Узбек O'zbek
8 февралдан ҳоккей бўйича Ўзбекистон чемпионатига старт берилади
Шанба, 02 Феврал
2882

8 февраль куни Тошкентда ҳоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланади. Унда фақат пойтахтнинг тўрт клуби: «Бинокор», «Тошкент», «Ҳумо» ва «Семурғ» жамоалари иштирок этади.

Турнирдаги барча ўйинлар «Ice City» мажмуасида бўлиб ўтади. Мажмуа бугун, 2 февраль куни тантанали равишда очилди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, лойиҳа таъсисчилари ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этишди.

Ўзбекистон ҳоккей федерациясининг  Ўзбекистон чемпионатини ташкил этиш департаменти директори Владимир Иванович Сторонкиннинг маълум қилишича, мусобақа 17 ва ундан катта ёшдаги хоккейчилар ўртасида ўтказилади.

«Чемпионат давомида 24 та учрашув бўлиб ўтади. Баҳслар 17 март куни ниҳоясига етади. 20 мартдан бошлаб эса плей-офф учрашувлари бошланади. Унда жамоалар учта ғалабагача кураш олиб борадилар», – деган Сторонкиннинг сўзларини келтирмоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

«Ушбу муз аренаси айни пайтда мамлакатимизда барча халқаро стандартларга жавоб берадиган (дарвоза, ўлчамлар, ёритиш тизими ва кийим алмаштириш хонаси) биринчи ва ягона мажмуа ҳисобланади. Биз бундан жуда хурсандмиз. Агар ушбу арена бўлмаганида биз чемпионат бошланишини ва «Ҳумо» муз аренаси битишини яна кутиб қолардик», – деди Владимир Сторонкин.

Тадбирда рамзий тугмани босиш орқали хоккей бўйича 2019 йилги Ўзбекистон чемпионатига қанча вақт қолганини кўрсатувчи тескари ҳисоб бошланди. Унда МОҚ вице-президенти Аҳмаджон Раҳимов, Ўзбекистон хоккей федерацияси бош котиби Шукрулло Маҳмудов ва спорт федерациялари вакиллари қатнашишди.

Шундан сўнг музда ёш хоккейчилар иштирокида кўргазмали чиқиш намойиш этилди. Кейин эса «Бинокор» ва «Тошкент», шунингдек, «Ҳумо» ва «Семурғ» жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот учун, 16 000 кв.м майдонда қад ростлаган ушбу «шаҳарча»да қор ўйнаш, сноубордда учиш ва хоккей ўйнаш мумкин. Муз саройида мухлислар учун алоҳида трибуна ҳам ташкил этилган. Ҳудудда +18 даража илиқлик ушлаб турилади.

Тошкентдаги «Humo Arena» муз саройи белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмайди

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз