Узбек O'zbek
ПФЛ Суперлига ва Про-Лига бадали миқдорининг кескин оширилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
Пайшанба, 07 Феврал
3730

Профессионал Футбол Лигаси 2019 йилги мавсум мусобақалари регламентининг ўзгарган лойиҳасини тайёрлаб, клубларга тақдим этди. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, янги регламентга асосан Суперлига ва Про-Лига мусобақасида иштирок этиш учун клублар томонидан тўланадиган бадал пуллари миқдори кескин оширилган.

Хусусан, 2019 йилги мавсум учун Суперлигада иштирок этишнинг бадали 600 000 000 сўм қилиб белгиланган (ўтган йили бу қиймат 500 000 000 сўмга тенг эди). 

Бундан ташқари, Про-Лига А гуруҳида иштирок этиш бадали 250 000 000 сўм, Про-Лига В гуруҳида иштирок этиш бадали 100 000 000 сўм қилиб белгиланган. Ваҳоланки, 2018 йили бу қиймат ҳар иккала гуруҳ учун 40 000 000 сўмни ташкил қилган эди.

Профессионал Футбол Лигаси ўз сайтида бу хабарлар юзасидан изоҳ берди ва қуйидагиларни маълум қилди:

«Суперлигада қатнашиш учун бадал пули (футзал ва аёллар жамоалари инобатга олинмаганда) 2018 йилда ҳам 500 000 000 сўм эди. Футзал ва аёллар жамоалари учун мос равишда 50 000 000 сўмдан бадал пули тўланган. Умумий ҳисобда жамоалар 600 000 000 сўм бадал пули тўлашган.

ПФЛ 2019 йил учун бадал пуллари миқдорини асло оширгани йўқ. Бадал пули 2019 йилги мавсумда ҳам барча жамоалар учун (аёллар ва футзал жамоаларини ҳам инобатга олганда) 600 000 000 сўмни ташкил этади.

Таъкидлаш лозимки, шу пайтга қадар клублар ўйинга борадиган ҳакамлар, назоратчи ва комиссарлар сафар харажатларини қоплаб келишган. Энди ПФЛ клубларни бундай сарф-харажатлардан озод қилади. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб, ҳакам, назоратчи ва комиссарларнинг барча харажатларини ПФЛ тўлаб беради», - дейилади хабарда.

Қайд қилиш жоизки, ПФЛ хабарида Про-Лига клублари учун бадал пули миқдорининг кескин оширилишига ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз