиси, Англияда «Сити»да яна жиддий рақиб
Жума, 08 Феврал
13119

Келаси ҳафтадан Чемпионлар Лигасида плей-офф ўйинларига старт берилади. Кучли бешликда эса, ўйинлар қизғин паллага кирмоқда. Мавсумнинг энг муҳим палласига кириб бораётган топ-клублар яна бир бор ўзларини имтиҳондан ўтказиб олишади. Кейинги хатолар қиймати эса, анча юқори бўлиши тайин.

БОРУССИЯ Д – ҲОФФЕНҲАЙМ (9 февраль, 19:30)

Дортмундликлар 20 турдан кейин 49 очко жамғаришган ва бу кўрсаткич бўйича фақат 2010/11 йилги мавсумдан 1 очко кам натижа кўрсатишяпти, холос. Ўшанда Клопп бошчилигидаги «Боруссия» мамлакат чемпиони бўлганди. Умуман, Бундеслигада 20 ўйиндан кейин 49 ва ундан кўп очко жамғарган жамоалар доим чемпион бўлишган.

Умуман, Лусьен Фавр шогирдлари жуда барқарор юриш қилишмоқда – мавсумда атиги бир мағлубият, сўнгги 6 ўйиндан 5 ғалаба, ашаддий рақиб «Бавария» билан ўртадаги фарқ 7 очкони ташкил қилмоқда. Бу серияни давом эттириш учун навбатдаги рақиб ҳам доғда қолдирилиши керак.

«Ҳоффенҳайм» анча жиддий рақиб, ҳар ҳолда Чемпионлар Лигаси иштирокчиси. Ҳозирда кучли тўртликдан узоқроқда бўлса-да, алоҳида ўйинларда ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата олади. Хусусан, жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашувида, «қишлоқликлар» ҳисобда олдинда боришган ва фақат ўйин охирларида Дортмунд мағлубиятдан қутулиб қолганди. Шунингдек, «Ҳоффенҳайм» сафардаги ўйинларда етти ўйиндан бери мағлубиятга учрамаётганини ҳам таъкидлаш лозим.

Мезбонлар устози ҳали ҳам Мануэл Аканжи хизматларидан фойдалана олмайди. Шунингдек, Томас Делайни, Марсел Шмелцер, Леонардо Балерди, Марвин Ҳитц каби футболчилар ҳам майдонга туша олмайди. Марко Ройс, Санчо ва Пишчекнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида. Келаси ҳафта Чемпионлар Лигасидаги муҳим ўйинни эътиборга олиб, мураббий уларнинг ҳолати билан таваккал қилмаса керак. Ҳоффенҳаймликлар эса, Дортмундга тиззасидан жароҳат олган Лукас Руппсиз ташриф буюришди. Луккас Рибейро эса, Бразилияга, 21 ёшлилар ўртасидаги қитъа чемпионатига йўл олган.

АТЛЕТИКО – РЕАЛ МАДРИД (9 февраль, 20:15)

«Барселона»нинг «қоқилишидан» «Атлетико» фойдалана олмади ва пешқадамга яқинлашиб олиш имкониятини қўлдан чиқарди. «Бетис» майдонида мағлубиятга учраган Симеоне шогирдлари учун бу сўнгги 5 ойда Ла Лига ўйинларида илк мағлубият эди. «Барселона» узоқлашибгина қолмай, «Реал» ҳам пастдан яқинлашиб келмоқда ва агар бу сафар ҳам «Атлетико» мағлубиятга учрайдиган бўлса, учинчи ўринга тушиб кетади.

2019 йилни ўз майдонидаги мағлубият билан бошлаган «Реал» ўзига келиб олди ва кейин, қаторасига 5 ўйинда ғалаба қозонди. Куни кеча эса, Эл-Классикода нафақат мағлубиятга учрамади, балки ўйин борасида «Барселона»га муносиб қаршилик кўрсата олди ҳам. Хуллас, бу ўйинда «Реал» яхши спорт формасида ва кайфиятда келмоқда, деб бемалол айтиш мумкин.

Аммо «Атлетико» айниқса, Испания ички турнирларида «Реал» учун ноқулай рақиблигича қолмоқда. Сўнгги беш ўйинда «Реал» қўшнилар устидан ғалаба қозона олмаган. Испания чемпионати доирасидаги сўнгги 4 ўйин дуранг билан якунлангани ҳам, бу учрашувнинг муросасиз ўтишидан далолат қилади.

Меҳмонлар учун бу сафар осонроқ бўлишининг яна бир сабаби, «Атлетико» таркибида бир қатор етакчи футболчиларнинг йўқлигидир. Коке, Коста ва Савич каби футболчилар жароҳатланган, Годин ва Саулнинг тушиши ҳам сўроқ остида. Бу номларнинг барчаси яхши спорт формасида асосий таркиб ўйинчилари экани ҳаммамизга маълум. «Реал» мураббийи Солари эса, фақат, кечаги кубок ўйинида «Камп Ноу»да жароҳат олган Льоренте ёрдамидан фойдалана олмайди холос.

«Реал» бу ўйиндан уч кун ўтиб, Нидерландияга, Чемпимонлар Лигаси доирасидаги «Аякс»га қарши ўйин ўтказиш учун учиб кетади. Бу борада «Атлетико»нинг омади чопди – уларнинг еврокубоклардаги учрашуви 21 февралга белгиланган.

БАВАРИЯ – ШАЛЬКЕ (9 февраль, 22:30)

Аввалги бўлимдаги илк абзацни давом эттирадиган бўлсак, «Бавария» пешқадамдан 7 очкога ортда қоляпти ва тарихда бундай ҳолатдан чемпионликка фақат икки жамоа эришган. 2007 йилда «Штутгарт», 2009 йилда «Вольфсбург» бундай қийин вазифани уддалашган. Ўтган турда «Байер»га ютқазиб, вазифани мана шундай қийинлаштириб олган Нико Ковач шогирдлари учун Дортмунд билан рақобат қилиш энди осон бўлмаса керак.

«Шальке»нинг ҳам аҳволи у қадар яхши эмас. Икки фронтда курашиш бу жамоага жуда қимматга тушди. Европа Чемпионлар Лигасида гуруҳни муваффақиятли якунлаган Доминико Тедеско шогирдлари ўтказилган 20 учрашувнинг тенг ярмида мағлубиятга учрашди ва ҳозирда етакчилардан кўра, хавфли зонага яқин келиб қолишди.

«Шальке» охирги марта «Бавария» устидан Бундеслигада 2010 йилда, Германия Кубогида эса, 2011 йилда ғалаба қозонган. Шундай бўлса-да, бу икки жамоа ўртасидаги тўқнашув Германияда катта ўйин ҳисобланади. Сўнгги ўн йилда «Шальке» номдор рақиби билан атиги уч марта дуранг, уч марта ғалаба қайд этган бўлса-да, масалан, икки йил олдин февралда Мюнхенда ўтган ўйин 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан тугаганди.

Таркиблар борасида ҳар икки жамоада ҳам муаммо етарли. «Бавария» Роббен, Толиссо, Нойер ва Ренато Саншешнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Меҳмонлар таркибида йўқотишлар кўпроқ – Стамбули, Эмболо, Бёргсталлер ва Настасич каби футболчилар ҳали ҳам тўлиқ тикланиб улгургани йўқ.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЧЕЛСИ (10 февраль, 21:00)

Доимо ўйин сифати ва жамоанинг ривожланиб бориши ҳақида фикр юритишни яхши кўрадиган Пеп Гвардиола сўнгги пайтларда, ҳисоб-китоблар, «Ливерпуль» билан ўртадаги очко фарқлари ҳақида гапира бошлади. Бунинг сабаби ҳам маълум, «Ливерпуль»нинг совринлар учун курашдаги босим борасида муаммоси борлигини назарда тутган Пеп тинмасдан рақибига босим ўтказмоқда. Очколар ҳақида айтиб, «Ливерпуль»ни ҳар ўйинда очко йўқотишдан қўрқиб ўйнашга мажбур қилмоқда. Натижа маълум – икки марта ўртадаги фарқни янада ошириш имконига эга бўлган «Ливерпуль» икки марта дуранг ўйнади – «Лестер» ва «Вест Ҳэм»ни енга олмади. Куни кеча эса, «Манчестер Сити» «Эвертон»ни енгиб, биринчи ўринга кўтарилиб олди.

«Биз биринчи ўриндамиз, аммо «Ливерпуль»нинг қўшимча бир учрашуви бор. Улар «Олд Траффорд»да ғалаба қозонишса, яна биринчи ўринга чиқиб олишади», – деяпти каталониялик мутахассис. Шу билан бирга, масалан, «Манчестер Сити» «Челси»ни ҳам ютиши керак-ку, тўғрими? Гўёки, Гвардиола «энди биз ҳамма ўйинларни ютамиз, «Ливерпуль» чемпион бўлишни истаса, очко йўқотмаслиги керак», демоқчидек.

Лекин «Челси» ҳам анойи эмас. Виллианнинг кетмоқчи экани, Азар билан мураббий тортишувлари, Жирунинг норозилиги – шунча муаммо билан ҳам «Челси» Борнтмутдаги йирик мағлубиятга керакли реакцияни берди – ўз майдонида 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Яъни, лондонликлар ҳар қандай муаммоли вазиятда ҳам жипслашишга ва натижа учун курашишга қодирлар. Бу ўйинда мағлубият эса, «Челси»ни кучли тўртликдан пастга тушириб юбориши аниқ.

«Челси» «шаҳарликлар»га сўнгги йилларда энг ноқулай рақиблардан бири ҳисобланади. Агар суперкубок баҳсини қўшмасак, охирги 5 ўйиннинг атиги 2тасида «Сити» ғалаба қозонган ва бу ўйинларда Пеп шогирдлари атиги 4 гол урган, холос. Яъни, ўртача ҳисобда бир ўйинда биттадан ортиқ гол ура олишмаган.

Пеп Гвардиола Менди ва Компани каби ҳимоячилар ёрдамидан фойдалана олмайди. Аммо бу у қадар таъсир ўтказмаса керак, зеро сафга қайтган Отаменди, шунингдек, Стоунз-Лапорт жуфтлиги жуда ишончли ўйин кўрсатишмоқда. «Челси»да йўқотишлар йўқ. Дарвоқе, бу жамоалар ой охирида Англия Лига кубоги финалида ҳам орани очиқ қилишади.

АТЛЕТИК – БАРСЕЛОНА (11 февралга ўтар кечаси, 00:45)

Бильбаоликлар сўнгги ўн йилда фақат уч марта «Барселона» устидан ғалаба қозонишган, холос. Аммо ушбу афишага кўз тушганда, беихтиёр, муросасиз ва шиддатли тўқнашув бўлишини тахмин қилаверамиз. Биринчидан, «Атлетик»нинг «Реал» ва «Барселона»га қарши ўйинлари ҳам узоқ тарихга эга ва бу ўйинлар ҳам Эл Класико деб аталади (бу уч жамоа айни вақтда Ла Лигадан бирор марта тушиб кетмаган жамоалардир). Иккинчидан, ўша юқорида айтилган уч ғалаба ҳам жуда чиройли ва муҳим паллаларда қўлга киритилган. Масалан, Суперкубок баҳсидаги 4:0 ҳисобидаги ғалаба нафақат «Атлетик» мухлислари, балки бошқаларнинг ҳам ёдидан чиқмаса керак.

Шунингдек, бу жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Ўшанда каталонияликлар кичик инқирозга тушишган ва «Камп Ноу»даги кетма-кет бир қатор ўйинларда ғалаба қозона олишмаганди. Қизиғи, бу сафар ҳам худди шундай паллага келиб қолгандекмиз. «Барселона» мавсумнинг биринчи даврасидагидек даҳшатли кўринмаяпти – «Камп Ноу»даги сўнгги икки ўйинда дуранг қайд этилди. Аввалига, «Валенсия» 2:2 ҳисоби билан бир очко олиб кетган бўлса, уч кун ўтиб «Реал» кубок ўйинида ўзи учун қулай натижа қайд эта олди.

Бу ўйин учун асосий савол – Мессининг майдонга тушиш ёки тушмаслигидир. Зеро аргентиналик ҳужумчисиз «Барселона» бутунлай бошқа жамоага айланишини сўнгги ўйинлар кўрсатиб берди. Усмон Дембеленинг ҳам сафда йўқлиги каталонияликларнинг ҳужум чизиғида жиддий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Месси «Реал»га қарши сўнгги ярим соатда ҳаракат қилди ва ўзини кўрсата олмади. Валверденинг айтишича, у тўлиқ тикланиб улгургани йўқ. Европа футболидаги энг муҳим паллалар арафасида бош мураббий жамоа сардорининг соғлиғини таҳликага қўйишни истамаса керак. Катта эҳтимол билан, Месси бу ўйинни ҳам захира ўрнидиғида бошлаши мумкин.

Мезбонлар таркибида эса, Иньиго ҳали сафга қайтгани йўқ. Топ-ўйинлар қироли, юқорида эсланган ўйинда ҳам «Барселона» дарвозасига ҳет трик қайд этган Ариц Адурис машғулотларга қайтган бўлса-да, учрашувга тўлиқ тайёр бўлмаса керак.

Катта ўйин экани ўз йўлига, «Атлетик» учун ҳозирда очколар ҳам жуда зарур. Турнир жадвалининг иккинчи ярми жуда зич жойлашган. Масалан, бильбаоликлар 12-ўринда кетаётган бўлишларига қарамай, хавфли зонадан атиги 3 очко олдинда, холос. Яъни, биргина мағлубият жамоани сўнгги ўринлардан бирига тушириб юбориши мумкин.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

9 февраль. «Фулҳэм» – «МЮ» (17:30), «Ҳаддерсфилд» – «АРСЕНАЛ» (20:00), «ЛИВЕРПУЛЬ» – «Борнмут» (20:00), «ПСЖ» – «Бордо» (21:00), «Фиорентина» – «НАПОЛИ» (22:00), «Парма» – «ИНТЕР» (10 февралга ўтар кечаси, 00:30);

10 февраль. «ТОТТЕНҲЭМ» – «Лестер» (18:30), «Сассуоло» – «ЮВЕНТУС» (22:00), «МИЛАН» – «Кальяри» (11 февралга ўтар кечаси, 00:30).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз