Узбек O'zbek
Жаноб Куперга уч савол
Душанба, 04 Феврал
22551

Ҳар қандай мусобақа ёки натижадан кейин мураббийларга нисбатан кескин фикр қўллаш нотўғри. Худдики, ҳар қандай бош мураббий турнирдан кейин тепага отилиши керак. У пастга тушаётганда «илиб олиш» ёки «илиб олмаслик» ҳам мураббийнинг ўша натижасига боғлиқ. Яъни, ё кўкларга кўтариб мақташ ёки истеъфога чиқариш керак.

Мен бундай фикрларга қўшилмайман. Лекин мураббийнинг ишидан қониқиш унга нисбатан умуман саволлар ёки танқидий фикрлар йўқлигини англатмайди. Қўйида, Эктор Куперга бир қатор саволлар билан мурожаат қиламиз.

Жисмоний тайёргарлик борасидаги муаммо қандай ечилади?

Биз асосан клублар ўртасидаги мусобақаларни кўпроқ томоша қиламиз, мураббийлар ҳам клубларда кўпроқ фаолият олиб боришади. Лекин менимча, футбол ривожидаги муҳим трендлар, услублар, схемалар кўпроқ терма жамоалар иштирокидаги турнирларда илк бор юзага чиқади.

Бунинг сабаби ҳам бор. Терма жамоа мураббийлари ўз ихтиёрларидаги чекланган, мавжуд ижрочилар билан натижага эришишга мажбур. Кўпинча, бу ижрочилар бир миллат, бир мактаб вакиллари бўлганликларидан, оптимал услуб топиш эҳтиёжи пайдо бўлади. Топ-клуб мураббийнинг фалсафасига мос ижрочиларни сотиб олиб бериши мумкин, аммо ҳатто Бразилия терма жамоасини бошқарсангиз ҳам, мураббий сифатида ихтиёрингиздаги футболчиларнинг салоҳияти, устунлик ва камчиликлари билан ҳисоблашишга мажбурсиз.

Хуллас, Эктор Купер тўп билан ва тўпсиз жуда кўп ҳаракат қилишга асосланган, қанотларда тезкорлик муҳим аҳамият касб этадиган ўз футболини қурмоқчи. Савол туғилади, хўш, бизнинг футболимиз вакиллари мана шундай юкламаларга, шу режимга тайёр бўла оладими?

Айтайлик, Япония терма жамоаси сафида Европада тўп сурадиган 14 нафар футболчи бор экан. Уларнинг жисмоний тайёргарлиги, майдондаги кўникмалари Япониянинг Осиё майдонларидаги ўйинлари учун доим тайёр бўлади. Чунки, ўша футболчилар ҳар ҳафта Европадаги чемпионатларда ундан ҳам юқорироқ темпда футбол ўйнаб юрган бўлишади. Бизда эса бундай имконият йўқ. Эртага жаҳон чемпионати саралашида Эрон билан ўйнасак, таркибимиздаги аксарият футболчилар Эрон даражасидаги қаршиликка эмас, «Металлург» ёки «Қўқон»га қарши ўйинларда майдонга тушиб юрган бўлишади. Бу сабаб, аслида, турнирдан кейин Куперни оқлаш учун хизмат қилиши мумкин бўлса-да, турнир олдидан, мураббий бу факторларни ҳам ўз режалари марказига қўйиб олиши шарт бўлади.

Мисол учун, Осиё Кубогида биз биринчи бўлимларни иккинчи бўлимларга қараганда яхшироқ ўтказдик. Тўғри, Уммон билан таблодаги ҳисоб таъсири, Туркманистон билан ҳам биринчи бўлимда ҳаммаси ҳал қилинганди. Япония билан ўйинни жиддий олмасак ҳам бўлади. Аммо Австралияни эсланг. Биз фақат биринчи ва тўртинчи бўлимда рақиб билан тенгма-тенг ўйнагандик. Яъни, ҳар икки жамоа жисмонан ҳали чарчамаган ва икки жамоа ҳам чарчаб бўлган бўлимларда. Тактик томондан, вазифаларнинг тақсимланиши, режа бўйича ҳаммаси тўғри танланганидан далолат қилади бу, лекин мураббий ўз режасини футболчиларнинг жисмоний ҳолатидан ҳам келиб чиқиб қўйиши керак, тўғрими?

Осиё Кубоги олдидан миллий терма жамоамиз Туркияда 14 кун давомида бирга бўлди ва билишимча, жисмоний тайёргарлик ва тикланишларга кўп эътибор қаратилди. Шу ҳолатда ҳам биз жисмоний жиҳатдан Япония ва Австралияга мос бўлолмадик, хўш, жаҳон чемпионати саралаши пайтида биз ана шундай йиғинларга эга бўлмаймиз-ку? Бу муаммони қандай қилиб ечмоқчимиз? Сон Хин Мин ёки Муто эртага Англиядан келиб, индинга терма жамоа мураббийининг юкламаларига тайёр ҳолда бўлади, биздачи? Суперлигадаги юкламаларга ўрганиб қолган футболчи, 3-4 кунда Куперга мослаша оладими?

Бу биз эртага тушиб қоладиган муаммоли ҳолатлардан бири ва бу учун мураббийни айбдор қилмоқчи эмасман. Лекин терма жамоа услуби, ўйнаш принциплари ва майдонда футболчиларга бериладиган вазифаларда бу фактор ҳам ҳисобга олиниши керак. Эртага муҳим ўйинларда ҳам футболчиларимиз чарчаб қолиб, «ҳа тўғри-да, бизникиларнинг жисмоний тайёргарлиги яхши эмас, нимаям қилардик» деган баҳона ўтмайди. Юқорида айтганимдек, айнан ўша ҳолатдаги ўша футболчиларга мос тактика ишлаб чиқиш ва мавжуд шароитлар асосида ишлаш ҳар қандай терма жамоа мураббийига қўйилган талабдир.

Таркибни аниқлаш борасидаги хатолар

Иккинчидан, эътибор берган бўлсангиз, Эктор Купернинг Осиё Кубоги олдидан ўзи учун белгилаб олган оптимал таркиби билан тўртинчи ҳал қилувчи ўйин олдидан бу борадаги фикрлари қирқ фоизга фарқ қилди. Маълум бўлишича, ўнг қанот ҳимоясида Ҳошимов Шораҳмедовдан, ўнг қанот вингери сифатида Ҳамдамов Рашидовдан, ҳужумчи сифатида Шомуродов Бикмаевдан яхшироқ экан. Кримец ва Тўхтахўжаев рокировкасини майли, Егорнинг жароҳати билан боғлаймиз, аммо масалан, Икром Алибоев қанотда эмас, марказда фойдалироқ эканини ҳам биз фақат учинчи ўйиннинг иккинчи бўлимида «билиб қолдик». Австралия билан ўйинда эса, Икром Машарипов ўрнига эмас, айнан марказга, Сидиқовнинг ўрнига тушди.

Бу ҳолатга биринчи сабаб сифатида албатта, ўртоқлик ўйинлари бўлмагани айтилди. Қисман, тўғри. Балки жиддийроқ ўртоқлик ўйинида, мураббий юқоридаги фарқлар олдинроқ юзага чиқиши ва биз Уммон билан янада яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди, балки. Аммо ўртоқлик ўйинлари бўлмагани муаммо эмаслигини Эктор Купернинг ўзи айтди ва жамоаси турнирга бутунлай тайёр эканини билдирди. Аслида бундай бўлиб чиқмагани, албатта, Эктор Купернинг ҳисоб-китобларида хатоликлар бўлганини кўрсатади.

Тўғри, турнир давомида таркиб ўзгариб бориши ва баъзи футболчиларнинг мусобақа давомида кашф этиб борилиши табиий ҳолат. Масалан, ЖЧ-90 тўпурари бўлган Салваторе Скилаччи 1-турда Австрия терма жамоаси билан ўйинда захирадан чиқиб, гол урган ва кейинги ўйинларда асосий таркибда туша бошлаганди. Ёки яқинда ўтган жаҳон чемпионатини олайлик. Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам 1-турда ҳужумда Усмон Дембеле – Гризманн – Мбаппе учлигини туширди. Аммо кейинчалик, Оливье Жиру вариантида тўхталди. Ярим ҳимояда эса, Толиссо ўрнини кейинчалик, оптимал таркибда Матюди эгаллади. Якунда, Франция – чемпион.

Аммо бу ҳолатларни терма жамоамиздаги вазиятда таққослаш қийин. Қайсидир маънода, Шомуродовни Скилаччи ҳолатига ўхшатиш мумкиндир. Чунки айтайлик, Бикмаев Суперлигани жуда юқори савияда тамомлади, Қатар ва Шимолия Кореяга қарши ўйинларда чиройли голлар урди, Бикмаевнинг биринчи вариант экани балки турнир олдидан, биз учунам у қадар кутилмаган бўлмаганди. Лекин бизда фақат бир позиция футболчининг кутилмаганда «чарақлаши» билан эмас, ҳар бир позицияда номзодлар ўзгариб бормоқда.

Франциядаги ҳолат ҳам бироз фарқли. Дембеленинг Жируга алмаштирилиши кадрлар билан боғлиқ алмашув эмас. Аввалига Мбаппе – Дембеле билан тезкор қанотлар ва Гризманн алдамчи тўққизлик ролида, Дешам анча кенгроқ зоналарда ўйнамоқчи бўлди. Кейин эса, Жиру олдинга чиқарилган яққол ҳужумчи сифатида ҳимоячиларга босим қилиб, сал орқароқда, «ярим қанотларда» тўп сурган Мбаппе ва Гризманнга очиқ зоналар ярата бошлади. Яъни, Дембеле ва Жирунинг майдондаги вазифалари тубдан фарқ қиларди. Шунчаки, Дешам турнир давомида «Б-тактика»га ўтиб, ўйнай бошлади. Муҳими, ҳар икки тактика Франция терма жамоаси ишланган ва маромига етказилган, ҳар икки тактиканинг ҳам ўз ижрочилари мавжуд. Бу икки хил тактикада Гризманн ёки Погбанинг ҳам вазифалари ўзгаради, Толиссонинг Матюдига алмаштирилиши ҳам шундай.

Ўзбекистон таркибидаги ўзгаришлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Мавжуд позицияларда номзодлар ўзгарди холос, уларнинг майдондаги вазифалари ҳам, терма жамоамизнинг ўйин услуби, тактикаси, схемаси ҳам ўзгаришсиз қолди. Демак, бу ўзгаришларнинг ягона сабаби, фақат баъзи футболчиларнинг ишончни оқламагани ва бошқа баъзи футболчилар ҳақидаги хулосалар ҳақиқатдан узоқ бўлиб чиққани.  

Таркиб қандай ёшартирилади?

Учинчи мавзу, фақат билвосита Осиё Кубоги билан боғлиқ. Куни кеча ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Осиё Кубоги ва терма жамоамиз келажаги ҳақидаги фикрлари нашр этилди.

 «Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогида мазмунли ўйин намойиш қилди. Гарчи асосий мақсадимиз бўлган Осиё Кубоги ғолиблиги қўлга киритилмаган бўлса-да, футболчиларимиз майдонда Ватан шаъни учун бор кучлари билан ҳаракат қилишди, астойдил курашишди. Айниқса, терма жамоа таркибидаги ёш футболчиларнинг ўйини мени қувонтирди. Улардаги шижоат, ғалабага чанқоқлик, рақибдан чўчимаслик, охиригача курашиш хусусиятлари келажакка умид билан қарашимизга сабаб бўла олади.

 Статистикага назар ташлайдиган бўлсак, терма жамоамиз мазкур мусобақада жами 7та гол киритди. Шулардан 6та голни 25 ёшгача бўлган футболчилар киритгани ҳам эътиборга молик. Элдор Шомуродов 23 ёш, Жалолиддин Машарипов 25 ёш, Жавоҳир Сидиқов, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов 22 ёш. Насиб қилса, булар ҳали кўп йиллар давомида терма жамоамиз таркибида юқори савияда тўп суришга қодир футболчилар. Ёши катта футболчиларимизга ҳам катта раҳмат айтмоқчиман. Улар ўз тажрибалари билан терма жамоамизга кўп фойда келтиришди. Лекин энди терма жамоани ёшартириш вақти келди. Олдимизда жаҳон чемпионати саралаши турибди. Мазкур мусобақага ёшартирилган таркиб билан йўл оламиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Албатта, ёшларнинг ишончли ўйинлари натижасида келажакка оптимистик назар ташлаш табиий, аммо ёшартирилган таркиб бўлиши кераклиги ҳақида фикр билдириш, айниқса, бу бош мураббий эмас, раҳбарият томонидан янграса, қанчалик тўғри?

Бутун дунёдаги барча терма жамоа мураббийлари, деярли ҳамма, терма жамоада ёшидан қатъи назар энг яхши футболчилар тўп суриш керак, деган ақидага амал қилишади. Хусусан, терма жамоамизнинг асосий таркибида тўп сурган Анзур Исмоилов, Одил Аҳмедов ва айниқса, Игнатий Нестеровнинг меҳнати бошқалардан кам бўлмади ва бемалол айтиш мумкинки, улар яқин йилларда ҳам терма жамоамизга фойда келтиришлари мумкин.

Бу менинг шахсий фикрим, ҳар кимнинг ҳам бу борада шахсий фикри бор, масала бунда эмас. Аҳмаджоновнинг фикрлари Купер билан маслаҳатлашган ҳолда айтилдими? Осиё Кубогидан сўнг, баъзи ёши катта футболчилардан воз кечиш фикри унда пайдо бўлдими ёки энди раҳбарият Куперга ёшларга ишонч билдириш мажбуриятини қўядими?

Агар биринчи вариант бўлса, ҳар қандай профессионал мураббий сифатида вазиятга бу тарзда ечим излаш нотўғри эканини Купер билиши керак. Мураббий конкрет қайси футболчидан норози бўлганини очиқ айтиши ва уни жалб қилмаслик масъулияти остида ишлашга рози бўлиши керак. Худди Виталий Денисов билан бўлганидек. Бу ҳақида фақат раҳбариятга ҳисобот бериш ва уларнинг ёрдамида, айтайлик, Одил Аҳмедовдан воз кечишни «ёшларга эътибор бериш» сиёсати билан «суваш» жуда хато стратегия бўлади. Тасаввур қилинг, фақат бир икки футболчидан «қутулиш» қарори «ёшларпарварлик» билан изоҳланиши мамлакатда тўп сураётган жуда кўп ёши катта футболчиларга бўлган муносабатни ёки уларнинг футболга муносабатини ўзгартириб юбориши мумкин. Айтайлик, Носир Отақўзиев ўттиз беш ёшдан кейин кучайиб кетиб, Ибраҳимовичга ўхшаш голлар уришни бошласа нима бўлади? Уни терма жамоага жалб қила олмай қоламизми кейин?

Агар иккинчи вариант бўлса, бу ҳам нотўғри. Бош мураббийга раҳбарият томонидан таркибни танлаш стратегияси бўйича кўрсатмалар бериши яхши эмас. Бундай мунозаралар ҳали Купер тайинланмасидан илгари бўлади, терма жамоани ёшартириш, айтайлик, беш йилдан кейинги турнирга тайёрлаш учун ёшларни ўйнатадиган мураббий изланаётганини, Купердан кутилаётган асосий талаблар ва истаклар, чекловлар муҳокама қилинади. Мураббий бунга рози бўлса, қабул қилади, акс ҳолда таклифга рози бўлмайди. Лекин ишлаб турган мураббийга бундай талаблар қўйиш тўғри эмас.

Таркибни ёшартириш сиёсати гап-сўз билан ёки қайсидир ёши катта футболчидан фақат шу сабаб билан воз кечиш билан ҳал қилинмайди. Бу амалда масалан, ёш футболчиларга яна эътибор қаратиш, муҳим ўйинларда қўрқмасдан уларни синаб кўриш орқали бўлади, шундай амалий қарорлар орқали, ёш футболчиларга мураббийнинг ёки федерациянинг муносабати намоён қилинади. Шунчаки, тақиқ ёки кўрсатма орқали терма жамоа номзодларини қисқартириб юбориш, балки ҳозир ҳамма кутиб турган қарор бўлгандир, чиройли ва ақлли сиёсат кўриниши мумкин – «ана қаранг, Қатар ёшларга эътибор берди ва чемпион бўлди, биз ҳам шундай қиламиз» қабилида, лекин келажакда, муҳим паллаларда зараримизга ишлайди.

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз