Узбек O'zbek
Қатар термаси аъзолари Осиё Кубогидаги ғалаба учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада мукофотландими?
Душанба, 04 Феврал
25458

Ўтган ҳафта Қатар терма жамоаси Осиё чемпиони бўлиб, ўз тарихидаги энг катта ютуқни нишонлади. Ушбу муваффақият ортидан ижтимоий тармоқларда мамлакат амири Ҳамад бин Халифа Ол-Соний жамоа аъзоларига жуда катта туҳфалар тортиқ қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу хабарларда Қатар термасининг ҳар бир футболчисига қуйидагилар тақдим қилиниши айтилади:
– Лондонда квартира;
– 2 млн фунт стерлинг атрофида пул мукофоти;
– умрларининг сўнгига қадар тўланадиган ойлик маош;
– сўнгги русумдаги Lexus автомашинаси;
– амир саройида у билан тушлик.

Катта эҳтимол билан ушбу маълумот миш-миш холос. У дастлаб, 2 февраль куни Яқин Шарқ футболини ёритувчи эронлик фрилансер Сина Саймиан томонидан Twitter`да тарқатилган. Бир қатор ресурслар, хусусан «Fox Sports Asia» сайти ҳам унга иқтибос келтирган ҳолда ушбу янгиликни нашр этган. Аммо айни пайтда Саймианнинг бу твитини унинг саҳифасидан топиш имконсиз: у бу маълумотни ўчириб юборган, шу билан бирга унинг твитига жавоб ёзган тармоқнинг бошқа фойдаланувчиларидан ретвитларни сақлаб қолган.

Таъкидлаш керакки, Қатарнинг «Al-Jazeera» телеканали ҳамда инглиз тилида фаолият юритувчи энг йирик нашрлари – «The Peninsula», «Gulf Times», «Qatar Tribune» кабиларда бу ҳақда маълумот учрамайди.

Шунингдек, юқоридаги манбаларда Осиё чемпионлари қай тариқа мукофотланиши борасида ҳам хабарлар йўқ.

Факт шуки, Қатар амири Ҳамад бин Халифа Ол-Соний терма жамоани Доҳа аэропортида кутиб олиш учун шахсан ўзи чиққан. Қироллик оиласи ва мамлакат раҳбариятининг бошқа аъзоларининг ҳам иштирокида ўтган аэропортдаги тантанали маросимда делегацияни олиб келган самолёт сув салютлари билан қарши олинган, кейинроқ пиротехник салютлардан ҳам фойдаланилган.

Шу билан бирга, ҳарбий оркестр мадҳия ижро этган, мамлакат ҳарбий ҳаво кучларининг Mirage русумли иккита қирувчи самолёти Доҳа осмонида намойишли маневрлар ўтказган, вертолёт амирнинг улкан сурати ва Қатар байроғини олиб учган, ўндан ортиқ кичик самолётлар ҳаво парадида қатнашган. Шундан сўнг жамоа Осиё кубоги билан усти очиқ автобусда Доҳа кўчаларини кезиб чиққан. Чемпионлик шарафига улкан ҳажмдаги байрам торти ва почта маркалари тайёрланган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз